Конституцияда ёшлар ҳуқуқининг кафолати
Дата: 03.12.2014
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси баркамол авлодни тарбиялашда ғоявий-тарбиявий аҳамияти беқиёс. У ёшларда Ватанга садоқат, мардлик, ўзаро дўст - биродарлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади. Айниқса, асосий Қонунимизда халқимизнинг кўп асрлик анъаналари, урф-одатлари мужассамлашгани бош Қомусимизнинг муҳим хусусиятларидан биридир. Унда жамиятнинг барча қатламлари сингари вояга етмаганларнинг ҳам барча турдаги шахсий, сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳукуқ ва эркинликлари кафолатлаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41, 45, 64, 65-моддаларида вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари мустаҳкамланган бўлиб, ушбу моддалар вояга етмаганларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун асос бўлиб хизмат килади.
Зотан, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, ратификация қилинган дастлабки халқаро ҳужжатлардан бири Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция эканлиги ҳам бежиз эмас. Бу болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшларга оид сиёсат давлат сиёсатининг устувор йуналиши эканлигидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари ва субъектлари, ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари қамраб олинган бўлса, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда бола ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ҳокимият ва бошқарув органларининг бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ваколатлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари ва соҳага доир бошқа ижтимоий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ давлат ёшлар ва болалар ташкилотларига моддий ва маънавий мадад беради, уларга нисбатан имтиёзли солиқ сиёсати ўтказилишини таъминлайди. Болалар ташкилотларига, мактаб, мактабдан ташқари муассасалар биноларидан, клублардан маданият саройлари ва уйларидан, спорт иншоотлари ва бошқа иншоотлардан бепул ёки имтиёзли шартлар билан фойдаланиш имконини беради.
Конституциямизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, деб таъкидланади. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган ҳайрия фаолиятларини рағбатлантиради. Амалдаги фуқаролик қонунчилигига биноан ҳам ота-оналар, ҳомийлар ва васийлар болаларнинг, тўла муомала лаёқатига эга бўлмаган шахсларнинг қонуний вакили ҳисобланади. Муомала лаёқати, яъни фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик хуқуқларига эга бўлиш ва уларни бажариш лаёқати у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач, тўла ҳажмда вужудга келади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 100-моддасининг 1-қисмида “Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга таъминот бериши шартдир” деб таъкидланган. Қонун ёшларга қарши қаратилган ижтимоий хавфли қилмишларни жиноят сифатида баҳолаб, уларни Жиноят Кодексининг алоҳида боби “Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар” бобига киритган. Хусусан, Жиноят Кодексининг 122-моддасида вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жиноятига нисбатан, Жиноят Кодексининг 127-моддасида вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш ҳам жиноят сифатида эътироф этилган. Ушбу жиноятнинг объектив томони вояга етмаган шахсни тиламчилик қилишга, спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик ёки психотроп ҳисобланмайдиган, лекин кишининг ақл-идрокига таъсир қиладиган восита ва моддаларни, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп моддаларни истеъмол этишга, вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этишдан иборатдир.
Конституциямизнинг 65-моддасига асосан фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг инсонпарварлик моҳияти шунда намоён бўладики, мазкур асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда жамиятнинг асосий бўғини сифатида оилага катта эътибор берилган ва бу мавзуга алохида боб (XIV боб) ҳам ажратилган. Унда оила жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш хуқуқига эга эканлиги таъкидланади.
Асосий Қонунимизда белгилаб берилган ва кафолатланган деярли барча хуқуқ ва эркинликлар асосан ёшлар ва вояга етмаганлар учундир. Зеро, ёш авлодни ижтимоий ва маънавий жиҳатдан асраб-авайлаш, уларни билимли қилиб тарбиялаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини яратиш давлатимиз олдига қўйган юксак вазифалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида эса билим олиш хуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир.
Шахснинг билим олишга бўлган хуқуқи Конституция асосида қабул қилинган бир қатор қонунларда, шу жумладан, 1997 йил 29 августдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури”да ҳам мустаҳкамлаб қўйилган Ёшлар ўз салоҳиятларидан эркин фойдаланишга, ўз иқтидор ва истеъдодларини тўла намоён этишга ҳақлидирлар. Уларга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддаси). Қонун билан белгиланган ёшга етгач, уларнинг сиёсий ҳуқуқлари доираси янада кенгаяди. Конституциянинг 34-моддасига биноан улар касаба уюшмаларига, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларига уюшиш хамда оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқларига эга бўладилар.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ёшларнинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалардаги ҳуқуқлари Конституция асосида кабул қилинган кўп сонли махсус қонунлар билан ҳам таъминланади. Таълим тўғрисида, тадбиркорлик, меҳнатга оид қонунлар, жамоат бирлашмалари, виждон эркинлиги, жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунлар шулар жумласидандир.
Ўз навбатидап ёшлар ҳам Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган бурч ва мажбуриятларини бажаришлари лозим. Унга кўра, ёшлар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга (48-модда), шунингдек, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини асраб авайлашга мажбурдирлар ( 49-моддаси). Шунингдек атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари шарт. Конституциямизнинг 52-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш -Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир.
. Асосий Қонунимизда ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларининг кенг қамровда кўрсатилиши давлатимизнинг ёш авлодга яратиб берган улкан имкониятларидан далолатдир. Президентимиз иборалари билан айтганда, токи униб-ўсиб келаётган ёш авлод Конституциянинг маъно-мазмунини, у истиқлол йилларида эришилган улкан тарихий ютуқ эканлигини англаб етсин. Токи Конституция биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатьи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя эканлигини ҳис этиб турсин.
Бекзод Шарипов, Зайнаб Ҳамроева Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари