Маҳаллий ҳокимият органларининг мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни амалга оширишдаги ўрни
Дата: 04.02.2015
Бугунги кунда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида қонун ҳужжатларини қабул қилишга ваколатли давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига республика раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти янада самарали ташкил қилинишига, улар томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришгандан бошлаб янгидан шаклланаётган давлат ва жамият ҳаётининг ҳуқуқий асосларини яратилиши давлат органларини, жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти асосларини мустаҳкамлаш каби долзарб вазифалар турган эди.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Асосий қонуннинг XXI бобида маҳаллий давлат ҳокимияти асослари конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди. 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, вазифалари ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди.
Хусусан ушбу Қонуннинг 6-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши белгилаб қўйилди.
Бинобарин, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этади.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, юқори турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш соҳасида зарур норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган бўлиб, хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятига қўйилган талаблар янада кучайтирилди.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, қонун қабул қилиш – бу ишнинг ярми холос. Қолган ярми уларнинг амалдаги сифатли ижроси билан белгиланади. Ҳокимлар эса, ҳудудларда қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга асосий масъул ҳисобланади.
Шунингдек, адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш ҳисобланади.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Эътироф этиш ўринлики, сўнги йилларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколати доирасида ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлар қабул қилинмоқда ҳамда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилинмоқда.
Шу мақсадда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилиниши амалиётининг механизми сўнги йилларда йўлга қўйилиб келинаётганлиги албатта қувонарли ҳол.
Бу борада амалга оширилаётган ишларни рақамларда кўрадиган бўлсак, 2013 йилда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 901 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари расмий нашрларда эълон қилинган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 1448 тани ташкил этди.
Юқоридаги муваффақиятларга эришишимизда ҳудудий адлия органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ҳиссалари мавжудлигини ҳеч иккиланмасдан айтишимиз мумкин.
Мазкур талабларга етарлича риоя этилиши мақсадида ҳудудий адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бир неча бор ёзма кўрсатма хатлари киритилиб, бу борадаги ишларни жойларда тўғри ташкиллаштириш мақсадида ҳудудий адлия органлари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган десак муболаға бўлмайди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш учун йўл очиб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида давлат сиёсатини юритишга ёрдам бериши муқаррардир.
Ж.Сирожев, Адлия вазирлиги масъул ходими