Шартномавий муносабатларни такомиллаштириш
Дата: 30.10.2014
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач бозор муносабатлари асосида барча мулк шаклидаги корхоналар ва иқтисодиёт тизимининг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ўртасида соғлом муҳитни янада шакллантирувчи шартномавий муносабатлар мустаҳкамланди. Зеро, шартнома тузмасдан туриб олди-сотди ва бошқа муносабатларга киришиб бўлмайди.
Мазкур шартномаларнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида тўлиқ ёритилиб берилган.
Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда контрактация шартномаси ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятлари билан алоҳида ўрин эгаллайди.
Мазкур Низом билан хўжаликлар билан тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш, моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан тузилган барча турдаги шартномалар туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга кириши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, агар хўжалик томонидан тайёрловчи ташкилотга шартномада назарда тутилганидан юқорироқ сифат талабларига мос келадиган маҳсулот етказиб берилса, у ҳолда тарафларнинг келишувига кўра бундай маҳсулотга юқори нарх бўйича ҳақ тўланишлиги ҳамда хўжалик томонидан сарфланган транспорт харажатларини тўламаганлик учун тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари хўжаликка тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи, бироқ тўлов муддати ўтказиб юборилган сумманинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида пеня тўлашлиги тўғрисидаги янги нормалар киритилди.
Бундан ташқари, келишмовчилик ва низоли масалаларни ҳал этишнинг янги тартиби белгиланиб, қоидага кўра мустақил равишда ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия иштирокида бундай низоларни судгача ҳал этишнинг механизми белгилаб берилди.
Мазкур комиссия низони кўриб чиқишда иштирок этиш пайтида ваколатли давлат органларининг маълумотлари ва ахбороти асосида маҳсулотнинг сифати пасайтирилиши ёки бузилиши ҳоллари юзасидан хулоса, шунингдек енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор) оқибатида ёхуд тайёрловчининг айби билан шартномалар бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун хўжаликларни жавобгарликдан озод қилиш юзасидан хулоса беришлари мумкинлиги белгилаб берилди.
Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш Адлия органлари зиммасига юклатилган. Бу борада Бухоро вилоят адлия бошқармаси ҳам зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва шартномавий ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштиришда ўзининг самарали ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, тузилган ҳар қандай шартнома албатта бажарилиши шарт. Агар томонлардан бирининг айби билан шартнома шартлари бажарилмаса, айбдор тараф бунинг учун белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши лозим.
Хусусан, адлия бошқармаси томонидан 2014 йил иккинчи ярим йиллик иш режасига асосан туманлардаги “Агротехсервис” МТП МЧЖларда шартномаларнинг тузилиши ва бажарилиши аҳволи ўрганилганда, МЧЖлар томонидан айрим фермер хўжаликларининг пул маблағлари асоссиз сақланиб келинаётганлиги аниқланиб, ушбу пул маблағларини фермер хўжаликларига ундириб бериш учун хўжалик судига жами 96 та 115 млн. 57 минг сўм ундириш тўғрисида даъво аризалари киритилди.
Хўжалик суди томонидан ушбу даъво аризалари кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан мазкур фермер хўжаликларига пул маблағларини ундириш белгиланди.
Хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг шартномани тузишда ёки унинг ижросини таъминлашда масъулиятсизликка ёхуд бепарволикка йўл қўйиши нафақат ҳуқуқий таъсир чораларининг қўлланишига балки суд қарорлари асосида асосий қарз билан биргаликда қўшимча давлат божи суммаси ҳамда пеня ва жарима суммаларининг ундирилиши натижасида мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг иқтисодий аҳволига зарар етказилиши биргаликда кейинги шартномавий муносабатларга киришишда ўзаро ишончнинг йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, хўжалик юритувчи субъектлар улар ўртасида тузилган шартномавий муносабатларга масъулият билан ёндошиб, ўз мажбуриятларини шартномада белгиланган муддатларида ижро этишлари ҳамда ушбу соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилишлари юртимиз тадбиркорларининг иқтисодий мустаҳкамлигига хизмат қилиб, давлатимиз иқтисодиётининг янада барқарор суръатларда ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.
У.Ҳаққиев, Бухоро вилоят адлия бошқармаси катта маслаҳатчиси