Ўз юртингдан айрилма!
Дата: 27.10.2014
Дарахт бир жойда кўкаради дейди доно халқимиз.Бу гапда улкан маъно бор. Инсон туғилиб камолга етиб, ҳаёт аталмиш бебеҳо нематларнинг қувончу шодлигидан баҳраманд яшамоғи унинг ўзи туғилиб ўсган заминга қанчалик садоқатли эканига боғлиқ. Зеро ҳар бир одамни фақатгина ўз давлати, ўз ватани асрайди, ҳимоя қилади орзу-умидларини рўёбга чиқариб, улкан имкониятлар беради.
Тан олиш керакки, айрим юртдошларимиз буни англаб етгани йўқ. Баъзида “олтин тоғ”ни орзу қилиб, кимларнингда алдовига учиб чет эл давлатларига ишга отланаётганларнинг сони анчагина. Сир эмас ўзга юртларда уларни нима кутаётганлигидан бехабар, таваккал йўлга отланган юртдошларимизнинг аксарияти инсон зоти чидаши қийин бўлган шароитларда ишламоқдалар. Турли алдовлар тузоғига илиниб одам савдоси жинояти жабрини чекаётганлар анчагина.
Келинг баъзи рақамларга мурожаат қилайлик. Шу йилнинг биринчи ярмида Бухоро вилоят Пешку туманидан 4789 нафар фуқаро хорижга ишга кетганлиги аниқланган. Энг ачинарлиси шулардан 680 нафари аёлларни ташкил этади.
Айрим юртдошларимиз одам савдоси жабрийдасига айланишган бўлса, баъзилари мамлакатимиз осойишталигига раҳна солувчи ҳар хил террорчи ва диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қоляпти.
Мана бу мисоллар янада ачинарли. Бухоро вилоят Пешку туманининг ўзида шу йилнинг ўтган олти ой мобайнида хориждан 8 нафар фуқароларнинг мурдаси келтирилди. Бундан ташқари ушбу туманда истиқомат қилувчи 23 нафар фуқаро оғир касалликларга чалинганлиги аниқланган.
Беихтиёр ўйлаб қоласан киши одам савдоси қурбонига айланаётганлар бизга бегонами? Йўқ улар ҳам кимнингдир отаси, онаси, уқаси ёхуд қўшниси. Аммо нега биз уларнинг нотўғри ишга қўл ураётганини, ўз тақдирини, келажагини поймол қилаётганини кўриб ҳам жим турамиз. Гўё бизга даҳли йўқдек бепарво бўламиз.
Хуллас, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш учун ҳуқуқий асос яратилган ва кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо ҳаммамиз ва ҳар биримиз огоҳ бўлиб, атрофимиздаги одамлар тақдирига бефарқ бўлмасакгина кўзлаган натижаларга эришилади.
Бурхон Джамолов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Феруза Ҳакимова, Пешку туман ФҲДЁ бўлими мудираси