Тадбиркор — элга мададкор, унинг манфаати қонун ҳимоясида
Дата: 16.12.2014
Тадбиркорликни ривожлантиришнинг самарадорлигини ошириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг амалда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, кенг жамоатчиликка унинг мазмун ва моҳиятини етказиш мақсадида адлия органлари ходимлари томонидан 188 та, жумладан, ОАВда 130 та чиқиш қилинди, 27 та турли мавзуларда семинар ва давра суҳбати ўтказилди ҳамда 31 та кўргазмали ҳуқуқий тарғибот ишлари ташкил этилди.
Анжуман давомида Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда зарур бўлган 40 дан ортиқ ҳужжат намунасини ўз ичига олган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш бўйича ҳужжатлар намуналари” номли тўплам анжуман қатнашчиларига тарқатилди.
Адлия органларида махсус 1-008 рақамли “Ишонч телефони”нинг ташкил этилганлиги ҳуқуқлари бузилган тадбиркорлар учун тўғридан-тўғри адлия органларига мурожаат қилиш имкониятини яратиб берди. “Ишонч телефонлари” оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение орқали ҳам махсус видеороликда мунтазам равишда кенг тарғиб қилинмоқда.
Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида тадбиркорлардан “Ишонч телефонлари”га 144 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 130 таси ҳудудий адлия органлари томонидан ҳал этилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари, аниқроғи, тегишли ташкилотларнинг жавоблари ҳар ҳафтада Адлия вазирлигининг расмий “www.minjust.uz” веб-сайтида жойлаштириб келинмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилишни янада такомиллаштириш мақсадида Адлия вазирлигининг веб-сайтида “Тадбиркор мурожаати” номли веб-саҳифа яратилди.
Ҳозирда ушбу саҳифага жами 91 нафар тадбиркорнинг мурожаати келиб тушди ва уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Бундан ташқари, адлия органлари томонидан “Ўзбекэнерго” ДАК ва унинг тизимида тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши аҳволи, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда унинг тизимидаги идоралар томонидан тадбиркорлик субъектларига капитал қурилиш соҳасига оид рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар берилиши ҳолатларининг қонунийлиги ўрганилди.
Ўрганишда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Фармонга мувофиқ импорт-экспорт шартномаларини банк муассасаларида ҳисобга қўйиш муддати 8 соат қилиб белгиланган бўлса-да, Бухоро (1), Жиззах (1), Сирдарё (6), Навоий (3) вилоятларидаги айрим тижорат банклари томонидан ушбу талаблар бузилишига йўл қўйилган.
Адлия вазирлиги томонидан давлат тузилмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг фаолиятига ноқонуний аралашув, ноқонуний фармойиш, йўриқнома ва қарорлар қабул қилиш ҳолатларини аниқлаш, уларни баратараф этиш юзасидан тегишли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Озод Бегматов, Адлия вазирлиги масъул ходими