Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Хорижий мамлакатлар парламентлари тажрибаси асосидаҳукумат ва давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан амалга ошириладиган парламент назорати шакллари

Дата: 13.05.2015    

Ўзбекистонда икки палатали Олий Мажлиснинг шаклланиши ва фаолият олиб бориши парламентга янги вазифаларни юклади, бикамерализмга асосланган ҳолда фаолият олиб бораётган ривожланган давлатлар парламентлари тажрибасини чуқурроқ ўрганиш ҳамда Ўзбекистонда парламент назоратининг самарали моделини ишлаб чиқишни тақозо этди.

Юртбошимиз Ислом Каримов - “...депутатларимиз ўз сайловчилари ва эл-юрт олдидаги бурчини муносиб равишда бажариш учун аввало ўзларини халқ ноиблари сифатида ҳис этган ҳолда, мамлакатимиздаги барча ислоҳот ва янгиланиш жараёнларини ўз назоратига олиб, давлат ижро ҳокимияти вазифасида ўтирганларнинг қонун чегарасидан чиқмаслигини қаттиқ кузатиб турса, ўйлайманки, сайловчиларимизнинг, халқимизнинг талабига муносиб жавоб берадиган иш бўлади” - деб таъкидлаган эдилар.

Маълумки, парламент назорати барча мамлакатларда бир хил амалга оширилмайди. Бу вазифа ҳар бир давлат сиёсий тузумининг ўзига хослигидан келиб чиқиб бажарилади. Жаҳон парламентлари фаолиятига оид қонун ҳужжатларининг таҳлили шундан далолат берадики, уларнинг назорат қилиш функцияси Буюк Британия, Бельгия, Германия, Италия ва бошқа давлатлар қонунчилигида аниқ кўрсатиб қўйилган.

Парламент назорати соҳасида нафақат хорижий мамлакатлар парламентларида, балки ўзбек миллий парламентаризми тарихида ҳам ўзига хос тажриба тўпланган. Мазкур институт мамлакатимиз парламенти икки палатали шаклда фаолият юрита бошлаганидан сўнг янада такомиллаштирилди. Бизнингча, парламент назорати институтининг бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этишини, энг аввало, ҳокимиятнинг турли тармоқлари, жумладан, давлат ҳокимияти органлари ваколатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш зарурати билан изоҳлаш мумкин. Юридик адабиётларда парламент назорати институти тушунчаси ҳокимиятнинг бўлиниши ва уларнинг ўзаро муносабати принципларида ўз аксини топадиган қонунчилик ҳокимияти органларининг анъанавий функцияси деб таърифланади.

Назорат деганда асосан маълум воқеа-ҳодиса ёки ижтимоий муносабатлар жараёнини ўрганиш ва текшириш мақсадида олиб бориладиган махсус фаолият тушунилади. Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш тизимида турли назорат турлари олиб борилади, яъни, давлат назорати, парламент назорати, прокурор назорати, экология назорати, санитария назорати, тоғ-кон ва саноат назорати, молия назорати ва бошқалар. Ушбу назорат турлари мазмун-моҳияти жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади.

Парламентнинг назорат (контроль) фаолияти давлат тизимида амалга ошириладиган назорат турларидан мазмун-моҳияти жиҳатидан фарқ қилади.

Парламент назорати – қонун ижодкорлик фаолиятини амалга ошираётган субъектларнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш даражасини ўрганиш, қонун ҳужжатлари қоида-талабларини ижро ҳокимияти органлари ва бошқа юридик ва мансабдор шахслар томонидан ҳаётга татбиқ этиш ҳолатини кузатиш, қонунларни ижро этиш жараёнида мавжуд тўсиқ, камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид тегишли тавсиялар бериш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий фаолиятидир.

Парламент назорати функциясининг аҳамияти шундаки, биринчидан, қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиши даражасини ўрганиш, иккинчидан, қонунларнинг амалиётда қўлланилишига салбий таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларни аниқлаш, учинчидан, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш, тўртинчидан, тегишли қонунларга назорат-таҳлил натижаларига асосан қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, бешинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг қонун ҳужжатлари қоида-талабларига сўзсиз амал қилиш маъсулияти ва мажбуриятини оширишга хизмат қилади.

Парламент назорати, шунингдек мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш ва фуқаролар онгида қонунга ҳурмат руҳини шакллантиришда ҳам муҳим восита бўлиб ҳисобланади.

“Парламент назоратининг моҳияти унинг халқ номидан ва халқдан олинган ваколатлар асосида амалга оширилишидадир”. Юридик фанда давлатнинг назорат фаолиятига оид мавжуд фундаментал назарий қоидалар, фикр-мулоҳазалар ривожланиб бориши билан бирга давлат-ҳуқуқий воқелик ҳақида янги билимлар мунтазам ортиб бормоқда. Бундай вазият парламент назоратининг моҳияти, таърифи, мақсади, вазифаси, шакллари, мазмуни ва амалга ошириш кўламларини ойдинлаштириш, муфассал тадқиқ этиш заруриятини келтириб чиқармоқда

Шу боис, бугунги кунда, парламент назоратини такомиллаштириш мақсадида унинг назарий ва амалий муаммоларини аниқлаш ҳамда уларнинг оқилона ечими юзасидан таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга.

Ҳозирги замон парламенти – умумдавлат миқёсидаги вакиллик органи бўлиб, ҳокимиятлар тақсимоти тизимидаги асосий функцияси қонун чиқариш фаолиятини амалга оширишдан иборат. Айни вақтда, у давлат маблағлари (ғазнаси)ни тасарруф этувчи, яъни давлат бюджетини тасдиқловчи олий идора бўлиб, унинг ижроси устидан назорат қилади. Парламент фаолиятида қонун ижодкорлиги ва назорат функцияларининг уйғун ҳолда қўшиб олиб борилиши ўз мантиғига эга. Зеро, парламент қонунларнинг ижроси устидан назорат олиб бориш орқали ҳаётни, амалиётни кузатиб боради. Бу унга жамият эҳтиёжларини ўрганиш, қонунларнинг қандай ишлаётганлигини ёки кутилган самара билан ишламаётганлигини англаш ва пировард натижада қонун ижодкорлигида уларни инобатга олиш имконини беради. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, парламент назорати қонун чиқариш фаолиятини ва қонунчиликни такомиллаштиришнинг муҳим омилларидан биридир.

Жаҳон парламентаризми анъаналарига ва кўпчилик давлатлар парламентларининг тажрибасига назар ташланадиган бўлса, бошқарув шаклига қараб парламентлар у ёки бу даражада ижро ҳокимияти фаолияти устидан назоратни амалга оширадилар. Бундай қоида Буюк Британия, Бельгия, АҚШ, Германия, Италия, Франция, Испания, Канада, Коста – Рика, Литва, Россия, Франция, Янги Зеландия, Япония, Дания, Қозоғистон, Озорбайжон ва бошқа кўплаб давлатлар қонунчилигида мустаҳкамланган. Масалан, 1978 йилда қабул қилинган Испания Конституциясининг 66-моддаси 2-қисмида: “Бош кортеслар Давлатда қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади, унинг Бюджетини маъқуллайди, Ҳукумат фаолиятини назорат қилади, Конституция зиммасига юклаган бошқа ваколатларни бажарадилар”, – дейилган.

Япония Конституцияси эса ҳукуматнинг Парламент (Коккей) олдидаги коллектив жавобгарлиги принципини мустаҳкамлаган. Буюк Британиянинг “Парламент тўғрисида”ги 1911 йилдаги қонунига кўра, парламент Ҳукумат фаолияти устидан назоратни амалга оширади. У қуйидаги шаклларда ташкил этилади: Вакиллар палатаси депутатлари ҳукумат аъзоларига саволлар йўллайдилар. Вазирлар Вакиллар палатаси мажлисларида ушбу саволларга жавоб қайтарадилар, шунингдек ёзма жавоб тайёрлайдилар, бу жавоб парламент ҳисоботларида нашр этилиб, жамоатчиликка эълон қилинади. Австрия Конституциясига биноан Федерал Президент ва Федерал Ҳукумат аъзолари Федерал Парламент олдида жавобгарлиги тўғрисидаги норма мустаҳкамлаб қўйилган.

Парламент назоратининг объекти сифатида кўп ҳолларда ижро этувчи ҳокимият қаралади. “Ижро этувчи ҳокимият устидан амалга ошириладиган назорат аксарият ҳолларда сиёсий мазмун касб этади. Шу боис парламент назорати икки турда, яъни: сиёсий (масалан, ҳукуматга ёки вазирга ишончсизлик вотуми билдириш) ва юридик (парламент томонидан тергов ўтказиш комиссиясини тузиш) йўналишда бўлиши ҳақида гапириш мумкин”. Сиёсий мазмундаги парламент назоратининг оқибати ҳукуматнинг (вазирнинг) истеъфога чиқиши билан, юридик мазмундаги назоратнинг оқибати ё ҳақиқатни аниқлаш ёки жиноят иши қўзғатиш билан тугаши мумкин.

Дунёдаги парламентлар тажрибаси асосида илмий таҳлил юритиладиган бўлса, ҳозирги кунда парламентнинг назорат ёки назорат-сиёсий вазифаларига у ёки бу институт, аввало ҳукумат ва бошқарув органлари устидан амалга ошириладиган парламент назорати қуйидаги шаклларда намоён бўлади:

1) Ҳукумат олдига масала қўйиш. Бу назорат амалда ҳукуматга савол билан мурожаат этиш кўринишида намоён бўлади. Парламент ўзининг сессияси умумий мажлисида ҳукуматга, вазирларга, давлатнинг бошқа мансабдор шахсларига савол билан мурожаат этади. Баъзи мамлакатларда Бош вазирга саволлар бериш учун алоҳида кунлар белгиланади ва махсус тартибот асосида савол-жавоб ўтказилади. Масалан, Англияда ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 1000 да Бош вазир парламентда ҳозир бўлади ва лордлар ҳамда депутатлар унга саволлар билан мурожаат этадилар. Саволлар, одатда ёзма тарзда берилади ва палата мажлисида ўқиб эшиттирилади. Сўнг уларга Бош вазир жавоб қайтаради. Борди-ю, савол оғзаки берилса, Бош вазир унга шу заҳоти жавоб беради. Савол-жавоб мазмуни кейин матбуотда эълон қилинади. Саволлар фактлар хусусида бўлиб, айбловлардан ҳоли бўлиши керак. Савол берган депутатнинг музокарадаги чиқиши 5 дақиқадан ошмаслиги лозим. Берилган жавоб муҳокама қилинмайди.

Россия парламенти палаталарининг регламентларида палата мажлисида “ҳукумат соати”ни ўтказиш назарда тутилган. Бунда палата аъзоларининг саволларига жавоб бериш учун ҳукумат аъзолари, шунингдек бошқа органларнинг раҳбарлари таклиф қилинади. Мазкур «соат» доирасида кўриб чиқилган масалалар юзасидан палата қарорлари махсус қарор, палата мурожаати ёки мажлис баённомасидан кўчирма шаклида расмийлаштирилиши мумкин. Қарорларда Президентга, ҳукуматга мурожаат этилиши, Ҳисоб палатасига топшириқ берилиши мумкин.

2) Мунозаралар. Парламент аввалдан белгиланган масалалар ва ҳукуматнинг умумий сиёсати юзасидан мунозаралар ўтказиб туради. Шаклланган қоидага кўра, мунозаралар мавзусини оппозиция (муҳолифат) таклиф этади. Баъзан бундай таклиф ҳукуматдан тушиши ҳам мумкин. Мунозаралар ўтказиш таклифини депутатлар гуруҳи ҳам тавсия эта олади. Мунозаралар ҳукумат фаолиятига баҳо бериш мақсадини кўзламайди. Бироқ бу жараён орқали ҳукумат фаолияти муайян назоратдан ўтади.

3) Ҳукумат ва вазирларнинг ўз фаолияти юзасидан парламент, палаталар ялпи мажлисларида маърузаси ва ҳисоботи. Назоратнинг бу кўринишидаги таъсирчанлиги мамлакат давлат бошқаруви шаклига боғлиқ. Парламентар республикаларда ва монархияларда ҳукумат қониқарсиз ишлаган тақдирда ҳукумат ва вазирларнинг истеъфога чиқиши, уларга ишончсизлик билдирилиши ҳақида масала кўтарилади. Бироқ, ҳукумат парламент кўпчилигига таянганлиги туфайли истеъфо осонликча рўй бермайди. Бошқарувнинг бошқа шаклларида эса маъруза ва ҳисоботлар оддий ахборот беришга айланиб қолади.

4) Ишончсизлик вотуми билдириш. Ишончсизлик вотуми билдириш ва бу ҳақда резолюция чиқариш анча мураккаб жараён бўлиб, у анча мураккаб тартиб-таомил орқали амалга оширилади. Одатда, ишончсизлик билдириш масаласини муҳолифат кўтаради, ҳукуматни «ағдаришга» интилади. Ўз навбатида, ҳукумат ҳам ўз позициясини мустаҳкамлаш мақсадида ўзига ишонч билдирувчи қонун қабул қилинишини талаб этади. Ишончсизлик вотуми дуалистик монархия ва президентлик республикаларида амалга ошиши деярли мумкин эмас. Чунки бу давлатларда ҳукумат Давлат бошлиғи томонидан тузилади ва у истаган чоғда ҳукумат таркибини янгилаши мумкин. Ишончсизлик вотуми битта вазирга нисбатан билдирилган тақдирда ҳам бутун ҳукумат истеъфога кетиши лозим бўлади. (Бундай коллектив жавобгарлик Дания, Япония, Италия, Венгрия, Мисир, Малайзия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа кўплаб Европа давлатларида мавжуд.)

5) Парламент тинглови. Бу назорат шакли президентлик ва ярим президентлик давлатларида қўлланилади. Парламентар давлатларда эса ушбу шакл жуда кам ишлатилади. Парламент тингловлари айниқса АҚШда кенг ва самарали қўлланилади. Улар бирон-бир доимий комиссия томонидан ташкил этилади. Бу тадбирнинг мақсади, давлат идораларининг ва жамиятнинг диққат-эътиборини бирон-бир масалага жалб этишдан иборат. Парламент тингловига ҳукумат вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, йирик олимлар, эксперт-мутахассислар таклиф этилади. Тинглов якунида мажбурий мазмундаги бирон-бир ҳужжат қабул қилинмайди.

6) Импичмент. Қуйи палата бирон-бир юқори мансабдор шахсга нисбатан айблов эълон қилади. Шунингдек, юқори палата квазисудлов тартиби асосида ушбу шахсни мансабидан четлаштириш масаласини ҳал этади. Импичмент институти президентларга нисбатан мамлакатдаги катта сиёсий беқарорлик оқибатида қўлланилади. Баъзан парламент, қуйи палата импичмент тарзидаги айбловни эълон қилади. Лекин, тегишли мансабдор шахсни истеъфога жўнатиш масаласини махсус суд амалга оширади. Масалан, Беларусъ Республикаси Конститутциясининг 97-моддасига асосан Вакиллар палатасининг (юқори палата) тўлиқ таркибининг кўпчилик қисми билан президентга қарши давлатга ҳиёнат ва бошқа оғир жиноят содир этганлиги ҳақидаги айбловни қўяди; Республика Кенгашининг (қуйи палата) мувофиқ қарори асосида тўлиқ таркибнинг учдан икки қисмидан кам бўлмаган овоз билан Президентни лавозимидан озод этиш ҳақида қарор чиқаради. (Мазкур институт АҚШ, Италия, Германия, Россия, Миср ва бошқа кўплаб мамлакатлар Конституцияларида белгилаб қўйилган.)

7) Интерпелляция. Бунда бирон-бир муҳим аҳамиятга оид масала парламент ялпи мажлиси эътиборига ҳавола этилади (спикер, депутат, депутатлар гуруҳи, фракция томонидан). Оқибатда муайян вазир, баъзи ҳолларда ҳукумат бошлиғи парламентга изоҳлар беради. Масала муҳокама этилиб, музокаралар юритилади ва овоз бериш орқали тегишли қарор қабул қилинади. Берилган жавоб ва изоҳлар қониқарсиз деб топилган тақдирда вазир истеъфога кетиши лозим бўлади. Агар ҳукумат бошлиғи шундай вазиятга тушса, у парламент тарқатиб юборилишини ва янги сайловлар белгиланишини талаб қилади. Интерпелляцияни қўллаш ҳам осон эмас. Чунки, бу тарзда масалани қўйиш учун жуда кўпчиликнинг имзосини тўплаш талаб этилади. Бу масалада кўпчилик мамлакатларда қатъий муддатлар белгиланган ҳамда муҳокама махсус қатъий чегараларда олиб борилади. (Назоратнинг ушбу шакли Венгрия, Италия, ЖХДР, Белгия ва бошқа кўплаб Европа мамлакатлари қонунчилигида белгилаб қўйилган.)

8) Парламент текшируви (тергови). Агар зарурият туғилса, парламент томонидан бирон-бир масала юзасидан махсус комиссия ташкил этилади. У барча ҳужжатлар, шу жумладан махфий ҳужжатларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлади. Комиссия таклиф этган барча мансабдор шахслар ва фуқаролар ҳозир бўлиши ҳамда кўрсатмалар бериши шарт. Бундан бош тортиш парламентга ҳурматсизлик деб баҳоланади ва тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. (Масалан, Япония, Германия, Греция ва бошқа мамлакатларида парламент тергови Бош вазирнинг истеъфога чиқиши билан тугайди ҳамда унинг оқибатида суд жараёни бошланади.)

9) Парламентнинг махсус мажлислари. Баъзан ижро этувчи ҳокимият идоралари устидан фавқулодда вазиятларда назоратни таъминлаб туриш учун парламент махсус мажлис чақиради. Масалан, фавқулодда ҳолат эълон қилишда, Франция Президенти ўзига берилган мутлақ ваколатлардан фойдалани-шида, Бразилияда федерал интервенция қўлланилишида ана шундай махсус парламент мажлислари чақирилган.

10) Ҳукуматга танбеҳ эълон қилиш. Назоратнинг ушбу шаклида парламент ҳукуматни қонун ишлаб чиқишдаги фаолияти қонунийлигини назорат қилади, керакли ҳолатларда танбеҳ берувчи резолюциялар қабул қилади ва бундай резолюцияларни бажармаслик, гарчи, тўғридан-тўғри санкцияларни қўллашга олиб келмасада аммо охир-оқибат бази вазирларни ва ҳатто вазирлар махкамасини истеъфога чиқиб кетишига олиб келиши мумкин. ЖХДР, Франция (Масалан, Италияда бу функцияни парламент комиссиялари амалга оширади) ва бошқа мамлакатлар парламент регламентида шу тарздаги норма мустахкамланиб қўйилган.

11) Парламентнинг доимий қўмиталарига тегишли вазирликларнинг вазирлик фаолиятининг бир йиллиги бўйича ҳисоботларни тақдим этиши. Мисол учун, Ташқи ишлар вазири ташқи ишлар бўйича қўмитага, Меҳнат вазири меҳнат масалалари бўйича қўмитага ва бошқалар тегишли қўмиталарга ҳисобот тақдим этадилар. Бундай назорат шаклидан кўплаб президентлик республикаларида фойдаланилади (АҚШ, Мексика, Бразилия ва б.)

12) Парламент комиссарлари ва парламентда фаолият кўрсатувчи бошқа органлар фаолияти. Бунга ҳисоб палаталари, инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман), олий назорат органлари, қуролли кучларда қонунийлик бўйича, экология бўйича, тилларнинг тенг ҳуқуқлиги бўйича, миллий озчилик ҳуқуқлари бўйича комиссарлар фаолиятини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ушбу органлар ўз фаолияти ҳақида парламентга йиллик ҳисоботларни тақдим этади.

Алоҳида ҳолларда (фавқулодда ҳолатлар жорий қилинганда) ижро этувчи ҳокимият органлари ҳаракатларини назорат қилиш учун парламентнинг махсус йиғилишлари чақирилади.

13) Парламент топшириғига кўра ижро этувчи ҳокимият томонидан чиқарилган ва қонун кучига эга бўлган ҳужжатлар – тақдим этилган қонун ҳужжатлари чиқаришни назорат қили. Бундай ҳужжатлар парламентга тақдим этилади, айрим ҳолларда эса ушбу орган томонидан белгиланган муддатда тасдиқланишга топширилади(акс ҳолда улар ўз кучини йўқотади). Айрим ҳолларда ҳукуматга бир қатор масалалар бўйича қонун кучидаги вақтинчалик ҳужжатларни қабул қилиш тақиқланишида ҳам назорат намоён бўлади;

14) Ижро этувчи ҳокимият томонидан тузилган халқаро шартномаларни ратификация қилиш орқали. Парламент ижро этувчи ҳокимият томонидан тузилган халқаро шартномаларни тасдиқлаш ҳуқуқи орқали ҳам ҳукуматни назорат қилади. Бунда нафақат тасдиқлаш, балки тасдиқланган халқаро шартномаларни ижросини назорат қилиш ҳам қамраб олинади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, парламентнинг ҳукумат фаолияти устидан амалга оширадиган назорат фаолиятининг шаклларини ривожлантириш, парламентнинг назорат фаолиятини янада кенгроқ амалга оширишга ва мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши принципининг амалда тўла татбиқ этилишини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жараёнида парламентнинг назорат қилиш билан боғлиқ функция ва ваколатларини янада такомиллаштириш алоҳида аҳамиятга эга.

Парламент назорати давлат органлари ва мансабдор шахслар, хусусан ҳукумат ва бошқарув органлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар фаолияти устидан назоратни ташкил этиш демократик ҳуқуқий давлатни қуришнинг муҳим омили ҳисобланади. Ушбу органлар фаолияти устидан самарали назоратни амалга ошириш қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини янада мустаҳкам ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Ф.Гулямов, Адлия вазирлиги масъул ходими