Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Низоларни судгача ҳал этиш мақсадида Апелляция кенгаши ташкил этилганлигидан хабардормисиз?


  Хорижий тажрибада ижтимоий ва ҳуқуқий низоларни судгача ва суддан ташқари бўлган тартибда воситачилик усуллари орқали ҳал қилиш кенг қўлланилади.

Бизнинг амалдаги қонунчиликка кўра юртимизда низоларни судгача ҳал этишнинг турли институтларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд бўлиб, амалиётда қўлланилиб келинмоқда.

Шу билан бирга, давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Айни шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги ПҚ-4754-сон “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур Қарор билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш назарда тутилган.

Бухоро вилоятида Қарордаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 2020 йил 10 июль кунидаги 481-сонли қарори билан Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши таркиби тасдиқланиб, апелляция кенгаши ташкил этилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Ушбу тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.

Апелляция кенгаши жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўришни таъминлайди. Шунингдек, мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради.

Апелляция кенгашининг ваколат муддати белгиланган бўлиб, икки ярим йил муддатга, 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан тасдиқланади.

Апелляция кенгаши аъзолигига амалий тажриба ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган фуқаролар қабул қилинади.

Бунда давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки ходимлари ҳисобланмаган Апелляция кенгаши аъзолари жами Кенгаш аъзоларининг бешдан бир қисмидан ошиб кетмаслиги лозим;

Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Ушбу хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.

Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат органлари тизимида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашининг ташкил этилиши низоларни судгача ҳал қилишни амалга оширишда самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратишда муҳим омил бўлади.

ЖОНИБЕК ТИЛАВОВ,
Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан
тартибга солиш бўлими бошлиғи