Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Адлия саъй-ҳаракати билан фаолияти тикланди

Дата: 09.12.2014    

Бугун мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини шакллантириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг амалдаги қонунчилик ва ўз уставлари асосида фаолият юритиши, давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг доирада ишларни олиб бориш жадаллашиб бормоқда.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича аниқ қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Унда таъкидланганидек, юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик институтлари ролини янада кучайтириш фуқаролик жамиятини шакллантириш, демократлаштириш ҳамда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви бўйича ўз олдимизга қўйган мақсадимизни рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи омилга айланди.

Хусусан, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчиллик билан босқичма-босқич рўёбга чиқариш, шунингдек ННТ тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб- таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорнинг 5-бандига асосан Адлия вазирлигига марказдаги ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда халқаро шартномаларида мустаҳкамланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Адлия вазирлиги ҳамда ҳудудий адлия бошқармалари томонидан қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида доимий равишда тизимли мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Чунончи, жорий йилнинг март ойида адлия бошқармаси томонидан ҳисоб рўйхатига олинган ҳамда фаолият юритаётган ташкилот сифатида адлия бошқармасининг нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳисоб рўйхати реестрида мавжуд бўлган Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Бухоро вилоят бўлими амалдаги қонунчилик нормалари бузилган ҳолда Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекциясининг аризалари бўйича Бухоро вилоят Хўжалик судининг ҳал қилув қарори ва ажримига асосан 
2012 йилнинг сентябрь ойида банкрот деб топилиб, фаолияти тугатилган.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганиш давомида аниқланган қонуний асосларга кўра ҳамда бошқарманинг саъй-ҳаракатлари билан Бухоро вилоят хўжалик судига хат ҳамда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасига тақдимнома киритилди.

Амалдаги қонунчилик нормаларини бузган Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси масъул ходимларига нисбатан тегишли чоралар кўрилди ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Бухоро вилоят бўлимини банкрот деб топиб, ушбу нодавлат нотижорат ташкилот фаолиятини тугатилганлиги ҳақида чиқарилган Бухоро вилоят Хўжалик судининг ҳал қилув қарори ва ажрими бекор қилинди.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Бухоро вилоят бўлими фаолияти тўлиқ тикланиб, нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан паралимпия спорт турларини ривожлантириш ҳамда спортчиларни республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирокини таъминлаш бўйича кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.

Ж.Тиловов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси  маъсул ходими