Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди


    Тергов ишларини юритишда кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув ҳамда айбга иқрорлик тўғрисидаги институтларни жорий қилиш, жиноят ишида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатларни кенгайтириш мақсадида Президентимиз томонидан жорий йилнинг 18 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ЎРҚ-675-сон қонун имзоланди.

Мазкур қонунга кўра жиноят ишлари бўйича айбга иқрорлик тўғрисида келишув жорий қилинди.

Шунингдек, қонун билан Жиноят процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра:

·        Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш;

·        Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув;

·        Айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтлари жорий қилинди.


Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш – гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, у суд томонидан амалга оширилади. Гувоҳ ва жабрланувчини объектив сабабларга кўра кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қоладиган ҳолларда, уларнинг кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув – жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади. Дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги керак.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув–ўта оғир жиноят ҳисобланмайдиган жиноятлар бўйича айбига иқрор бўлган, жиноятни очишга кўмаклашган ва зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан прокурор билан тузиладиган келишув.

Жиноят ишида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кенгайтирилди:

·        шахс амалда ушланган ёки уни ушлаш билан боғлиқ тезкор – қидирув тадбири якунланган пайтдан бошлаб, у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар ҳимоячи билан холи учрашиши таъминланди;

·        тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан аризалар, тушунтиришлар ва кўрсатувлар олиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судъянинг ёзма рухсатига асосан фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади (ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно).


Шунингдек, Жиноят процессуал кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади (илгари ушбу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган).

Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар тоифасига қуйидагилар киритилди:

·        дастлабки эшитув ўтказилаётган ишлар;

·        ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар;

·        шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган;

·        айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар.

Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.