Вазифалар ва камчиликлар назоратда
Дата: 17.11.2014
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат мажлисида белгилаб олинган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан 2014 йил 9 ойлик давомида амалга оширилган ишлар юзасидан навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов раислигида ўтказилган Ҳайъат мажлисида бошқарма ходимлари ҳамда барча туман (шаҳар) ДНИ нотриуслари ва ФҲДЁ бўлим мудиралари иштирок этишди.
Мажлисда адлия бошқармаси ва тизим муассасалари томонидан 2014 йилнинг 9 ойлиги давомида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида амалга оширилган ишлар якуни ва галдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Бошқарма томонидан 2014 йилнинг 9 ойи давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 159 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилиб, тақдим этилган қарор лойиҳаларидан 130 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 29 та лойиҳа белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган.
Фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, мурожаатларни кўриб чиқиб, ундаги важларни қонуний ҳал этиш ҳар бир давлат идораси ходимининг муҳим ва устувор вазифаларидан ҳисобланади. Ушбу йўналишда ҳисобот даврида бошқарма ходимлари томонидан фуқароларнинг 213 та та шикоятлар кўриб чиқилиб, мазмунан ҳал этилди. Шундан, 93 та шикоят қаноатлантирилди, 120 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
“Ишонч телефон”лари орқали 33 та мурожаатлар қабул қилинди. Шундан 20 таси ёки 64,5 фоиздан ортиғи бўйича мурожаат муаллифларининг ҳуқуқлари тикланиб, 11 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 1 та мурожаат кўриб чиқиш учун бошқа ташкилотларга юборилган, 1 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, чет эл инвестициялари жалб қилинган корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, шартномавий муносабатлар ҳамда бошқа соҳаларда ўтказилган ўрганишлар давомида жами 30 081та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида турли идора ва ташкилотларга жами 332 та тақдимнома киритилган. Киритилган таъсир чоралари натижасида 372 нафар айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 15 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Бу даврда бошқарма томонидан судларга жами 744 265 минг сўмлик 323 та та даъво аризалар киритилди. Ҳисобот даври бошида 36 712 минг сўмлик 46 та даъво аризалари қолдиқ бўлиб ўтган.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқий тарғибот бўйича бошқарма ва қуйи идоралар ходимлари томонидан жами 4 663 марта ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди. Шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали 417 марта чиқишлар қилинди.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим адлия бошқармаси ходимлари ва тизим муассасалари томонидан фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар кескин танқид қилиниб, раҳбарларнинг бу борадаги ахборотлари эшитилди. Жумладан, ижро интизомини мустаҳкамлаш, ишларни тизимли равишда режалаштириш, амалга ошириш, назорат ва мониторинг тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, камчиликларни келтириб чиқарувчи сабаб ҳамда шароитларни аниқлашга етарли эътибор қаратмаётгани, нотариус ва мудиралар томонидан фуқароларни қабул қилишда қўполликларга йўл қуйилаётганлиги танқид қилиниб хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқ ҳамда тавсиялар берилди.
Ҳайъат мажлисида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Б.Шарипов, Тарғибот ва ҳуқуқий маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси