Юридик хизмат самарадорлиги ҳаётий зарурат
Дата: 03.04.2015
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларни янада такомиллаштириш, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юридик хизмат ходимларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Таъкидлаш жоизки, давлат органининг юридик хизмати, деганда давлат органининг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий бўлинма ёки лавозим тушунилади.
Кейинги йилларда қўйилаётган талабларнинг кундан-кунга кучайиб бораётганини бозор иқтисодиётининг ўзига хос жиҳатлари билан боғлаш мумкин.
Бугунги кунда, юридик хизмат фаолиятини норматив тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари билан амалга оширилмоқда.
Ушбу қарорлар билан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат ташкилотларида юридик хизмат фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, юридик хизмат ходимларининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, уларни аттестациядан ўтказиш ва малака ошириш тартиби белгилаб берилди.
Қонунчиликка мувофиқ тегишли ташкилотнинг ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш фаолиятида бевосита қатнашиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган талабларга мувофиқ юритиш, ташкилот ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишда ҳамда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини оммага етказишда қатнашиш, унинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Шунингдек, ташкилот ҳамда унинг тизимига кирадиган бўлинмалар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятида қонунийликни таъминлашга кўмаклашиш, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритишда иштирок этиш, шунингдек, судларда ва бошқа идораларда ташкилотнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам юридик хизматнинг диққат эътиборида.
Таъкидлаш лозимки, юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишда адлия органлари муҳим ўрин тутади.
Юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисида”ги низом ҳокимликларнинг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этилган номзодларни адлия органлари билан келишиш уларни тавсия этилган лавозимга лаёқатлилиги ва касбига муносиб ёки муносиб эмаслигини аниқлаш мақсадларни кўзлайди.
Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан келишилган ҳолда тайинланадилар.
Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги низомга мувофиқ адлия органларига давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларида ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштиришни амалга ошириш ҳамда уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилган.
Бугунги кунда ушбу вазифаларни амалга ошириш ва ташкилотларда юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоят бўйича юридик хизмат ходимларининг маълумотлар базаси шакллантирилди, 2014 йилда 48 нафар юридик хизмат ходимларининг малакаси оширилиб, 39 нафарининг аттестациядан ўтказилиши таъминланди.
Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда юридик хизмат фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликлар ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган амалий тавсиялар бериб келинмоқда.
Ш.Тойиров, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими