Очиқликнинг ҳуқуқий асослари
Дата: 08.09.2014
Мамлакатимиз Конституциясида Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги ҳақидаги муҳим норма мустаҳкамлаб қўйилган. Қолаверса, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида ҳам давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбур эканликлари белгилаб қўйилган.
Maмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги Қoнун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш сари қўйилган демократик қадамлардан бири саналади.
Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборотдан фойдаланишини таъминлашга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун жавобгарлигини оширишга, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш тартибини белгилашга доир асосий вазифалари белгиланган ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг принциплари тартибга солинган.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур Қонунда ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари белгиланди. Қонун қабул қилингунга қадар фаолиятга доир сўровлар амалдаги “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган бўлса, эндиликда ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Хусусан, бундай ҳуқуққа эга бўлган мухбирлар бўлажак мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар ҳақидаги ахборотни олдиндан олиш, аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда аккредитация қилувчи органнинг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларида бўлиш, ўзини аккредитация қилган органлар томонидан ўтказиладиган мажлислар, кенгашлар, брифинглар (матбуот конференциялари) ва бошқа тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Қонун нормалари асосида Адлия вазирлиги ҳузурида эксперт гуруҳи ҳамда аккредитация комиссияси иш бошлаб, комиссия хулосасига кўра 35 нафар марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Ҳозирда ҳудудий адлия органларида ҳам маҳаллий оммавий ахборот воситаларини аккредитация қилиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Қонун ижроси юзасидан ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Қонунни амалга оширишга қаратилган зарурий чора-тадбирлар белгиланиб, ижрога қаратилди ҳамда вазирлик фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича ўтказилаётган тадбирларни мониторинг қилиш ҳамда доимий равишда комплекс баҳолаш бўйича ишчи гуруҳи шакллантирилди. Шунингдек, вазирлик расмий веб-сайтида жойлаштириладиган ахборотлар рўйхати, адлия органлари ва муассасалари фаолиятига оид ахборотлар рўйхати, фаолиятга доир чекланган ахборотлар рўйхати, ахборотдан фойдаланувчиларнинг адлия органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиш тартиби тўғрисидаги ҳамда Адлия вазирлиги фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш тартиби тўғрисидаги Низомлар тасдиқланди.
Вазирлик фаолияти билан боғлиқ бўлган маълумотлар унинг расмий веб-сайтига мунтазам жойлаштириб борилмоқда ва бу орқали амалга оширилаётган ишлар ҳақида аҳолини тизимли равишда тезкор тарзда хабардор қилиш имкониятидан самарали фойдаланилмоқда.
Ҳуқуқий ахборотнинг ҳамма учун очиқлиги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қатори адлия органлари ҳамда муассасалари фаолиятининг ҳам асосий йўналишларидан биридир. Вазирлик томонидан оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйишга ва бу алоқаларни доимий равишда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фаолиятга оид зарур маълумотлар тўғридан-тўғри электрон шаклда қабул қилиниб тегишлилигига кўра, ОАВга электрон шаклда юборилиши йўлга қўйилган, бу эса ахборот алмашинуви тезкорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Адлия вазирлиги 2012 йилда ўзининг “Adliya. uz” янги дизайндаги сайтини ишга туширди. Ушбу веб-сайтга маълумотлар фойдаланувчилар учун самарали бўлиши учун, алоҳида саҳифалар орқали тизимли тарзда жойлаштирилган. Яқинда унинг мобиль кўриниши, кўзи ожиз фуқаролар учун шакли ишга туширилди.
Ушбу, веб-сайтда фуқаролар ва юридик шахслар бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг таъминланишини сўраб, адлия органларига мурожаат қилиши ҳамда мурожаат натижаларини ҳам бевосита сайт орқали олиш ҳуқуқлари кенгайтирилган. Сайтнинг интерактив хизматлар саҳифасида фуқаролар ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатиш, бу борадаги давлат хизматларнинг турлари ва нархлари жойлаштирилган.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу Қонун энг аввало, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилиб, фуқароларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг давлат органалари фаолиятига оид ахборотлардан хабардор бўлиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилди.
Тоҳир Саидбобоев, Адлия вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари