Жамоа шартномаси
Дата: 26.12.2014
Бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида корхоналарда ходимлар билан иш берувчилар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни шартномалар асосида тартибга солиш, ижтимоий шерикчилик тамойилини ривожлантириш жамоа шартномаси ва келишувлари орқали амалга оширилади.
Жамоа шартномаси корхонада иш берувчи билан касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасида биргаликда ёки келишиб қабул қилинадиган норматив ҳужжатлар орасида юридик аҳамияти жиҳатидан юқорироқ ўринда туради.
Жамоа шартномалари ходимлар билан иш берувчиларнинг меҳнатга оид муносабатларини шартнома асосида тартибга солишга ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини мувофиқлаштиришга ёрдам бериш мақсадида тузилади.
Жамоа шартномаси, бир тарафдан, ходимлар томонидан касаба уюшмалари ёки ўзлари ваколат берган бошқа вакиллик органлари орқали, иккинчи тарафдан — бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар томонидан тузилади. Бу Меҳнат кодексининг 36-моддасида белгилаб қўйилган.
Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:
— меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;
— ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиб олиш шартлари;
— иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари;
— ходимларнинг, шу жумладан, аёллар ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экология жиҳатидан хавфсизликни таъминлаш;
— ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар;
— ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта;
— иш берувчи томонидан ўз ходимларининг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига қўшимча бадаллар киритиш миқдорлари ва муддатлари;
— жамоа шартномасининг бажарилишини текшириб бориш, тарафларнинг жавобгарлиги, ижтимоий шериклик, касаба уюшмалари, ходимларнинг бошқа вакиллик органларига фаолият кўрсатиш учун тегишли шароит яратиб бериш.
Меҳнат кодексининг 38-моддасида жамоа шартномасининг лойиҳаси корхонанинг бўлинмаларида ходимлар томонидан йиғилишда муҳокама қилиниши керак ва билдирилган фикр ҳамда таклифлар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб такомилига етказилади. Такомилига етказилган лойиҳа шартномаси меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши муҳокамасига қўйилади, деб кўрсатилган.
Меҳнат жамоасининг йиғилиши, башарти, унда ходимларнинг ярмидан кўпроғи иштирок этган бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Жамоа шартномаларини тузиш тартиби юқоридаги кодекснинг 4-моддаси билан тартибга солинган.
Жамоа шартномаси иш берувчига ва мазкур корхонанинг барча ходимларига, шу жумладан, жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган шахсларга ҳам татбиқ этилади.
Меҳнат кодексининг 34-моддасида жамоа шартномалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланган.
Шу кодекснинг 34-моддаси, биринчи қисмида санаб ўтилган ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши тариқасида баҳоланади ва қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жамоа шартномаси муҳим хўжалик ва ҳуқуқий ҳужжат сифатида бозор муносабатларига ўтиш даврида корхоналар мустақиллигини кенгайтириш ҳамда уларнинг юридик жавобгарлигини кучайтириш борасидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу билан бирга корхоналарнинг молиявий жиҳатдан мустақил бўлгани, иқтисодий рағбатлантириш жамғармасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилгани, меҳнат ҳақи миқдори ва тизими, мукофот, қўшимча тўлов, устама ҳақ, рағбатлантириш тарзидаги тўловларнинг асосан жамоа шартномаларида белгиланиши корхона фаолиятига оид кўрсаткичлар юқори бўлишининг муҳим омили бўлиши билан бирга, ходимлар манфаатдорлигининг ортишига ҳамда меҳнат жамоаси фаолиятининг янада фаоллашувига хизмат қилади. Қолаверса, бу жамоа шартномасида қайд этилган тадбирларнинг изчиллиги ва самарадорлигига ҳам ижобий таъсир этади.
Айимгул Юсупбаева, Адлия вазирлиги масъул ходими