Интизом муваффақият ва ютуқлар гарови
Дата: 01.04.2015
Ахборот эркинлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида ошкораликни таъминланмасдан туриб фуқаролик жамиятини қуриб бўлмаслиги ҳаммамизга аён. Шу боис “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” доирасида 2014 йил 5 майда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Давлат бошқаруви асосини қонунлар ташкил этар экан, қонунчиликдаги янгиликларни оммага етказиб беришда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликдаги фаолияти ижобий самара беради.
Бошқармамиз томонидан жорий йилнинг март ойида ОАВ ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилиб, мазкур анжуманда адлия бошқармаси томонидан 2014 йил давомида амалга оширилган ишлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилиб, келгуси режалар асосида белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Анжуманда қайд этилганидек, ўтган йилда бошқармага 397 та ариза ва шикоят келиб тушган. Уларнинг 321 таси ҳал этилиб, 139 та мурожаатда келтирилган талаб ва важлар асосли бўлгани сабабли қаноатлантирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 мартдаги қарори билан адлия органларида “Ишонч телефонлари” ташкил этилган бўлиб, ўтган йили бошқармага “Ишонч телефони” (008, 223-74-16, 223-21-20) орқали 37 та мурожаат тушган. Уларнинг 35 таси ҳал этилган.
Бошқарма ходимлари томонидан 15 мингдан ортиқ шартноманинг қонунийлиги ўрганилганда 6600 тасида камчилик борлиги аниқланиб, улар бартараф этилиши таъминланди ҳамда 188 та шартнома қайта туздирилди.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг қонунийлигини, ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллашувини таъминлаш, қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан олиб борилган ўрганишлар ва мониторинглар натижасида бошқарма томонидан жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар билан боғлиқ 104 та ариза кўриб чиқилиб, уларга асосан 24 та ННТ давлат рўйхатига, 21 таси қайта давлат рўйхатига, 4 таси ҳисоб рўйхатига ва 28 таси қайта ҳисоб рўйхатига олинди.
Қонун нормалари бузилган ҳолда тугатилган Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси Бухоро вилоят бўлими фаолияти адлия бошқармасининг саъй-ҳаракатлари билан қайта тикланди.
Фуқароларга сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида бошқарманинг раҳбар ва масъул ходимлари томонидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатларини қабул қилиш асносида, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда барча нотариал идораларда “Бепул маслаҳат бериш кунлари” бўйича нотариусларнинг навбатчилик жадвали тасдиқланди. Вилоят телевидениеси ҳамда “Бухоронома” газетасида эълонлар берилди.
Шу билан бирга Адлия вазирининг 2014 йил 30 декабрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ вилоятдаги барча нотариал идораларда “Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги мурожаатларни навбатма-навбат қайд этиш дафтари” жорий этилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини мазкур дафтарларга қайд этиш амалиёти йўлга қўйилди.
Фуқароларга қулай шароитлар яратиш мақсадида ФҲДЁ бўлимлари ва давлат нотариал идоралари учун янги бинолар қурилиб, эски бинолар қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилаётганлиги алоҳида аҳамиятлидир.
Жамиятимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий билимларнинг тарғиб қилинишини ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида бошқарма томонидан олиб борилаётган ишларни аҳоли орасида ёритиб бериш мақсадида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонундан келиб чиққан ҳолда вилоятдаги малакали журналистлар аккредитациядан ўтказилди.
Ёшларни ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, қонунчиликдаги янгиликларни аҳолига ўз вақтида етказиш мақсадида ОАВда 500 дан ортиқ чиқишлар, 1861 та давра суҳбати, 1280 та семинарлар ташкил этилди.
“Соғлом она — соғлом бола”, “Никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти”, “Эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари”, “Ёшлар ва хотин-қизларнинг салбий ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, уларнинг маънавиятини кучайтиришга қаратилган тушунтириш ва профилактик ишларни ташкил этиш”, “Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлашда оила ва ўқув муассасаларининг ўрни” ҳамда “Ёшлар ва қонун” мавзуларида 402 та тарғибот тадбири ўтказилиб, мазкур тадбирлар ички ишлар, прокуратура, суд, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Мухтасар қилиб айтганда, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамият ва давлат қурилиши соҳасида норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш билан боғлиқ ишлар келгусидаги фаолиятимизнинг асосий йўналиши бўлиб қолаверади.
А.Халилов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи