Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Болаларга беринг дунёни !

Дата: 03.12.2014    

Умримизнинг мазмуни, асосий мақсади ва келажагимиз бу – болалардир. Уларни асраб-авайлаш, комил инсон бўлиб вояга етишида иштирок этиш нафақат ота-оналарнинг, балки бутун жамиятнинг бурчидир. Болаларни асраш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида бутун жахонда турли-ҳил чора-тадбирлар кўрилади, конвенциялар, меморандумлар, декларациялар, келишувлар имзоланади.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий томонларини таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу масалага қисман яқинда эътибор ажратилган десак, хато бўлмайди. Бунга эхтиёж аввало 1-жаҳон урушидан сўнг ўта тезлик билан ўсиб кетди. Болалар кучини эксплуатация қилиш оқибатида, болаларни турли касалликларга чалиниши, болалик ўлими даражаси кўтарилиб кетди.

Ушбу муаммони ечиш учун Болаларни қўтқариш Британия уюшмаси ва “Радда Барнен” Швеция жамоат бирлашмаси Аёллар лигаси билан биргаликда 20-аср бошларида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларацияни ишлаб чиқди. Ушбу муҳим ҳужжатда болаларнинг яхши ривожланиши ва яшашини таъминлашга қаратилган шартлар ўз аксини топган бўлиб, унда яшаш, илм олиш, тиббий ёрдам олиш, мажбурий ва оғир меҳнатдан ҳимоя қилиш, қулликка тушишдан, турли ҳил табиий офатлардан ва уруш хавфидан ҳимоя қилишга қаратилган нормалар мавжуд.

Мазкур декларациянинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Женева Декларацияси деб номланишига, унинг Миллатлар Лигасининг 5-ассамблеяси бўлиб ўтган Женева шаҳрида имзоланиши сабаб бўлган.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кейинги босқичига Польша жамоатчиларининг Бола ҳуқуқлари декларациясидаги тамойиллар турли хил давлатлар қонунчилигига сингдирилмагани ва етарлича ёритилмагани, шунингдек ушбу қоидаларга халқаро мақом берилиши кераклиги ҳақидаги кўтарган масаласи сабаб бўлди.

Музокаралар тахминан бир йил давом этиб, БМТ Бош Ассамблеясида ўқиб эшиттирилган маърузаларда ижтимоий стандартларнинг қўпол равишда бузилаётгани, болалар ўлими даражасининг кескин кўтарилиб кетгани, болалар соғлиғини ҳимоя қилишга эътибор қаратилмаётгани ва айниқса қизлар учун илм олишга етарли имкониятлар яратилмаётгани тўғрисидаги ўта жиддий масалалар кўтарилди. Шунингдек, болаларни жинсий алоқага мажбурланаётганлиги, зарарли ишлаб чиқариш соҳасида ишлатилаётганлиги хақидаги маълумотлар келиб тушди, уруш қурбонлари бўлган болалар тўғрисида маълумотлар чоп этилди.

Ушбу муаммони ечиш учун Польшанинг таклифини кўриб чиққан БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Комиссияси томонидан 1979 йил Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳи тайинлади.

Конвенция устида тахминан 10 йил ишланди, ва ниҳоят 1989 йил 20 ноябрь куни Бола ҳуқуқлари декларациясининг 30-йиллиги санасида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция маъқулланди.

Ҳозирги кунда ушбу Конвенцияни дунёнинг 191 та давлати қабул қилган.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган улкан ишлар амалга оширилмоқда. Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг асосий моҳияти ҳам келажак авлоднинг ўсиб улғайишига етарли шарт-шароитни яратиб беришдан иборат.

Ўзбекистон Республикасин Конституцияси нормалари, Олий Кенгашининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш ҳақида” Қарори, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли факультатив протоколга (Нью-йорк, 2000 йил 25 май) қўшилиши ҳақида”ги, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли факультатив протоколга (Нью-йорк, 2000 йил 25 май) қўшилиши ҳақида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2014 йил 19 февралдаги «Соғлом бола йили», давлат дастури тўғрисида»ги қарорлари ва жуда кўплаб бошқа норматив-ҳуқуқий хужжатлар шулар жумласидандир..

БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш саммитида Ўзбекистон ўз олдига қўйган болалар ўлимини қисқартириш, оналар саломатлигини яхшилаш, ОИВ/ОИТС, сил ва безгакни тарқалиб кетишига қарши кураш каби мақсадлари ҳам юртимизда истиқомат қилувчи ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва уларнинг яхши яшашлари учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш каби мақсадларга эришиш учун бугунги кунда кўплаб ишларни амалга ошириб келмоқда. Бунинг натижасини болалар ва оналар ўлими даражасининг охирги йилларда кескин пасайгани, ОИТСга қарши кураш марказларининг лаборатирияларини замонавий жиҳозлар билан таъминлангани, силга қарши сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилгани мисолида кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари, юртимизда турли соҳаларда ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Янги авлод”, “Келажак овози” каби турли йўналишлардаги кўплаб кўрик танлов ва мусобақалар ёшларни соғлом қилиб тарбиялаш, уларни маънан етук қилиб вояга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Юртимизда замонавий талабларга тўлалигича жавоб берувчи мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар, мусиқа мактаблари, спорт мажмуалари, меҳрибонлик уйлари, болалар ижод саройларининг бунъёд этилаётганлиги мамлакатимизнинг болаларга ажратаётган эътиборининг яна бир исботи десак муболаға бўлмайди.

Халқимизнинг менталитети, урф-одатлари ва тарихий меросидан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, бизнинг ҳаётдаги энг асосий мақсадимиз - фарзандларни тарбиялаш, асраб-авайлаш, комил инсон қилиб вояга етказишга бор куч ва шижоатимизни беришдан иборат.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимизда Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган 30 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шу билан бирга, Адлия вазирлигининг “Инсон хуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси” ҳам бола ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўради.

Сиз ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ўз ҳиссангизни қўшишингиз мумкин. Ушбу конвенция, ва Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида ўз танишларингизга ҳам сўзлаб беринг, бола ҳуқуқлари поймол қилинаётган ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз бу ҳақида тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат қилинг. Бола ўз ҳуқуқларини қанча кўп билса, уларга бу борада қанчалик кўп тушунча бера олсак, мамлакатимиз шунчалик кучли, келажак авлод эса комил ва баркамол бўлади.

Гулжамол Шукурова Адлия вазирлиги масъул ходими