Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мурожаатлар билан боғлиқ қонунчиликнинг такомиллаштирилиши: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда қўшимча кафолат

Дата: 02.02.2015    

Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда авваламбор, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларининг қонун ҳужжатларида қатъий белгиланиши, уларни такомиллаштириб бориш тақозо этилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида “давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул” эканлиги белгилаб қўйилган.

Мурожаат этиш ҳуқуқи сиёсий ҳуқуқ сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамланиб, унга кўра ҳар бир шахс бевосита ўзи ёки жамоа тарзида давлат органларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир. Гарчанд Асосий қонунимизда фуқароларнинг мазкур ҳуқуқи сиёсий ҳуқуқлар қаторига киритилган бўлса-да, бир вақтнинг узида у шахсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни амалга ошириш васитаси ҳамдир.

Шу боис, мурожаатлар билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий ечими алоҳида қонунда ва бошқа қатор қонун ҳужжатларда батафсил белгилаб берилган.

Бинобарин, бугунги кунда мамлакатимизда мурожаатлар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи 30 дан ортиқ қонун, 50 дан ортиқ қонун ости ҳужжатларидан иборат мукаммал қонунчилик базаси яратилган.

Жамиятдаги муносабатлар ривожланиб борар экан, уни тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш талаб этилади.

Шу жумладан, мурожаатлар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормалари ҳам янгиланишни тақозо этади.

Хусусан, 2014 йилнинг 3 декабрида қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқларининг янада мустаҳкам кафолатини таъминлашга қаратилган ҳужжатдир.

Таъкидлаш лозим, мазкур қонун қабул қилингунга қадар “Фуқароларнинг мурожаатлар тўғрисида”ги Қонун амалда эди. Янги қонун фақат номи билан эмас ҳуқуқий тартибга солиш предмети, муносабатлар субъекти, давлат идораларининг масъулиятини янада оширилиши билан 2014 йилнинг декабрига қадар амалда бўлган қонундан фарқ қилади.

Хусусан, эндиликда, жисмоний шахслар қатори давлат органи ҳисобланмайдиган барча юридик шахсларнинг ҳам мурожаатлари айнан ушбу қонун асосда кўриб чиқилади.

Бугун жамият ҳаётида электрон ахборот алмашинувисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунга кўра, мурожаат этувчи субъектларга электрон шакда мурожаат этиш ҳуқуқи ва давлат органларига электрон шаклдаги мурожаатларни ҳам кўриб чиқиш мажбурияти юклатилди.

Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахс вакилларини қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, шу билан бирга қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш лозимлиги билан боғлиқ янги қонун нормасининг киритилиши ҳам фуқароларга қўшимча имконият яратишга қаратилганлиги билан изоҳланиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, янгиланган қонун нафақат давлат органларига мажбурият юклайди балки, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш борасида уларга қўшимча ваколат ҳам беради. Жумладан, Қонуннинг 18-моддасига кўра мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органининг мансабдор шахси мурожаат этган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида мурожаатни кўриб чиқаётган органга тақдим этишлари шарт.

Мурожаат этувчи ёки бошқа шахс йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш имкони бўлмаса, улар давлат органининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат этувчи келмаган тақдирда давлат органининг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш имкони йўқлиги ҳақида жавоб юборади.

Мурожаатларни давлат органларида белгиланган тартибда умумлаштирилиб, таҳлил этиб борилиши қонун ижросини таъминлашнинг муҳим таркибий жараёнидир. Зеро таҳлил натижасида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш, келгусида шунга ўхшаш ҳолатларни олдини олиш чораларини кўришда имконияти пайдо бўлади. Шунга кўра, янги қанунда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил этиш бир йилда камида бир маротаба амалга оширилиши ҳақидаги норманинг киритилиши катта аҳамият касб этади.

Шу ўринда эътироф этиш лозим, ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида мурожаатлар билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳолати юзасидан жавобгарликни назарда тутувчи Ўзбекистон Рекспубликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддаси ва Жиноят кодексининг 144-моддасига ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мурожаатлар билан боғлиқ қонунчиликнинг такомиллаштириши – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда қўшимча имконият ва шароит яратади.

Анвар Раҳматов, Бухоро вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари