Шартномавий мажбуриятларни бажармаслик оқибатлари
Дата: 18.05.2015
Маълумки, ҳар бир ривожланган давлатнинг тараққий этишида қонунларнинг қатъий ўрнатилганлиги ҳамда тенг ҳуқуқлиликнинг таъминланганлиги муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 18-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Тадбиркорлик субъектлари ҳар қандай муносабатларга асосан шартномалар орқали киришадилар. Чунки, шартнома тарафлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайдиган ҳамда келгуси муносабатлар учун кафолат вазифасини бажарадиган воситадир.
Шартномавий муносабатларда шартномада белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги ҳолатларида томонларнинг жавобгарлиги масаласи муҳим ўрин эгаллайди.
Шартномавий муносабатларда шартномада белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги ҳолатларида томонларнинг жавобгарлиги масаласи муҳим ўрин эгаллайди. Чунки, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузиладиган хўжалик шартномаларида томонлар бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар. Шартномавий мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги учун жавобгарлик белгиланиши адолат мезони ҳисобланади.
Фуқаролик кодексининг 24-бобида мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарликка оид қоидалар белгилаб берилган.
Жумладан, Кодекснинг 14-моддасига асосан агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкинлиги белгиланган.
Кодекснинг 324-моддасига асосан, қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, зарарни аниқлашда мажбурият бажарилиши керак бўлган жойда, қарздор кредиторнинг талабларини ихтиёрий қаноатлантирган кунда, борди-ю, талаб ихтиёрий қаноатлантирилган бўлмаса, — даъво қўзғатилган кунда мавжуд бўлган нархлар эътиборга олинади. Суд вазиятга қараб, зарарни тўлаш ҳақидаги талабни қарор чиқарилган кунда мавжуд бўлган нархларни эътиборга олган ҳолда қаноатлантириши мумкин. Бой берилган фойдани аниқлашда кредитор томонидан уни олиш учун кўрилган чоралар ва шу мақсадда кўрилган тайёргарликлар ҳисобга олинади.
Кодекснинг ушбу бобидаги қоидалар умумий хусусиятга эга бўлганлиги боис, хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий муносабатларини тартибга солиш бўйича махсус қонун ҳужжати қабул қилиниши бўйича эҳтиёж туғилди.
Шу мақсадда, 1998 йил 29 августда “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун билан хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг ҳуқуқий асослари, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқи ва мажбуриятлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва давлат бошқарув органларининг шартнома муносабатлари соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилди.
- агар етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар сифати, ассортименти ва нави бўйича стандартлар, техник шартлар, намуналарга (эталонларга) қонун ҳужжатларида ёки хўжалик шартномасида белгиланган бошқа мажбурий шартларга мос келмаса, сотиб олувчи (буюртмачи) товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилиш ҳамда уларнинг ҳақини тўлашни рад этиб, етказиб берувчидан (пудратчидан) сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар (ишлар ва хизматлар) қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундириб олишга, агар товарлар (ишлар ва хизматлар) ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган суммани белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир. Сифати, ассортименти ва нави лозим даражада бўлмаган товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берганлик учун жарима етказиб берувчидан (пудратчидан) акцептсиз тартибда ундириб олинади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси банк муассасасига товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) сифати, ассортименти ва нави лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатнома тузилгандан кейин ўн кун ичида тақдим этилади. Жаримани ундириш тўғрисидаги тўлов талабномаси белгиланган ўн кунлик муддатни бузган ҳолда тақдим этилган ҳолларда, жаримани ундириш белгиланган тартибда амалга оширилади;
- бут бўлмаган товарлар етказиб берилган тақдирда сотиб олувчи (буюртмачи): товарларни бутлаб беришни талаб қилишга ҳақли; Етказиб берувчи сотиб олувчининг (буюртмачининг) талабини олган пайтдан бошлаб, агар тарафларнинг келишувида ўзга муддат белгиланган бўлмаса, ўн беш кунлик муддат ичида товарларни бутлаб бериши шарт; бундан буён товарлар бутлаб берилгунга қадар уларнинг ҳақини тўлашдан бош тортишга, агар товарларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, белгиланган тартибда тўланган суммалар қайтарилишини талаб қилишга ҳақли; етишмаётган қисмлар қийматини қўшган ҳолда, етказиб берувчидан бут бўлмаган товарлар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима ундиришга ҳақли;
- марка белгиси қўйилмаган ёки лозим даражада маркировка қилинмаган товарларни, шунингдек идишсиз ёки ўралмаган товарларни ёхуд тегишли идишга жойланмаган ёки лозим даражада ўралмаган товарларни етказиб берганлик учун етказиб берувчи сотиб олувчига(буюртмачига) бундай товарлар қийматининг 5 фоизи миқдорида жарима тўлайди;
- товар етказиб берувчи (пудратчи) талабига биноан қўйилган аккредитив у амал қиладиган муддат ичида фойдаланилмаса, етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) аккредитивнинг фойдаланилмаган суммасининг 5 фоизи миқдорида жарима тўлайди;
- жўнатилган товарларга оид тўлов ёки товар-транспорт ҳужжатларининг нусхасини белгиланган муддатда юбормаганлик ёки товарлар жўнатилганлиги тўғрисидаги бошқа ахборотни тақдим этмаганлик учун етказиб берувчи сотиб олувчига ахборот тақдим этилмаган ҳар бир ҳолат учун етказиб берилаётган товар қийматининг 1 фоизи миқдорида жарима тўлайди;
- товарларни танлаб олмаслик, шунингдек етказиб берувчи шартномада белгиланган муддатда (даврда) уларни етказиб берганда товарларни олишни асоссиз равишда рад этганлик учун сотиб олувчи етказиб берувчига танлаб олинмаган (ўз муддатида олинмаган) товарлар қийматининг 5 фоизи миқдорида, тез бузиладиган товарлар бўйича эса — 10 фоиз миқдорида жарима тўлайди;
- тўлов талабномаси акцептини асоссиз равишда бутунлай ёки қисман рад этганлик, шунингдек ҳисоб-китобнинг бошқа шаклларида товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлашдан бош тортганлик (банк муассасасига тўлов топшириқномасини тақдим этмаганлик, чек бермаганлик, аккредитивни тақдим этмаганлик ва ҳоказо) учун сотиб олувчи (буюртмачи) маҳсулот етказиб берувчига ўзи тўлашни рад этган ёки бош тортган сумманинг 15 фоизи миқдорида жарима тўлайди;
- етказиб берилган товарлар ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлайди;
- ҳисобварақдан маблағларни асоссиз равишда акцептсиз ҳисобдан чиқарганлик учун айбдор тараф иккинчи тарафга асоссиз равишда акцептсиз ҳисобидан чиқарилган сумманинг 10 фоизи миқдорида жарима тўлайди;
- неустойка (жарима, пеня) тўлаганлигидан қатъи назар, шартнома мажбуриятларини бузган тараф иккинчи тарафга ана шу зарар оқибатида ўзи етказган зарар қисмини ҳам қоплайди. Қўрилган зарарга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан тараф қилган харажатлар, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганида тараф олиши мумкин бўлган лекин ололмай қолган даромадлар киради.
Шу билан бирга, шартнома мажбуриятлари хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахснинг айби билан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган, унинг томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулки мақсадга номувофиқ фойдаланилганлиги аниқланган, тўлов интизоми бузилган, хўжалик юритувчи субъект банкротликка дучор қилинган ёки шартнома муносабатлари соҳасида бошқа қоидабузарликлар содир этилган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахси:
- Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 45 ва 48-моддаларига мувофиқ фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликка;
- Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175, 1761, 1762, 212 ва 214-моддаларига мувофиқ маъмурий жавобгарликка;
- Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 175, 181, 186, 205, 207 ва 209-моддаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Юқоридаги қонун ва қонун ости ҳужжатларининг талабларидан келиб чиқиб, адлия органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида фақатгина 2014 йил давомида шартномаларнинг тузилиши ва бажарилишига оид жами 13 минг 400 зиёд қонун бузилиши ҳолатлари ва хато-камчиликлар аниқланди.
Шу билан бирга, шартнома интизомига риоя қилмаслик ҳолатлари бўйича расмийлаштирилган маъмурий таклифлар асосида 200 нафар, жиноий таклифлар асосида 6 нафар мансабдор шахслар жавобгарликка тортилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 357-моддасига асосан шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолишлиги белгиланган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, шартномалар тузилишининг қонунийлиги ва унинг мажбуриятлари бажарилиши юзасидан доимий назорат хамда мониторинг ишларини амалга ошириш шартнома маданиятини ривожланишига хизмат қилади.
Мамлакатда шартнома маданияти ривожланиши, шартнома тузувчи томонлар ўртасида мажбуриятларни вақтида бажарилишига олиб келса, бу иқтисодиётимизнинг янада юксалишига сабаб бўлади.
А.Таджибаев, Адлия вазирлиги Шартномавий ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бошқармаси катта маслаҳатчиси