Ўқув машғулотларининг аҳамияти ва самараси
Дата: 18.03.2015
Миллатимиз тарихига назар ташласак, халқимиз азал-азалдан оилани ва никоҳни муқаддас санаб, бутун орзу умидларини айнан шу маскан билан боғлайди.
Фахр ва ифтихор билан таъкидлашимиз мумкинки, айнан истиқлол йилларида оиланинг қадр-қиммати янада ошди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, хеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк хаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади”.
Ота-онанинг бирдан бир орзуси фарзанд кўриш ва ўз фарзандини тўрт мучаси бутун туғилиб жисмонан соғлом, ахлоқан пок ҳамда маънавий камол топган инсон бўлиб вояга етказишдир. Бу истакларга эришиш энг авволо оиладаги ижтимоий муҳит, ота-онанинг соғлом турмуш кечиришига бевосита боғлиқдир.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, оилада тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уларни тарбиялаш муқаддас қўрғоннинг асосий вазифасидир. Яъни фарзанд дунёга келганидан бошлаб унинг саломатлигига эътибор бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Таъкидлаш ўринлики, фақат соғлом ота-онадан соғлом фарзанд туғилади.
Когон туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2014 йил давомида 652 та никоҳ қайд қилинган бўлиб, уларниг 5 тасида руҳий, 1 тасида наркологик касалликлар мавжудлиги аниқланган ҳамда ушбу никоҳланувчилар ўзаро розилигини никоҳга кириш ҳақидаги аризада акс эттириб никоҳлари қонуний равишда қайд этилди. Афсуски юқорида келтирилган касаллиги аниқланган никоҳлар тўй ўтгандан кейин қонуний қайд қилинган. Сабаби никоҳланувчи шахслар тўйдан сўнг ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишган.
Қонунларга итоат этиш ҳуқуқий маданиятнинг асосидир.
Ҳуқукий маданиятни шакллантириш аввало оиладан бошланади. Ҳуқуқ ва мажбуриятлар борасида илк тушунчалар шаклланадиган, дунёқараш теранлашадиган маскан бу оиладир. Шунинг учун Республикамизда унинг мустахкамлиги, ҳуқуқий ҳимояси ва тарбиявий имкониятини оширишга катта аҳамият берилмоқда.
Шу жумладан, Когон тумани ФҲДЁ бўлими томонидан хам фуқароларни хукуқий билимли қилиш, ҳуқуқий маданият даржасини ошириш мақсадида маърифий тарғибот ишларини кенг йўлга қўйиш учун бир қатор ишлар амалга оширилмокда.
Ёшларни оилага тайёрлаш мақсадида бўлимимизда “Ёш оила қурувчилар мактаби” ўқув курслари ташкил қилинган бўлиб, туманимизда жойлашган барча коллеж, лицей ва мактабларга бориб, талаба ва ўқувчиларга тиббий кўрикнинг аҳамияти, эрта оила қуриш ва шаръий никоҳларнинг олдини олиш бўйича семинар, давра суҳбатлари ўтказилиб, ёшларнинг ҳуқуқий ва тиббий маданиятини оширишга ҳаракат қиляпмиз.
“Ёш оила қурувчилар”дорулфунунининг асосий мақсад ва вазифалари - оила қурувчи ёшларнинг ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва тиббий билимларини ошириш, ёшларда аждодларимиз меросига ҳурмат, ватанга садоқат, истиқлолга фидойилик туйғуларини таркиб топтириш, ватанпарварлик тўйғуси ва миллий ғурурни шакллантириш, миллий урф-одат ва анъаналаримизни, оиланинг муқаддаслигини тушунтириш, маънавий-маърифий тарбиянинг янги йўлларини излаб топиш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, оила қонунчилиги, тиббий кўрикнинг моҳияти, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, бўлажак келин-куёвларни оилавий ҳаётга тайёрлашни яхшилашга кўмаклашиш, ҳар томонлама етук ва баркамол фарзанд, ҳар қандай қийинчиликлардан чиқишга йўл топа оладиган шахсларни, бўлажак ота-оналарни тарбиялашдан иборатдир.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларга катта эътибор берилмоқда. Берилган имкониятлардан самарали фойдаланган йигит ва қизлар хуқуқий демократик жамият қурилишида ўз ҳиссасини қўшган ҳисобланади.
З.Махсудова, Когон туман ФҲДЁ бўлими мудираси