Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қонунийлик кафолати

Дата: 28.05.2015    

Маҳаллий ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида ҳудуддаги барча корхона ва муассасалар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар бажариши мажбурий бўлган қарорларни қабул қилади. Ўз навбатида, адлия органлари ушбу қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.бу эса маҳаллий ҳокимият органларининг фаолиятини самарали ташкил этишга, ҳужжатларнинг қонун талабларига мувофиқ бўлишига хизмат қилади.

Шу йилнинг биринчи чорагида Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан маҳаллий ҳокимият органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги 62 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Уларнинг 59 тасига расмий розилик берилди ва барчаси расмий нашрларда эълон қилинди. Қолганлари эса “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун талабларига жавоб бермагани учун тегишли хулосалар билан қайтарилди. Ҳозирга қадар вилоят адлия бошқармаси маҳаллий ҳокимият органларининг 403 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатини (шундан 74 таси ҳисобот даврида) давлат ҳисобига олган.

Шунингдек, 2015 йил биринчи ярим йиллик иш режасига асосан, Пешку, Шофиркон ва Қоровулбозор туманлари ҳокимликларининг норма ижодкорлиги фаолияти ўрганилди. Ушбу тадбир давомида 21 та ноқонуний қарор қабул қилингани, бошқа кўплаб камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Улар юзасидан тақдимномалар киритилди. Шунга кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилмаган, қонун талабига зид тарзда қабул қилинган 11 та қарори бекор қилинди ва 2 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Ҳозир қолган 10 та ноқонуний қарорни бекор қилиш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг туман ва шаҳар бўлимларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритишда қонунийликка риоя этилиши ҳам ўрганилди. Тахлиллар 60 дан ортиқ камчиликка йўл қўйилганини кўрсатди. Улар бўйича 12 та тақдимнома киритилди, 10 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Умуман олганда, вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилаётган ҳуқуқий экспертиза норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини оширишга қаратилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳар томонлама пишиқ ва пухта тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлашга хизмат қилади.

Ж.Камолов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими