Миллий қадриятларнинг ижтимоий тараққиётда сайқалланиши
Дата: 27.11.2014
Миллий қадриятлар халқнинг кундалик ҳаёти ва турмуш тарзида ўзига хос мезон вазифасини ўтайди. Ушбу қадриятлар воситасида турли ҳодиса ва ҳолатларга, янги пайдо бўлаётган фаолият турлари ва расм-русмларга баҳо берилади. Ёш авлоднинг ҳаётий мўлжаллари, “замон қаҳрамони” ҳақидаги тасаввурлари ҳам маънавий қадриятлардан келиб чиқиб шаклланади.
“Халқимиз сарчашмаларининг кўзлари қайтадан очилганлиги, - деб ёзади И. Каримов, - жаҳон маданияти ютуқларига зўр ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг маданий ва маънавий мероси теранлиги ва чуқурлиги англаб олинганлиги, ҳар бир авлоднинг ўз ўтмишига, олижаноб миллий ва диний анъаналарига ҳурмат билан қараш, уларни асраб - авайлаш руҳида тарбияланаётганлиги, айни чоғда ҳозирги замон жаҳон цивилизацияси ва уларга ошно бўлиш зарурлиги равшан англаб етилганлиги - мана шуларнинг ҳаммаси ҳаётбахш бир заминдирки, бизнинг янгиланиш ва халқимизнинг миллий ўзлигини англашини ошириш, аҳолининг сиёсий етуклиги ва фаоллигини кучайтириш борасидаги сиёсатимиз мана шу заминга таянади”.
Миллий маънавий қадриятлар кўп асрлик тарихга эга. Ўзбекистондаги тарихий обидалар, маданий ёдгорликлар ё урф-одат ва маросимларни таҳлил қилиш, буларнинг пайдо бўлиши жуда қадим замонларга бориб тақалишини кўрсатади.Масалан, “Авесто” бундан 2700 йил муқаддам 12 минг мол терисига олтин ҳарфлар билан битилган бу асар пайдо бўлиши учун ундан аввал ҳам камида неча минг йиллик давр ўтганлиги, теран ҳаётий тажриба ва ҳикматлар тўпланганлиги, шубҳасиз. Бу асар юксак маданий ҳаёт, фалсафа ва фан, ҳаттотлик ва муштарийлик ривожланиши натижасида яратилганлиги учун ҳам шу пайтгача ўз қимматини йўқотмади.
Энг аввало, шуни қайд қилиш керакки, қадриятлар жуда сермазмун ва кўп қиррали тушунча. У биринчидан, бирор объектнинг ижобий ёки салбий қимматини ифодаласа, иккинчидан, ижтимоий онгнинг норматив белгиловчи баҳоловчи жиҳатини ифода этади.
Инсоният ўзининг кундалик меҳнати билан яратаётган сунъий нарсалар дунёсида яшайди. Биз яратаётган ушбу моддий ва маънавий бойликлар оламининг гултожи, сараси қадриятлардир. Миллий ғояга асосланган қадриятлар ва қадрият мезонлари кишиларга, уларнинг хулқ-атворини тартибга солиш ва тўғри йўналтиришга хизмат қилади. Бундай ўзига хос бошқаришнинг самарадорлиги кишиларимизнинг миллий ғоя билан боғлиқ қадриятлар оламини билишга боғлиқ. Бугунги кунда илғор давлатлар ҳаётининг демократик тамойиллари ҳам инсон қадрини нечоғли юксакликка кўтариши билан баҳоланади. Мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар, ислоҳотларнинг моҳияти ҳам ана шу тамойилдан келиб чиқади.
Эндиликда минтақамизнинг бой маънавий маданияти, унинг ноёб миллий қадриятлари, бебаҳо фалсафий ва маънавий мероси халқимизнинг руҳияти, маънавиятини янада юксак даражага кўтариш учун хизмат қилмоқда. Жамият тараққиётида, инсон ҳаётида ижтимоий-сиёсий қадриятлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Эркинлик, тенглик, биродарлик инсоният томонидан ҳамиша эъзозлаб, қадрланиб келинган.
Хулоса қилиб айтганда, миллий маънавий қадриятларнинг ҳар бир таркибий қисми халқнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва келажагини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
М.Қўшаева, Ғиждувон туман ФҲДЁ бўлими мудираси