Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Аёл шаъни, қадр – қиммати даҳлсиз

Дата: 21.08.2014    

“Аёлни улуғламоқ-оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ демакдир. Зеро оилани ҳам жамиятни ҳам бирлаштириб, унга файзи - барокат киритадиган, хонадонларимизни меҳр- муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир”

И.А.Каримов

Аёл ҳуқуқи, уларнинг дахлсизлиги ҳамда ҳимояси Конституциямизнинг кўплаб нормаларида кўзга ташланади. Жумладан, Конституциянинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати ва бошқалардан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, деб кўрсатилган бўлиб, мазкур конституциявий норма биз қураётган фуқаролик жамиятимизнинг асоси бўлмоғи лозим, аёллар ҳам оилада, ҳам жамиятда эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишлари керак. Мазкур қоида Оила кодексининг 2-моддасида ҳам мустаҳкамланган бўлиб, унга кўра оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр-хотиннинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари тенглиги, оилада болалар тарбияси ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойилларига асосланади.

Ҳозирги кунда айрим жойларда Конституциянинг мазкур моддаси талаблари бузилаётган ҳолатлар учраб турибди. Бунга мисол қилиб, қизларнинг мажбуран турмушга узатилаётганлиги, оилада уларнинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари поймол қилинаётганлиги, вояга етмаган болалар ҳамда меҳнатга лаёқатсиз аёлларнинг таъминоти ҳуқуқий ҳимояланмаётганлиги, айрим иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмаслик ҳолатлари ва бошқалар. Бизнинг халқимиз онгига сингиб кетган ота-боболаримиздан қолган урф-одатлар, ислом динининг таъсири кучли бўлиб, аёлнинг вазифаси фақат ота-онани, катталарни ҳурмат қилиш, эрга, қайнона-қайнотага сўзсиз равишда бўйсуниш, кўпроқ уйда ўтириб, бола тарбияси билан шуғулланишдангина иборат деб ҳисобланади. Албатта ёши улуғ кишиларнинг ўгитларига амал қилиш, оила ришталарини муқаддас билиш, ота-она, қайнота-қайнота хизматида бўлиб, уларга доимий ғамхўрлик қилиш каби ижобий урф одатларимиз ҳам бор ва уларга амал қилиш лозим . Лекин шуни эсда сақлашимиз керакки Ўзбекистон диний эмас, балки дунёвий давлат ҳисобланади. Бундан ташқари, бизнинг асосий мақсадимиз фуқаролик ҳуқуқий жамият қуриш бўлиб, бундай жамиятда инсон ҳуқуқи ҳар қандай нормалардан, урф-одатлардан юқори туради, унинг шаъни, қадр-қиммати дахлсиз ҳисобланади.

Конституциямизнинг 9-бобига асосан аёллар эркаклар каби мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, ижтимоий таъминот олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда билим олиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Лекин чекка қишлоқ жойларида ҳали ҳамота-оналар томонидан қизларни турли ўқув юртларига ҳатто мактабларга ҳам ўқишга юбормаслик ҳолатлари учраб турмоқда. Бундай аёллар кейинчалик ўз рўзғорини боқиш учун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг мураккаб юмушларни ҳам бажаришларига тўғри келмоқда. Уларнинг аксарияти мактабнинг 9-синфини зўрға тугатиб, кейинчалик умуман бирорта таълим муассасасига ҳам қатнамаган. Мактабларда бу қизларни, уларнинг тўлиқ таълим олишини мактаб мутасаддилари назорат қилишмайди, ота-оналар билан етарлича тушунтириш ишларини олиб бормайди. Бундай қизлар ҳали вояга етмасдан туриб, ота-оналар томонидан эрта турмушга берилади. Бу қизларнинг ҳали никоҳ қуриш ёшига етмаганлиги сабабли фақат диний расмдаги никоҳ ўқилади. Фақат бола туғилгандан кейин ёки бошқача зарурат туфайлигина никоҳни қайд этиш ҳақида ФҲДЁ органларига мурожаат қилишади.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Оила кодексининг 18-моддасига кўра никоҳ ФҲДЁ органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб қонуний бўлиб, никоҳни тузганлар эса эр-хлтин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади. Оила кодексининг 13-моддасига кўра диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Оилада болалар тарбияси, уларга таълим-тарбия бериш, таъминлаш ва оилавий турмушнинг бошқа масалаларини эр-хотин биргаликда ҳал қилишлари лозим ҳамда ҳар иккиси ҳам боланинг келажаги учун бирдек масъул ҳисобланади.

Аёллар шахсий-номулкий, ижтимоий ҳуқуқлари баробарида мулкий ҳуқуқлари бўйича ҳам эркаклар билан бир ҳил имкониятларга, ҳуқуқларга эгадирлар.

Республикамизнинг шунга ўхшаш жуда кўплаб қонун ва қонун ости ҳужжатлари аёл ҳуқуқини ҳимоялашга, унинг оила, жамият ва давлат олдидаги роли ва нуфузини оширишга, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган. Лекин қонунлар қанчалик чиройли, мукаммал ишлаб чиқарилган бўлсада, лекин унинг амалда ижроси таъминланмаса, бундай қонунлар халқ учун, айниқса аёллар учун ҳеч қандай аҳамият касб этмай қолади. Ҳар бир қонун халқ манфаатига, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари хуқуқларини кафалатлаб, ҳимоя қилишга хизмат қилиши керак. Қонунлар ижро механизмини яратиш, уларни халқ оммаси онгига чуқур сингдириш, келажак авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, аёлларнинг ҳуқуқий онг ва билим савиясини юксалтириш каби мақсадли вазифаларни бажариш бизнинг – яъни хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла, ўқув юртлари ва бошқа мутасадди органлар зиммасига юклатилган улкан масъулиятдир.

Бундай кенг кўламдаги ишларни олиб бориш учун биз ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишимиз, ҳамжиҳатликда юқоридаги муаммоларни ечимини топиб, уларни бартараф этишимиз, энг чекка қишлоқ жойларида ҳам аёллар ҳуқуқлари мавзуларида ҳуқуқий тарғибот ташвиқот ишларини кўпроқ ўтказишимиз лозим.

Келгуси авлоднинг баркамол бўлиб етишиши айнан бугунги ёш қизларимиз, аёлларимиз қўлида эканлигини унутмаслигимиз керак.

Фируза Ҳакимова, Пешку туман ФҲДЁ бўлими мудираси