Оила қўрғонини бардавом сақлашйўлида яратилаётган имкониятлар
Дата: 23.09.2014
ЗАМИНИМИЗДА қадимдан миллий урф-одатлар ва анъаналаримизни ёш авлод онгига сингдиришда, уларни жисмонан соғлом ва баркамол, маънан етук ва меҳр-оқибатли инсон қилиб тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим.
Оилани мустаҳкамлаш дунё даражасига кўтарилган масалалардан бири. Оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига эришиш мақсадида БМТ Бош ассамблеяси 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 майни ҳар йили Халқаро оила куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Оила мустаҳкамлиги учун аёл ҳам, эркак ҳам бирдек масъулдир. Бироқ никоҳи бузилаётган оилалар мавжудлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шу боис инсонпарвар қонунларимизга никоҳ муқаддаслиги тамойиллари сингдирилганки, улар ахлоқий ҳуқуқни ҳимоя қилади.
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан камида 500 та оила яшаётган маҳаллаларда, қишлоқ ва овулларда диний-маърифий ҳамда маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилгани оилани мустаҳкамлаш йўлида яна бир жонкуярлик бўлди. Бундан ташқари, ёшлар ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятига эга бўлган шахсларга банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.
Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлашда сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш билан бирга, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, инсон саломатлигини зарарли таъсирлардан ҳимоялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом”нинг ижроси оилаларни мустаҳкамлаш ва соғлом фарзанд туғилишида тиббий кўрикнинг аҳамияти катта эканлигини кўрсатади. Президентимизнинг 2007 йил 18 майдаги “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан ёш оилаларни имтиёзли кредитлар асосида уй-жой билан таъминлаш тизими жорий этилди, шунингдек, барқарор даромад манбаларини шакллантириш механизмлари ва рағбатлантириш омилларини яратиш ҳамда уларнинг маиший шароитларини яхшилаш мақсадида қатор вазифалар белгиланган. Янги иш ўринларини очиш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ташкил қилиш, уй-жой қуриш, таъмирлаш, сотиб олиш, уй хўжалигини йўлга қўйиш, мебель ва бошқа товарлар сотиб олиш учун ипотека, истеъмол кредитлари ажратилмоқда. Фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органлари орқали кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга тўй маросимларини ўтказиш учун моддий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилгани ҳам ёш оилаларнинг мустаҳкам ва моддий барқарор бўлишига асос бўлмоқда. Шу билан бирга ёш оила аъзолари даромадларини солиққа тортишда ҳам имтиёзлар белгиланган.
Бундай саъй-ҳаракатларнинг барчаси оилаларимиз мустаҳкамлиги, соғлом авлодни тарбиялаб, вояга етказиш борасида муҳим омил ҳисобланади.
Зубайда ҚУРБОНОВА, Бухоро шаҳар 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси