Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар тизимлаштирилади


 

Бозор иқтисодиёти тамойилларига, халқаро норма ва стандартларга мувофиқ техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва бозор иқтисодиётини ривожлантиришда замонавий ҳуқуқий асосларни шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февлардаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 110-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди, шунингдек бу соҳадаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш бўйича Идоралараро комиссия таркиби тасдиқланди.

Қарорга кўра, Адлия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Идоралараро комиссия ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Лойиҳа офиси ташкил этилади.

Лойиҳа офиси комиссиянинг ишчи органи вазифасини бажаради ҳамда унинг раҳбари ва бошқарув ходимлари Комиссия раиси томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Лойиҳа офиси техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ислоҳ қилиш бўйича илгари тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек, бу бўйича коллегиал органлар фаолиятини методик таъминлайди.

Шу билан бирга, Лойиҳа офиси тадбиркорлик фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бекор қилиш, уларга тегишли ўзгартириш киритиш ёки халқаро норма ва стандартларни имплементация қилиш бўйича асослантирилган таклифларни Идоралараро комиссияда кўриб чиқиш учун киритади.

Идоралараро комиссия, 2022 йил 1 январга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш, шу жумладан, мақбуллаштириш, халқаро норма ва стандартлар билан уйғунлаштириш, замонавий талаблар асосида мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.