Нотариат институтида ислоҳотлар одими
Дата: 09.10.2014
Ўзбекистон Республикасида кучли ижтимоий ҳимояга асосланган бозор иқтисодиётининг жорий қилиниши турли хил шаклдаги мол-мулкларнинг эркин муомаласи ва турли субъектларнинг фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратилди.
Бу борада нотариат институтини такомиллаштириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки нотариат институти фуқаролик ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасида келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш мақсадида улар ўртасидаги нормал муносабатларнинг қонун доирасида бўлишини нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан таъминлайди. Шу сабабли фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг нотариал ҳаракатларни амалга оширишга доир ваколатлари нотариусларга ўтказилди.
Юртбошимизнинг алоҳида эътибори билан бугунги кунда нотариат институтининг замон талаби даражасида фаолият юритиши таъминланди, яъни давлат нотариал идораларидаги шарт-шароитлар яхшиланди, нотариал идораларнинг моддий-техника базаси қайта кўриб чиқилди, замонавий мебель жиҳозлари ва техника воситалари билан жиҳозланди.
Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларга нотариуслар томонидан малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимини янада самарали бўлишини таъминлаш мақсадида ҳамда бўшайдиган нотариус ўринлари учун етарли заҳирани шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 апрелдаги 105-сон қарори билан стажёрлар сони ҳар бир лавозим бўйича республикадаги нотариуслар умумий сонининг 25 фоизини ташкил этиши белгиланди. Мазкур ўзгартиришга асосан республика бўйича қўшимча 111 та нотариус стажери лавозими жорий этилиб, уларнинг умумий сони 184 штат бирлигини ташкил этди.
Нотариусликка номзод бўлган фуқарога нисбатан ёш цензи 25 ёш этиб белгиланди. Шу билан бирга нотариусликка номзод юридик мутахассислик бўйича камида уч йил муддатли иш стажига эга бўлиши лозимлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Нотариус стажёри учун стажировка муддати 1 йилдан 2 йил муддатга узайтирилди.
Мазкур қонун билан нотариат соҳасида яна бир янгилик “Нотариус қасамёди” жорий этилди, яъни нотариус Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг мажлисида “Нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажаришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан”деб ўз вазифасига киришади.
Шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги қонун белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахслар нотариус бўла олмаслиги тўғрисидаги норма билан мустаҳкамланди.
“Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузганлиги учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади. Нотариус ўз касбий мажбуриятлари бузилиши оқибатида юридик ва жисмоний шахсларга етказган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат томонидан қопланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йил 28 декабрда қабул қилинган “Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 318-сон қарори ҳам нотариат соҳасидаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлиб, зарар давлат томонидан кейинчалик нотариусга тўланган қоплаш миқдорида аксинча талаб (регресс) қўйилган ҳолда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади. Нотариус томонидан қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланганда давлат зарарни қоплашни талаб қилади, етказилган зарар хатога йўл қўйган нотариус ҳисобидан ундирилиши тартиби ҳам Низомда акс этган. Нотариус билан меҳнат шартномасининг тугатилиши уни зарар ва тегишли харажатларни қоплаш мажбуриятидан озод қилмайди. Бу эса нотариусни ўз касб мажбуриятига янада масъулият билан ёндошишга ундайди.
Нотариат соҳасидаги бундай ислоҳотлар республикада амалга оширилаётган барча ислоҳотлар қатори коорупция ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтиришга, халқимиз турмуш тарзини яхшилашга, юртимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Д.Бозорова, Бухоро шаҳар 1- сон ДНИ нотариуси