Нотариат: янги қонун, янги талаб, янги меъёрлар
Дата: 13.04.2015
Мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Миллий қонунчилик тизимининг такомиллашуви ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигининг ошишига олиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 1996 йилда қабул қилинган "Нотариат тўғрисида"ги Қонунда нотариат институтининг ҳуқуқий мақоми ва фаолияти билан боғлиқ масалалар ўз ифодасини топди. 2010 йилнинг 5 майида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги Фармони қабул қилиниши билан мамлакатимизда ушбу институт янада такомиллашди.
"Нотариат тўғрисида"ги Қонунига ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб, бугунги кунга қадар бир неча марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Хусусан, қонуннинг 2-моддасига киритилган муҳим ўзгартишнинг мазмуни шундан иборатки, ходимлар таркибини ҳалол ва малакали мутахассислар билан тўлдириш мақсадида нотариусларга қўйиладиган малака талаблари кучайтирилиб, кимларнинг нотариус бўлиши мумкин ёки мумкин эмаслиги билан боғлиқ талаблар белгиланди.
Шунингдек, ушбу қонунга киритилган яна бир муҳим ўзгартишлардан бири нотариуснинг ёрдамчи ва стажёрга эга бўлиши мумкинлиги ҳамда уларга тегишли талабларнинг қонунда мустаҳкамлаб қўйилиши бўлди.
Нотариуснинг ҳуқуқий мақомини янада кучайтириш ҳамда масъулиятини ошириш мақсадида "Нотариат тўғрисида"ги Қонунга нотариуснинг қасамёд қилиш тартиб ҳам киритилди.
Бундан ташқари, иш юритиш ва ҳисобдорлик билан боғлиқ нормаларнинг такомиллаштирилишига ҳам эътибор берилиб, унга кўра нотариал идора иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архивини юритиши шартлиги, шунингдек, нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач, Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги нотариал архивларга топширилиши кераклиги, Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги нотариал архивлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг дубликатлари ва реестрлардан кўчирмалар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилиши ҳамда уларни берганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ ундирилиши билан боғлиқ қоидалар билан тўлдирилди.
Бундан ташқари, нотариусларнинг мажбурий малака ошириш тизими жорий қилинди. Ўзбекистон Адлия вазирлиги белгилайдиган тартибда беш йилда камида бир марта нотариуслар касбий малакасини ошириши; қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни солиқ органига тақдим этиши ҳамда суд, прокуратура, тергов органлари талабига биноан мазкур органларнинг юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида маълумотномалар (маълумотлар) бериши билан боғлиқ қўшимча мажбурият юкловчи нормалар билан тўлдирилди. Ундан ташқари, нотариуснинг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида, касбий мажбуриятини бузганлиги оқибатида нотариус етказган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат томонидан қопланиши ҳақидаги норма киритилди.
Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, мазкур қонуннинг қабул қилиниши келгусида мамлакатимизда адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг янада такомиллашувига, бу эса қонунийлик тамойилининг таъминланишига хизмат қилади.
С.Ҳалимова Ромитан туман 2-сон ДНИ нотариуси