Демократиянинг ноёб тизимиижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар ташаббускори
Дата: 15.09.2014
Демократик ривожланишнинг барча жабҳаларида чуқур ислоҳотлар йўлини танлаган Ўзбекистон дунёнинг демократик ривожланган давлатлари қаторига қўшилиш, халқини муносиб турмуш шароити билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда бошқа фуқаролик институтларининг фаолиятини тартибга соладиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Конституциямизда давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиши учун ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши мустаҳкамлаб қўйилган. Қомусимизнинг ушбу қоидаларини ривожлантириш борасида кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва шу тариқа фуқаролик жамияти институтлари ҳақида миллий қонунчилик тизими шакллантирилди. Айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий-техник чора-тадбирларнинг яхлит тизими белгиланган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”даги вазифаларнинг амалга оширилиши ушбу муҳим соҳада демократик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур ҳужжатда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини кенгайтириш, ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашга доир муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчиллик билан босқичма-босқич рўёбга чиқариш, шунингдек, ННТ тизимини кенг ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг 2013 йил 12 декабрдаги “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Шу асосда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2013 йил 12 декабрдаги ПҚ-2085-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига кўра, “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”, “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек, уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”лар тасдиқланди.
Фуқаролик институтларини шакллантириш ва эркин ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар, иқтисодий ҳамда ҳуқуқий кафолатларни яратиш, демократик туб ўзгаришлар ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳасини эркинлаштиришда уларнинг фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Истиқлолимизнинг дастлабки йилларида мамлакатимизда қарийб 250 та нодавлат нотижорат ташкилот фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 8 мингга яқинлашди ва янада кўпаймоқда. Хусусан, Бухоро вилоятида жамият ҳаётининг турли соҳаларида 550 дан ортиқ (01.04.2014 й. ҳолатида 563 та) нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Бу кўрсаткич 2010 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўпайган.
Жамиятни сиёсий янгилаш ва ислоҳ этишнинг бугунги босқичида фуқаролик институтлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизни демократик янгилашда уларнинг роли ҳамда аҳамиятини кучайтириш улар мустақиллигини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ўзбекистонда мазкур демократик жараённи давлат томонидан рағбатлантириш бўйича ноёб тизим фаолият кўрсатмоқда.
2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. Аксарият халқаро экспертларнинг фикрича, бу — энг демократик тамойилларга асосланган ноёб ва мустақил тизимдир. Фонд маблағлари нодавлат нотижорат ташкилотларнинг аризалари, шунингдек, Парламент комиссиясининг қарорига асосан ушбу ташкилотларга бевосита ажратилмоқда.
2008-2013 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа фуқаролик институтларига уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат бюджетидан ушбу фонд орқали 27 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Бу маблағларни грант танловларини ўтказиш, субсидиялар ажратиш ва ижтимоий буюртмаларни жойлаштириш орқали тақсимлаш механизми яратилди. Бугун мамлакатимизда кўплаб ижобий ўзгаришларни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланган фуқаролик институтлари ташаббусларини бу тарзда қўллаб-қувватлаш асосида соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, баркамол авлодни тарбиялаш соҳасида юзлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Масалан, Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган, яъни давлат гранти соҳиби бўлган Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган ННТлар сони, 2011 йилда 5 тани ташкил қилиб, уларга 74 миллион сўм атрофида, 2012 йилда 16 тани ташкил қилиб, уларга 221 миллион сўм атрофида, шунингдек, 2013 йил давомида 11 тани ташкил қилиб, уларга жами 148 миллион сўм атрофида грант маблағлари ажратилганлиги фикримизнинг тасдиғидир.
Республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган изчил сиёсат фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни ва аҳамиятини тобора оширмоқда.
Акрам ХАЛИЛОВ, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи