Давлат ва жамият қурилишида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш
Дата: 09.10.2014
Ҳар қандай демократик давлатда фуқароларнинг эркин фикрлаш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, инсонга ўз фикр-мулоҳазаларини эркин равишда ифодалаш имкониятининг яратиб берилганлиги давлатда шахс ҳақиқий эркинлигининг ёрқин ифодасидир.Ўз навбатида эркин фикрлаш бор жойда фикрлар хилма-хил бўлади ва турли мафкуралар, сиёсий институтлар, ҳаракатлар пайдо бўлиши табиий ҳол.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Модомики, биз демократик жамият қурмоқчи эканмиз, жамиятимизда албатта кўппартиявийлик тизими бўлиши керак.
Бу тизим нима учун зарур, деган саволга мен шундай жавоб берган бўлардим. Кўппартиявийлик, аввало, жамиятимизда ўз манфаат ва қарашларига эга бўлган ҳар қайси ижтимоий қатлам ва гуруҳнинг мақсад ва интилишларини тўлиқ акс эттириш учун керак. Чунки ҳаёт бор экан, инсон бор экан, ҳар қайси тоифа ўзининг манфаатларини қандайдир йўллар билан амалга оширишга ҳаракат қилади, бу ҳаётни қандай ташкил қилиш лозим, инсон, оила қандай шароитда тинч ва бахтли яшаши мумкин, деган масалалар атрофида фикр юритади, керак бўлса, қонуний йўллар билан ўз мақсадларига эришишга интилади.
Шу маънода, ҳар бир партия ўзига бўлган ишончни, куч-қувватни халқ ичидан олади. Шунинг учун ҳам ҳар қайси партия – халқнинг маълум қатлами манфаатларини ифодаловчи сиёсий куч, десак, айни ҳақиқат бўлади”.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, сиёсий партиялар жамият ва давлат қурилишида муҳим ўринга эга бўлиб, улар жамиятимиз тараққиëти учун ўта муҳим бўлган демократиянинг мезони бўлмиш кўппартиявийлик тизимининг жорий этилишида, фикрлар хилма-хиллигини таъминлашда ўта муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода мамлакатимизда кутилаётган парламент сайловларида сиёсий партияларимиз фаоллигиҳамда кўппартиявийлик тизимининг янада изчил намоён бўлиши муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан қаралганда, мамлакатимизда сиёсий партиялар ҳуқуқий мақомини таҳлил қилиш баробарида, бу борадаги баъзи хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Маълумки, сиёсий партиялар фаолият юритиши шакллари ва усулларининг мураккаблашиб бориши, жамият ҳаётида тутган ўрнининг ўсиб бориши, ўз навбатида уларни юридик институционаллаштиришга олиб келади. Сиёсий партияларнинг юридик институционаллашуви – бу сиёсий партиялар мақомининг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилишидир. Одатда юридик институционаллашувда сиёсий партияларнинг қуйидаги элементлари ҳуқуқий тартибга солинади: сиёсий партия тушунчаси, унинг сиёсий тизимда ва давлат механизмида тутга ўрни; сиёсий партияларни тузиш ва тугатиш шартлари, сиёсий партиялар дастурлари ва ғояларига қўйиладиган талаблар; уларнинг молиявий-иқтисодий базаси; сиёсий партияларнинг оммавий ҳокимият органлари билан ўзаро муносабати ва ҳ.к.
Айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари изчил ва босқичма-босқич тарзда шакллантирилиб ва такомиллаштирилиб келинмоқда.
Жумладан, 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши ҳамда унда жами 13 та (10, 12, 32, 34, 56, 57, 58, 60, 62, 106, 108, 112, 120) моддасида сиёсий партиялар билан боғлиқ қоидалар киритилганлиги, давлат ва жамият тизимида сиёсий партияларнинг ўрни конституциявий нормалар орқали аниқ белгилаб қўйилганлигини яққол кўрсатади.
Конституциянинг 60-моддасида сиёсий партияларга оид қуйидаги қоида ўрнатилди: Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар. Бундай мазмундаги алоҳида модданинг борлиги партиянинг давлат ҳокимияти ва жамиятда аниқ ўрнига эга эканлигини таъминлади, ушбу институтнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлади, конституциявий норма даражасига кўтарди дейиш мумкин.
Асосий Қомусимиз асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида” ҳамда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатлари аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ифода этувчи жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар ташкил этилиши ҳамда уларнинг эркин ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунида сиёсий партия тушунчасига қонун даражасида таъриф берилди. Бу ўз навбатида конституциявий-сиёсий тизим учун амалий оқибатларга эга: ўрнатилган норматив таъриф қайси ижтимоий-сиёсий ташкилотлар партиялар сифатида тан олинади, улар қандай функцияларни бажаради каби бирламчи масалаларни ҳал этади. Жумладан, Қонуннинг 1-моддасида қуйидагича норма-дефиниция мустаҳкамланган:Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир.
Сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлашда 2004 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуни муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу Қонуннинг 7-моддасига кўра, сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш назарда тутилган бўлиб, унда “Сиёсий партия, агар у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов якунлари бўйича “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунига мувофиқ Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини олган бўлса, ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади” деб белгиланган.
Мамлакатимизда сиёсий партиялар ролини оширишда 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги конституциявий қонуни муҳим ўрин тутди. Мазкур қонун парламент фаолиятинисамарали ташкил этиш, ижро ҳокимияти органларини шакллантириш ҳамда улар фаолияти устидан назоратни амалга оширишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.
Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши бир томондан ҳукумат ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини оширган бўлса, иккинчи томондан сиёсий партияларнинг давлат ҳокимият органларини шакллантириш ва самарали ишлашига нисбатан таъсирининг кучайишига олиб келди. Натижада,давлат ва нодавлат ташкилотлари сирасига кирувчи сиёсий партиялар ўртасида мувозанат, чеклов ва мутаносиблик тизими яратилишини таъминлаш учун кенг имкониятлар яратилди.
2014 йил 16 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонунининг қабул қилиниши сиёсий партиялар ролини кучайтириш ҳамда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этди. Мазкур Қонун мамлакатимизда охирги ўн йилликда амалга оширилган демократик конституциявий ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлди.
Конституциянинг 32-моддасига киритилган тузатишга мувофиқ, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати институти конституциявий қонун билан жорий этилди. Бу нафақат фуқароларнинг, балки сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишининг муҳим ҳуқуқий механизмлардан бири бўлди.
Конституциянинг 78-моддасига киритилган тузатишга биноан, парламент назорати конституциявий-ҳуқуқий мустаҳкамланди ҳамда сиёсий партияларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш, уларнинг мамлакатни модернизациялаш ва ислоҳ этишнинг стратегик вазифаларини ҳал қилишдаги иштирокини сезиларли даражада кучайтириш имконини берди.
Асосий қонуннинг 98-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади. Бу Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларга ҳукуматнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги энг муҳим вазифаларни амалга ошириш йўналишидаги сиёсатига нисбатан ўз позицияларини аниқ белгилаш ҳамда мамлакатни демократик янгилаш жараёнларида фаол иштирок этиш бўйича ўз ҳаракат дастурларини белгилаб олишларига имконият яратади.
Юқорида келтириб ўтилган қонунлар давлат бошқарувида сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришнинг ҳамда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши аниқ. Илмий изланишлар ва таҳлиллар асосида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мамлакатимизда демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнларини янада жадаллаштиради, деган хулосага келиш мумкин.
Демак, сиёсий партияларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш: биринчидан, ҳар бир давлатнинг демократик стандартларга қанчалик содиқлигини акс эттирувчи ҳамда жамият сиёсий тизимини мустаҳкамлаш ва яхшилаш механизми бўлиб хизмат қилувчи кўппартиявийлик тизимини изчил шакллантириб боришга хизмат қилади; иккинчидан, жамиятимиз ҳаётида ижтимоий-сиёсий фаоллик ҳамда жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади; учинчидан, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мақсадли вазифаларини бажаришда сиёсий партияларнинг ташаббускорлиги, роли, таъсири ҳамда масъулиятини кучайтиради; тўртинчидан,ҳокимиятнинг вакиллик ва ижро этувчи органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлашга эришилади.
Худоёр Маматов, Юридик фанлари доктори