Кийиниш этикаси – маънавиятимиз пойдевори
Дата: 22.04.2015
Ҳар бир халқнинг ўзига хос ўлмас анъаналари, қадриятлари бор. Асрлар давомида аждодларимиздан авлодларга мерос сифатида етиб келган урф-одатларимиз, қадриятларимиз, анъаналаримиз ҳам миллийлигимиз рамзи бўлиб, катта қадр, умрбоқийликка эга. Шу ўринда кийиниш маданияти ҳам йиллар давомида шаклланиб, ўз комиллик даражасига етишди десак муболаға бўлмайди.
Шу билан бирга савол туғилади: Ҳақиқатдан ҳам кийиниш маданиятимиз миллий қадриятларимиз талабларига жавоб берадими? Оддий фуқаролар билан давлат органлари ходимларининг кийиниш маданияти бир биридан фарқ қиладими?
Бундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлат органларида фаолият юритувчи ходимларининг кийиниш этикаси қоидаларини жорий қилиш зарур деб ҳисоблаймиз.
Мазкур муаммонинг ечимини топиш мақсадида, давлат идораларида фаолият юритувчи ходимларнинг кийиниш маданияти юзасидан хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, унинг натижасига кўра ходимларнинг ташқи кўринишига қўйиладиган талаблар вазирликларда ички буйруқлар билан тасдиқланган, баъзи давлатларда эса ҳукумат қарори билан тартибга солинганлиги намоён бўлган.
Кийиниш этикаси қоидаларининг асосий мақсади – давлат органлари ходимларининг кийиниш маданияти, ташқи кўриниши, юриш-туришини одоб-ахлоқ қонун-қоидаларига мос келтириш орқали фуқароларнинг давлат идорасига бўлган ҳурмат ва ишончини ва иш самарадорлигини оширишдан иборат бўлиши зарур.
Масъул ходим биринчи навбатда, давлат ҳокимияти идорасининг обрўсини сақлаши, шу идора манфаатлари учун қайғуриши лозим.
Бундай лавозимда фаолият кўрсатадиган ходимларнинг ташқи кўринишига қуйидаги асосий талабларнинг қўйилиши мақсадга мувофиқ:
- кийиниш услуби одми ҳамда иш услубига монанд бўлиши зарур;
- кийим тоза, дазмолланган, атрофдагиларни ўзига жалб киладиган турли хилдаги безакларсиз бўлиши лозим;
- танланган пойафзал ходимнинг кийимига мос бўлиши керак.
Давлат идораларида ишлайдиган эркак ходимларнинг ташқи кўринишига қуйидаги талабларнинг қўйилиши лозим:
- кенг свитерлар, гулдор ва ранг-баранг кўйлаклар, футболкалар, спорт услубидаги кийимлар ва пойафзаллар, жинси матосидан тикилган шимлар, шорталар, диний ибодат либоси кийиш, шунингдек соқолни ўстирган ҳолда ишга келиш мумкин эмас;
- костюм ранги ёрқин бўлмаслиги ва асосан тўқ рангларда бўлиши тавсия этилади;
- шимларнинг классик узунлиги пойафзални олд ва орқа қисмини ярмини ёпиб туриши лозим. Шимлар тор бўлмаслиги, хамда чизиғи шимнинг ўрта қисмидан кесиб ўтиши керак;
- ходимларнинг соч турмаги тартибли, ўрта узунликда ва таралган бўлмоғи лозим.
Этика қоидаларига кўра эркак киши ҳар доим пиджак кийиб юриши лозим (об-ҳаво иссиқ бўлган холатлар бундан мустасно бўлиб, унда галстуксиз калта енгли кўйлак кийиш мумкин).
Эркак ходимларнинг оёқ кийими тўқ рангда бўлиб, пиджак ҳамда шимнинг рангига мос келиши лозим. Қора рангдаги туфли хар қайси кийимга мос келади.
Кийимининг стандарт жамламаси классик услубдаги пальто, куртка, плаш, костюм, пиджак, пиджак рангига мос келувчи тўқ рангдаги шим, кўйлак, жилет, кўйлак ва пиджак ранги ҳамда чизиқларига мос келувчи галстук, бир хил рангдаги пайпоқ, туфли, классик услубдаги этикдан ташкил топиши лозим.
Давлат идораларида ишлайдиган аёл ходимларнинг ташқи кўринишига қуйидаги талаблар қўйилиши лозим:
- об-ҳаводан қатъий назар либос енгсиз, елка қисмини очиб турмаслиги ҳамда танани шаффоф кўрсатиб турувчи юпқа матодан тикилган бўлмаслиги зарур (кўйлак енгининг узунлиги камида 10 см бўлиши керак);
- юбка тор, калта ва чуқур кесиқли бўлмаслиги лозим (юбканинг классик узунлиги оёкнинг тизза қисмини ўртасигача бўлиши керак);
- жинси матосидан ва спорт услубида тикилган кийимлар, шорталар, танага ёпишиб турадиган шимлар кийиш мумкин эмас;
- саёҳат ҳамда спорт услубидаги пойафзаллар кийиш мумкин эмас;
- диний ибодат либосида иш жойига келиш тақиқлананди;
- катта ҳажмдаги, жуда кўп ва ёрқин ҳамда шовқинли овоз чиқарувчи тақинчоқлар, ўта бачкана аксессуарлар, турли хил патлар, бантларнинг иш кийимларига тақилиши тавсия этилмайди;
- давлат идораларида ишлайдиган хотин-қизларнинг бўяниши ўта ёрқин бўлмаслиги, соч турмаги эса ораста бўлиши ва бошқаларнинг эътиборини тортмаслиги лозим;
- турли хил ўткир ҳидли орасталовчи воситалардан ҳам меъёрида фойдаланиш зарур.
Шунингдек, аёллар томонидан ишда кийиладиган кийимга қуйидаги алоҳида кўрсатмалар тавсия этилади:
- масъул лавозимдаги аёл ходим кийимининг стандарт жамламаси қуйидагилардан ташкил топиши мақсадга мувофиқ: классик услубдаги пальто, куртка, плаш, костюм, жакет, юбка ва шимлар, бир хил рангдаги кофта ва блузкалар, 4-5 сантиметр баландликдаги туфли, классик услубдаги этик;
- заргарлик буюмлари ва тақинчоқлар танланган либосга мос бўлиши лозим.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, юртбошимиз ҳам “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида кийиниш маданияти, халқимиз маънавиятини кучайтириш масалаларига тўхталиб, шундай сўзларни таъкидлаган эдилар: “Ҳозирги вақтда дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан фарзандларимизнинг онг-у тафаккурини ҳимоя қилишда илм-у фан ва маданият жамоатчилиги, ижод аҳлининг ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Биз учун ахлоқий жиҳатдан номаъқул, миллий қадрият ва қарашларимизга ёт бўлган, лекин ҳозирги вақтда ҳаётимизга кириб бораётган мана шундай кўринишларни бамисоли юқумли касаллик деб қабул қилишимиз лозим. Ва айни шу асосда бундай хуружларни ўта хавфли ҳолат эканини англашимиз зарур”.
Давлат органларида фаолият юритувчи хар бир ходим авваламбор ташқи кўриниши, кийиниши, юриш-туриши билан бошқаларга намуна бўлмоғи, одоб-ахлоқ қонун-қоидаларига мос ҳатти-ҳаракатлар қилиши, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ҳурмат ва ишончини ошишига хизмат қилиши зарур.
Гулжамол Шукурова, Адлия вазирлиги ходими
![]() |