Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркор ҳимоясининг биринчи босқичи

Дата: 12.08.2014    

ЮРИДИК шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш улар фаолиятини йўлга қўйишда бошланғич босқич ҳисобланади. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш, рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ўта жиддий аҳамиятга эга жараён бўлиб, бунда рўйхатга олувчи органларнинг ҳамжиҳатлиги ва ўз ишини сифатли бажариши муҳим саналади.

Мамлакатимиз қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг қулай шароитларини таъминлашга қаратилган қоидалар мустаҳкамланган. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш борасида бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этишни камайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинган, давлат рўйхатидан ўтказишнинг хабардор қилиш тартиби ва “бир дарча” тамойили асосида тегишли рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби амалга киритилди.

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, экспорт товарларини божхонада расмийлаштириш тартиб-таомиллари сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 августдаги 347-сон қарорига асосан тадбиркорлик субъектлари бўйича аризани кўриб чиқиб, рўйхатдан ўтказиш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор 7 иш кунидан кечиктирмай қабул қилиниши белгиланган бўлса, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Президентимизнинг 2006 йил 24 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, асосий фаолият тури лицензия талаб қилмайдиган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш масаласи 3 иш соатида ҳал этиладиган, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 2 иш кунида давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома берилиши мус­таҳкамлаб қўйилди.

Ҳозирги халқаро амалиётда қабул қилинганидек, регламентга солувчи тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, арзонлаштириш ва қисқартириш, давлат ва назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бевосита мулоқотсиз электрон шаклларини ҳамма жойда кенг татбиқ этиш мақсадида Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда уларни интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизми татбиқ этилди.

Шу билан бирга тадбиркорлик субъектлари фаолияти давлат томонидан муҳофаза қилинишини ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида”ги Фармони орқали хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш давлат солиқ хизмати органлари томонидан фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилиши, солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга қўлланилган мораторий 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача узайтирилиши (юридик шахсларни тугатишдаги, қўзғатилган жиноий ишлар доирасидаги, шунинг­дек, бюджет ва марказлаштирилган маблағлар ва ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно), Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банклар хизматлари учун тўловлар ундириш амалиёти бекор қилиниши белгиланди.

Кичик бизнес субъектларида улар рўйхатга олинган пайтдан бошлаб уч йил мобайнида солиққа оид режали текширишлар ўтказилишини тақиқловчи тартиб жорий этилди. Давлат томонидан харид қилишнинг янги, янада такомиллаштирилган, очиқ ва ошкора механизми ўрнатилганки, бунда кичик бизнес субъектларига афзаллик берилади. Барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига босқичма-бос­қич ўтказиш бошланди.

Мухтасар қилиб айтганда, тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили қонун даражасида жорий этилиб, мамлакатимизда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишлари учун ҳуқуқий база яратилган. Ўз навбатида, адлия органлари асосий эътиборни қонун ҳужжатлари нормаларининг ижро этилишига, жойларда қулай инвестиция муҳити шакллантирилишига жиддий эътибор қаратмоқда. Зеро, юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, пировардида аҳолининг фаровон турмушини таъминлашда ушбу омиллар долзарб аҳамият касб этади.

Шоҳжаҳон ЭРГАШЕВ, Бухоро вилоят адлия  бошқармаси маъсул ходими