Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Бухорода махсус дўкон очилди


Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳожатманд қатламларини давлат томонидан қўллаб- қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга ошириб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда бир қатор тизимли ишлар олиб борилаётган бўлиб, лойиҳанинг навбатдаги босқичига кўра республиканинг турли ҳудудларида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш учун махсус енгил конструкцияли кўчма дўконлар тайёрланиб, ҳудудлардаги аҳоли гавжум бўлган савдо объектларига имтиёзли тартибда жойлаштирилиши тизимли равишда таъминланмоқда.

Шунга кўра, жорий йилнинг 16 февраль куни Бухоро Марказий деҳқон бозори ҳудудида вилоят адлия бошқармаси ва Ногиронлар жамияти томонидан вилоят ҳокимлиги, шаҳар ҳокимлиги, бозор маъмурияти билан яқиндан ҳамкорликда махсус дўконнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган имконияти чекланган юртдошларимизнинг маҳсулотларининг сотуви йўлга қўйилди. Уларнинг орасида сотувга қўйилган турли зардўзлик, тўқимачилик, тасвирий санъат намуналари бозорга ташриф буюрган фуқароларга жуда манзур бўлди.

Бозор ҳудудида доимий фаолият кўрсатадиган бу дўкон хизматидан авваламбор ногиронлиги бўлган тадбиркор ва ҳунармандлар мамнун ҳолда иш юритадилар, чунки эндиликда уларинг шахсий ижод маҳсулотларининг харидорлари кўлами тобора кенгайиб бориб, аҳолининг ҳунармандчилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириб боради.

Дарҳақиқат, бу каби хайрли ишларнинг амалга ошириши ногиронлиги бўлган шахсларнинг руҳиятини кўтариб, уларни илҳомлантириш баробарида эртанги кунга ишонч бағишлайди.

Бахром Бахронов,
Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлими бошлиғи