Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Хусусийлаштириш иқтисодий ислоҳотларнинг бош талабидир

Дата: 17.11.2014    

Маълумки, Ўзбекистoн Республикаси ўз мустақиллигига эришган дастлабки кунларданоқ, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда туб ислоҳотлар ўтказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бозор муносабатларига ўтишнинг асосий шарти кўп укладли иқтисодиётни ва рақобатлашиш муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитларини вужудга келтиришдан иборат эди. Мулкчилик масаласини ҳал қилиш, бозорни вужудга келтиришга қаратилган бутун тадбирлар тизимининг тамал тоши бўлиб хизмат қилади. Бу масала социалистик тузумдан кейинги бозор муносабатлари йўлини танлаган мамлакатларда катта аҳамиятга эга бўлган долзарб масаладир.

Шу ўринда Собиқ Иттифоқ давридаги мулкчилик масалаларига эътиборимизни қаратадиган бўлсак, бир неча йил мобайнида иқтисодда умумхалқ мулки деб аталган, аслида эса давлат бюрократик тизимининг ихтиёрида бўлган давлат сектори тўлиқ ҳукмронлик қилиб келди. Мулкчиликнинг хилма-хил шакллари фақат икки турдан: давлат(умумхалқ) мулки, колхоз-кооператив ва шахсий мулкдан иборат қилиб қўйилди. Аслида колхоз-кооператив мулки ҳам бутунлай давлат қўлида эди. Шундай қилиб, барча ишлаб чиқариш воситалари давлатнинг танҳо мулки эди. Бу ҳол реал ишлаб чиқариш қатнашчиларининг ишлаб чиқариш воситаларидан маҳрум бўлишига, эгалик ҳиссининг йўқола боришига, иқтисодий манфаатдорлик ва меҳнатдан рағбатланишнинг пасайишига олиб келди. Иқтисодий жиҳатдан эркин бўлган фуқаро, ҳақиқий мулкдоргина ўз мол-мулкини самарали тасарруф этишдан, ўз бойлигини кўпайтиришдан манфаатдор бўлибгина қолмай, балкимамлакатни бойитишга ҳам қодир бўлади.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб бундай иқтисодий аҳволга барҳам берилди. Президентимиз бошчилигида иқтисодиёт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг режалари ва тамойиллари ишлаб чиқилди. Бу эса мулкий муносабатлар тизимида бир қатор янги қоидалар вужудга келишига замин яратди. Айниқса, бозор муносабатлари қонуниятлари ҳисобланган талаб ва таклиф, рақобат қонуниятлари билан ҳамоҳанг бўлган мулк шаклларининг тенглиги, мулкнинг дахлсизлиги, ҳар кимнинг мулкдор бўлишга ҳақлилиги, мулкдорнинг ўз мулкидан ўз хоҳиш ва манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши каби тамойилларнинг ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланганлиги хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиб берди. Шу ўринда Президентимизнинг “Иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичида энг муҳим ва долзарб вазифа - мулкий муносабатни тубдан ўзгартирмоқдир. Унинг туб моҳияти - мулкни ҳақиқий эгалари қўлига беришни тезлаштириш, тадбиркорлик учун кенг йўл очиб бериш ва мулкдорда янги мулк эгаси ҳиссиётини тарбиялашдан иборат” деган фикрларини таъкидлаш жоиздир. Хусусийлаштириш ушбу ислоҳотларнинг бош шарти бўлиб хизмат қилди.

Мулк ва мулк билан боғлик муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси чиқарган ҳужжатлар, шунингдек қонуности норматив актлар билан тартибга солиниб турилади. Бу ўринда “Мулкчилик тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Taдбиркoрлик фaoлияти эркинлигининг кaфoлaтлaри тўғрисидa"ги қонун ва бошка қонун ҳужжатларини кўрсатиш мумкин.

Мулк шакллари эволюциясининг янги босқичи 31 октябр 1990 йилда“Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши билан бошланди. Бу қонуннинг қабул қилиниши давлатнинг бозор муносабатларига ўтишнинг илк қадами эди. Қонун мулкчиликнинг қуйидаги шаклларини жорий қилди: хусусий мулк, ширкат (жамоа) мулки - давлат мулки, аралаш мулк, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки.

1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси ўзининг мустақиллигини эълон қилиб, 1992 йил 8 декабрда ўз Конституциясини қабул қилди. Конституциянинг 53-моддасига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат мулк шаклларининг ҳуқуқий жиҳатдан тенглигини ҳамда уларнинг, шу жумладан, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кафолатлайди ва муҳофаза этади. Шундай қилиб, хусусий мулк узоқ йиллардан сўнг конституциявий мақомни олди.

Мулкчиликни ва унинг шаклларини мустаҳкамлаб берувчи муҳим ҳужжат бўлиб 1996 йил 29 августда қабул қилинган ва 1997 йил 1 мартдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси ҳисобланади. Кодекснинг 167-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида мулк хусусий мулк ва оммавий мулк шаклларидир.

Давлат мустақиллиги эълон қилингач ва бозорга ўтишнинг ўз моделимиз ишлаб чиқилгач, асосий эътибор хусусий мулкни амалда мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилди, дастлаб мулкчилик ҳақидаги қонун, сўнгра эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясида жамиятимизда бозор иқтисодиёти амал қилишининг зарур шартларидан бири сифатида мустаҳкамланди. Бироқ, хусусий мулкни ривожлантириш имкониятларини амалда мустаҳкамлаб қўйиш бошқаю, бу имкониятларни амалда рўёбга чиқариш бошқа нарса. Равшанки, ярим асрдан ортиқроқ вақт давомида мулкнинг давлатлаштирилган шакллари ҳукмрон бўлиб келган жамиятда унинг хусусий шаклини тиклаш, гарчи юридик жиҳатдан амалга оширилган бўлсада, дарҳол амалга оширилиши мумкин эмас эди. Энг аввало, мулкнинг нодавлат шаклларини вужудга келтириш учун шарт-шароитларяратиш талаб қилинди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг раҳбарияти ислоҳотларнинг дастлабки босқичларида ўз эътиборини мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга қаратди. Кенг кўламда амалга оширилган ана шу жараёнлар, кичик, ўрта ва йирик давлат корхоналарининг турли тадбиркорлик тузилмаларга айлантирилиши ғоят катта аҳамиятга эга бўлди. Хусусийлаштиришнинг дастлабки пайтларидан бошлабоқ, мулкчиликнинг барча шаклларига мансуб корхоналарнинг амалда тенг ҳуқуқлигини жорий этишни таъминлайдиган ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар тизими рўёбга чиқарилди. Нодавлат секторини сунъий равишда чеклаб турадиган юридик ва ташкилий тўсиқлар олиб ташланди. Янги ташкил этилаётган ёки хусусий лаштирилган, эгаларининг мулкига асосланган ёхуд чет эл капиталининг иштирокида ташкил этилган корхоналар учун солиқлар соҳасида қўллаб-қувватлайдиган, рағбатлантириладиган имтиёзлар ва устунликларнинг бутун бир тизими тузилди.

Хусусий мулк билан давлат мулкининг тенг ҳуқуқлилигиниn қонун билан тасдиқлаш тадбиркорлик соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатининг кенгайишига, уларнинг аввалги чеклашлардан озод бўлишига ёрдам берди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 207-моддасида хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг у қонун ҳужжатларига мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи деб таърифланади.

Хусусий мулк тушунчасининг ўзи Ўзбекистон Республикасининг «Мулкчилик тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унда хусусий мулк ўз мол-мулкига хусусий эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидан иборатдир деб кўрсатилган. Хусусий мулкнинг асосий белгиси шуки, хусусий жисмоний ва юридик шахслар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, ижтимоий фондлар ва бошқа нодавлат юридик шахслар бу мулкнинг субъектларидир. Мулкдор мулкка нисбатан ўз ҳуқуқларини хусусий тарзда амалга оширади, яъни у бошқа шахсларнинг розилиги ёки рухсатини сўраб ўтирмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра иш олиб боради.

Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” номли маърузаларида иқтисодий тизимни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш ва иқтисодий соҳадаги мавжуд айрим норматив ҳужжатларни янги таҳрирда қабул қилиш таклифини билдириб ўтганлар. Ушбу таклифлар асосида бир неча қонунлар, жумладан 2012 йил 26 апрелда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, 2012 йил 2 майда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида”ги, 2012 йил 24 сентябрда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор янги қонунлар қабул қилинди.

Ушбу қонунлар авваламбор, юртимизда кичик бизнeс ва хусусий тaдбиркoрликни ривожлантириш ва янада кeнгaйтириш, xусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, мулкдорларнинг мулки дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.


Б.Шарипов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими