Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Оила – демократик жамият қуришнинг асосий бўғини

Дата: 15.10.2014    

Ўзбекистон ўзининг бозор иқтисодиётига асосланган эркин ва адолатли демократик жамият қуриш йўлида устувор қилиб белгиланган ҳуқуқий давлат барпо этиш, қонунлар устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, кучли ижтимоий ҳимояни қарор топтириш каби асосий йўналишлар қаторида оила институтининг ролини ошириш ва янада мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Бу хусусда мамлакатимиз президенти И.Каримов қуйидагиларни таъкидлаб ўтганлар: “Оилани ижтимоий жиҳатдан қўллаб қуватлашга қаратилганлиги ижтимоий сиёсатимизнинг тамал тошидир. 
Биз давлатимизнинг ижтимоий негизларини, унинг барқарорлигини мустаҳкамлашда, жисмонан бақувват, маънавий бой авлодни – мамлакатимизнинг эртанги куни эгаларини тарбиялашда оиланинг ролини оширишга жуда катта аҳамият бермоқдамиз”.

Истиқлол йилларида бу борада мамлакатимизда қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жамиятимизнинг асосий бўғини бўлмиш оила ва фарзанд камолоти масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса асрий орзуимиз бўлган комил инсонларни вояга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас инсонийлик бурчимизга айланаётганлигининг яққол намунасидир.

Бугунги кунда Ўзбекистон оила институти ривожланишининг тамомила янги босқичига ўтди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида алоҳида бобнинг “Оила”га бағишланганлиги, бугунги кун воқелигини эътиборга олган ҳолда Оила кодексининг қабул қилиниши, айниқса 1998 йил “Оила йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили” ва умуман бошқа йилларнинг ҳам билвосита оилани мустаҳкамлашга қаратилган номлар билан аталиши ҳамда улар юзасидан давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши шулар жумласидандир.

Оилани ўзига xос, кичик бир олам деб оладиган бўлсак, у инсонларнинг табиий, иқтисодий, ҳуқуқий ҳамда маънавий муносабатларига асосланган ижтимоий бирлигидир. Оиладаги эр-xотинлик муносабатлари, улар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятлари, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурч ва вазифалари, оиладаги тинч-тотувлик, меҳр-муҳаббат, одоб-аxлоқ, таълим-тарбия каби инсоний фазилатлар оиланинг мустаҳкам бўлишига xизмат қилувчи омиллардан саналади.Оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодиса бўлиб, унинг ички ишларига ҳеч ким аралашишга ҳақли эмас. Шу сабабли оила муқаддас ва даxлсиз ҳисобланади. Давлат ҳам оиланинг мустаҳкам ва тинч-тотув ҳаёт кечиришини таъминлайди. Кўпчилик мамлакатлар конституцияларида оила институти алоҳида белгилаб қўйилмаган, фақатгина оила муносабатлари айрим қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бу муносабатлар асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XV боб, 63-66-моддаларида ўз ифодасини топган. “Оила боби”нинг Конституциямизда алоҳида белгилаб қўйилиши бизда ушбу институт қанчалик муҳим эканлигидан далолат беради. Ушбу бобда: оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, никоҳ томонларининг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши 
(63-модда); ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамиятнинг етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши (64-модда); фарзандларнинг ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши (65-модда); вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари (66-модда); тўғрисидаги конституциявий тамойиллар ва нормалар шулар жумласидандир.

Оиланинг давлат муҳофазасида эканлиги Республикамизда қабул қилинаётган ва кучга кираётган қонунлар, фармонлар, қарорларда ўз аксини топган. Бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар: “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун, 2007 йилда “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури, шунингдек, “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинган. 
Бу ҳолат юртимизда ёш оилалар доимо давлат ва жамият эътиборида эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. 2012 йил апрелда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, оилаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кам фоиз эвазига кредитлар бериш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, 2014 йилгача оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчи субъектларни турли солиқлардан озод қилиш, ушбу фаолият билан шуғулланувчи субъектлар солиқларни юридик шахс сифатида эмас, балки жисмоний шахслар тўлайдиган миқдорда тўлаши белгиланди.

Шунингдек, 2014 йил “Соғлом бола” йили Давлат дастурида белгиланган соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш учун қонунчиликни янада такомиллаштириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, оилалар ва жамиятда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамни ўз вақтида, манзилли кўрсатиш борасида маҳалла ва бошқа жамоат тузилмаларининг масъулиятини кучайтириш каби бир қатор устувор вазифалар оила барқарорлигини таъминлашга қаратилгандир.

Оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор тузилмасидир. Чунки, бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва аҳлоқан тарбия топади. Оила тарбиясида доимий таъсирчан куч – оилавий тартиб, яъни оила аъзоларининг бир-бирига муносабати, ота-она ва бошқа катта ёшли қариндошларнинг хулқ-атвори, маданий ва сиёсий савияси, муомала маданияти, оиланинг даромади, яъни шароити ана шу каби омиллардир. Оила қанчалик тартибли, хулқ-атворли, унинг аъзоларининг ўзаро муносабатлари самимий бўлса, оила тарбияси ҳам шунчалик самарали бўлади. Тинч, осойишта, фаровон ҳамда соғлом оилада камол топган фарзандлар келажагимиз пойдевори, ишончи ва суянчи бўлади.

З.Ҳамроева, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими