Фермер хўжаликлари ҳуқуқлари ва манфаатлари давлат томонидан кафолатланади
Дата: 17.04.2015
Мамлакатимизда сўнгги йилларда фермерлик фаолияти хусусий секторнинг муҳим бўғинига айланиб бормоқда.
Энг аввало, бунда фермер хўжаликлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Бундай ҳужжатлар қаторига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик, Ер, Солиқ кодекслари,“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, давлатимиз раҳбарининг 2003 йил 24 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида”ги, 2003 йил 27 октябрдаги “2004 – 2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонлари ҳамда Ҳукуматимизнинг ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш ва янада такомиллаштириш юзасидан қарорларини киритишимиз мумкин.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасида фермерлик фаолиятини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрда “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Айнан ушбу Қарор фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, фермерларга қўшимча имтиёзлар тақдим этиш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва молиявий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ислоҳотлар босқичини бошлаб берди.
Жумладан, мазкур қарор билан фермер хўжаликларининг Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг ташкил қилиш юзасидан ташаббусига розилик берилиб, фермерларнинг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган фермерликни ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар дастурининг тасдиқланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Дастурда белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида 10 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Мазкур қонун ҳужжатлари билан фермерларимизнинг хуқуқлари ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши бўйича қўшимча кафолатлар ҳамда уларнинг фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзлар тақдим этилиши назарда тутилди.
Хусусан, фермерларнинг ҳақиқий ер эгаси сифатида иш олиб боришига қаратилган муҳим янгиликлардан бири шундаки, фермер хўжаликларига ер участкалари берилиши масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиялари таркибига туман фермерлар кенгаши раиси ҳам киритилди.
Бундан ташқари, фермер хўжаликларига янги солиқ ва бошқа имтиёзларни бериш бўйича амалдаги Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, бундан буён:
– пахта хом ашёсини йиғиш бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган ишчилар даромад солиғидан;
– томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган юридик шахслар тегишли ер участкасига нисбатан 5 йил муддатга ягона ер солиғини тўлашдан озод этилди.
Жумладан, бундан буён фермер хўжаликлари томонидан ягона ер солиғи ҳисобот йилининг 1 сентябригача — йиллик солиқ суммасининг 30 фоизи миқдорида, 1 декабригача — солиқнинг қолган суммаси тўланади.
Амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга асосан давлат органлари томонидан фермер хўжаликларининг фаолияти, жумладан ер ва сувдан фойдаланиш, навларни жойлаштириш ва шу каби бошқа масалаларга доир қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилишида Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг розилиги олиниши шартлиги қатъий белгилаб берилди.
Айнан ушбу низом билан пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермерларга қуйидаги имтиёзлар тақдим этилиши назарда тутилмоқда:
б) бундай экин турларини экиш учун ажратилган ер майдонларида агротехник тадбирларни амалга ошириш учун таъминотчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали дизель ёқилғиси ва минерал ўғитларни олдиндан 100 фоиз тўловни амалга оширган ҳолда тегишли шохобчалар орқали харид қилиш;
в) туман ҳокимлиги захирасидаги ер майдонлари бўйича ўтказиладиган танловларда фермер хўжалигига 10 баллгача тақдим этиш;
г) қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар бериш;
д) фермер хўжалигига Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларидан (“Женерал Моторс Ўзбекистон” ЁАЖ маҳсулоти) хоҳлаган битта моделини навбатсиз харид қилиш;
е) қишлоқ жойларида қурилаётган намунавий уй-жойлардан бирини навбатсиз харид қилиш;
ж) суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида ўтказиладиган танловда барча шартлар бўйича тенг балл тўпланган ҳолларда устунлик берилиши.
Фермерларимизга бундай имтиёзларнинг тақдим этилишини назорат қилишда туман фермерлари кенгаши раислари шахсан масъул ҳисобланади.
Бундай кафолатларнинг белгиланиши ҳар бир фермердаги мулкдорлик ҳиссини кучайтириб, уларни янада самарали иш юритишга чорлаши зарур.
Муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил 10 апрелдаги қўшма мажлисида сўзлаган нутқида фермер хўжаликларимиз томонидан бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нафақат 90-92 фоизини ишлаб чиқарилаётганлиги, балки қишлоқ ҳаётининг тараққиётини ўз зиммасига олган ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланиб бораётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди[1].
Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлса, шундан 76 мингдан ортиғини ёки 15 фоизини турли ихтисосликлардаги фермер хўжаликлари ташкил этади.
Шундан 35,8 мингтаси пахта-ғаллачилик (3,5 млн. га.), 12,9 мингтаси боғдорчилик (176,2 минг га.), 5,8 мингтаси ғаллачилик (805,3 минг га.), 4,6 мингтаси сабзавот-полизчилик (118,6 минг га.), 3 мингтаси узумчилик (58,2 минг га.) ҳамда 2,7 мингтаси боғдорчилик-узумчиликка (38,5 минг га.) ихтисослашган фермер хўжаликларини ташкил этади.
Ушбу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, ҳозирги кунда мамлакатимизда етиштирилаётган ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 99 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу, шубҳасиз, фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчисига айланганлигидан далолат беради.
Фермерларимиз дастлаб маҳсулотни хом ашё сифатида етиштирган бўлсалар, эндиликда улар ушбу маҳсулотни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига ўз фаолиятларини кенгайтириб бормоқдалар.
Мазкур соҳадаги ишларимизни янада кенгайтиришимиз ва ривожлантиришимиз, бир сўз билан айтганда фермерларимизни кўп тармоқли тадбиркорга айлантиришимизни замонни ўзи талаб этмоқда.
Бу борада фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш борасида мамлакатимиз бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.
Хусусан, 2015 йилда республика бўйича 44.284 гектар ер майдонида 22.029 та кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш режалаштирилган.
Хусусан, 2015 йилнинг февраль-март ойларида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда фермерларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича республикамизнинг барча ҳудудларида ўқув семинарлари ўтказилди.
Семинарларда 400-500 нафардан фермер хўжаликлари бошлиқлари иштирок этиб, мутахассислар томонидан фермерларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кўп тармоқли фаолиятни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харажатларини камайтириш, қайта ишлаш, маҳсулотни экспорт қилиш тартиблари, божхона расмийлаштируви, солиқ имтиёзлари ва банк муносабатларига оид янгиликлар яна бир карра тушунтирилди.
Бундан ташқари, ушбу семинарларда Адлия вазирлиги томонидан фермерларимизни мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида яқиндан хабардор қилиш, уларга қабул қилинган қонунчиликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ривожланган хорижий мамлакатларнинг аграр соҳадаги ижобий тажрибасини етказиш мақсадида тайёрланган “Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш: миллий ва хорижий тажриба” номли рисоланинг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Мазкур рисолани тайёрлаш жараёни бевосита 2012 йилдан бошланиб, бевосита муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси ва кўрсатмаси билан турли вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи Германия, Нидерландия ва Польша давлатларига юборилиб, ушбу давлатларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳамда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш соҳасидаги ижобий тажрибаси ўрганилди.
Шундан сўнг, Ташқи ишлар, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши томонидан тақдим қилинган материаллар асосида бошқа ривожланган мамлакатларнинг ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ижобий тажрибаси таҳлил қилинди.
Бунда асосан ривожланган хорижий мамлакатларнинг фермер хўжаликларини ташкил этиш ва фаолият юритиши учун ўрнатилган талаблар, солиқ ва бошқа шартнома муносабатлари, кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш орқали қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш ва янги технологияларни импорт қилишга оид ижобий тажрибасига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Кўрилган таъсир чоралари натижасида фермерларга 29,8 млрд. сўм пул маблағлари тўлаб берилиб, судлар томонидан 10,9 млрд. сўмлик 1.307 та даъво аризалари қаноатлантирилган. Қолган даъво аризалари судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган айбдор мансабдор шахсларнинг 238 нафари интизомий, 13 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, 8 нафар шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шу билан бирга, давлат бошқаруви органларининг 17 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди.
Кўриб турганимиздек, мамлакатимизда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш соҳаси давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб турибди. Бундай эътибор ҳеч бир ривожланган давлатда мавжуд эмас.
Ўз навбатида фермерларимиз ҳам бундай эътиборни чуқур ҳис этиб, ўзининг фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ўз малакаларини ошириб боришлари, кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш натижасида экспорт-импорт муносабатларида иштирок этиб боришлари лозим.
Бу билан фермерларимиз мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишида муносиб хиссаларини қўшиб борадилар.
А.Сарабеков, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи