Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатишнинг ўзига хос хусусиятлари

Дата: 09.01.2015    

Юридик шахсни ихтиёрий тугатишнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонун, ”Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-630-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги “Молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ва қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида”ги 327-сон қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

Юридик шахсни ихтиёрий тугатишнинг умумий қоидалари эса Фуқаролик кодексининг 53-моддасида белгиланган. Унда юридик шахсларни тугатишнинг икки хил усули, яъни ихтиёрий ёки мажбурий усулда тугатилиши белгилаб берилган.

Юридик шахсни мажбурий усулда тугатиш унинг муассисларига маълум қийинчиликларни юзага келтириб чиқаради. Хусусан, мажбурий тугатиш усули суд орқали амалга оширилади. Бу ҳолатда, юридик шахс муассислари суд жараёнларига жалб қилиниши ёки улар учун ортиқча муаммоларни юзага келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли, ихтиёрий тугатиш усули юридик шахс муассислари учун корхонани ортиқча қийинчиликларсиз тугатиши мумкин. Чунки, юридик шахсни ихтиёрий тугатишда корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг муассислари (қатнашчилари) томонидан қабул қилиниб, тугатувчи тайинланади. Тугатувчи тайинланган вақтдан бошлаб эса корхона ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар унга ўтади.

Таъкидлаш жоизки, 2007 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–630-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан тасдиқланган Низомда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширувчи корхоналарни ихтиёрий тугатиш тартибининг ҳуқуқий асослари аниқ белгилаб қўйилди.

Мазкур Низомда тугатувчининг вазифалари белгилаб берилиши билан бир қаторда, рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа манфаатдор идораларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Қуйида юридик шахсни ихтиёрий тугатишда рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа манфаатдор идораларнинг вазифаларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

Жумладан, рўйхатдан ўтказган орган корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги қарор нусхаси олгандан сўнг кейинги кундан кечиктирмай юридик шахсларнинг давлат реестрига корхонанинг ихтиёрий тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисидаги маълумотларни киритади ҳамда бу тўғрида корхона давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати ва статистика органларини ҳамда суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлимини хабардор қилиши шартлиги белгиланди.

Суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлими эса рўйхатдан ўтказган органнинг билдиришномасини олган кундан кейин ўн кундан кечиктирмай иш юритувида тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ижро ҳужжатининг мавжудлигини белгиланган тартибда аниқлаштиради. Тегишли ижро ҳужжати мавжуд бўлса, суд ижрочиси у бўйича ижро иши юритишни қонунда белгиланган тартибда тамомлайди ва тугатиш тартиботи доирасида ижро этиш учун тугатувчига юборади.

Корхона давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органи рўйхатдан ўтказган органнинг билдиришномаси белгиланган тартибда олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга (тафтиш қилишга) киришади, унинг муддати ўттиз календарь кундан ошмаслиги керак.

Тугатувчи томонидан тугатиш ишлари якунига етганидан сўнг рўйхатдан ўтказган органга корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълонни, рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, корхонанинг барча ҳисоб рақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномаларини, корхонанинг муҳр ва штампларини, ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномасини, агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхаларини, давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги хулосасини, тугатилаётган корхона қарздор сифатида иштирок этган ва ижро этилмаган ижро ҳужжати Суд департаменти органлари иш юритувида мавжуд эмаслиги ҳақидаги Суд департаменти ҳудудий бошқармасининг ёзма жавобини ҳамда корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотномани тақдим этади.

Рўйхатдан ўтказган орган барча ҳужжатларни олгандан кейин икки иш куни мобайнида давлат реестрига корхона тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувларни киритади.

Хулоса қилиб айтганда, юридик шахсларни тугатишнинг ҳуқуқий асослари ҳам қонун нормалари билан мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу жараённи амалга оширишда ваколат берилган органлар қонун талабларига қатьий амал қилишлари лозим.

Э.Холмахматов, Адлия вазирлиги масъул ходими