Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи муассасалар ва уларнинг ваколатлари
Дата: 11.06.2015
Кишилик жамияти тарихан ўзгарувчан ҳодиса. Айниқа, охирги юз йилликлар давомида инсоният мисли кўрилмаган даражадаги тезкор тараққиёт ва ривожланиш босқичини бошидан кечирмоқда. Фан-техника тарақиёти, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти, турмуш даражаси, меҳнат унумдорлиги ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, қашшоқлик, саводсизлик ва ишсизлик даражасининг пасайиши кутилганидек ҳуқуқбузарликлар кўламининг кескин пасайишига олиб келмади, балки ушбу соҳа вакиллари ҳам тараққиёт ютуқларидан барча қатори фойдалана олишлари маълум бўлди. Бундан келиб чиқадики, потенциал ҳуқуқбузар – бу ўз муаммоларини, хусусан, моддий бойликларга бўлган эҳтиёжини бошқалар ҳисобига ҳал этишни истайдиган одамгина эмас. Бундай тоифадаги шахслар доирасининг пайдо бўлишига сабаб бўладиган омиллар ҳам, афсуски, жуда кўп.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, жиноят қонунчилигини такомиллаштириб бориш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишда энг янги усул ва воситалардан фойдаланиш жиноятчилик даражасини камайтиришда кутилганидек самара бермаяпти. Деярли барча давлатларнинг жиноят қонунчилигида такроран содир этилган ва рецидив жиноятлар ҳақидаги қоидаларнинг мавжудлиги ва бу турдаги жиноятларнинг тез-тез содир этилаётганлиги жиноят учун берилган жазо ҳуқуқбузарларни ахлоқан қайта тарбиялаш вазифасини жуда қийинчилик бажараётганлигидан далолат беради.
Кўрсатиб ўтилган омиллар бутун дунёда жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларга бўлган ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этди, дейиш мумкин. Бундан кейин жиноятчиликка қарши курашиш фақатгина содир этилган жиноятларни очиш, ҳуқуқбузарларни топиш, қонуний жазо тайинлаш ва уни ижро этишдан иборат бўлиб қолиши мумкин эмас. Ҳатто, содир этилиши режалаштирилаётган ҳуқуқбузарликнинг олди олинганда ҳам бу вазифани бажаришга жуда кеч киришилган деб ҳисоблаш керак бўлади. Шу тариқа дастлаб жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятининг кичик элементи сифатида пайдо бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кейинчалик жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятидан ҳам юқори турувчи алоҳида ва кенг қамровли фаолият йўналишига айланди.
Шу сабабли, мамлакатимизда ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш соҳасида кенг қамровли ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2010 йилда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2012 йилда қабул қилинган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳимоя қилинишини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш тезкор-қидирув фаолиятининг асосий вазифалари сифатида белгиланди. Бу каби сай-ҳаракатларнинг натижасида “The World Justice Project” мустақил халқаро ташкилотининг йиллик маърузасида Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича 99 та давлат орасида етакчи давлатлар орасидан ўрин эгаллади.
Ўтган йилнинг май ойида қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур қонун ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарадиган сабабларни ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган шароитларни аниқлашга, уларни бартараф этиш чораларини амалга оширишга қаратилган умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикани ташкил этиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ишларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари, асосий принциплари ва турлари ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар, уларнинг ваколатлари белгиланди.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи умумий ваколатли органлар сифатида, ички ишлар, прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, адлия, давлат божхона хизмати, давлат солиқ хизмати, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар сифатида белгиланган.
Эътиборли жиҳати шундаки, қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан анъанавий тарзда шуғулланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан бошқариш органлари ва улар тизимидаги муассасалар ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасалар сифатида белгиланди. Чунки аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, таълим-тарбия жараёнини ҳамда таълим олувчиларнинг бўш вақтларини мақсадли ташкил қилиш ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўладиган шарт-шароитларни бартараф этишда муҳим омил вазифасини бажарса, соғлиқни сақлаш муассасалари содир этилган ёки содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар фактининг ўз вақтида аниқланишида муҳим ўрин тутади.
Қонуннинг 18-моддасида эса соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари ички ишлар органларига ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликлар тарқалганлиги ҳақида, баданига шикаст етган ёхуд беҳуш ҳолатда бўлган шахслар келиб тушганлиги ёки мурожаат этганлиги ҳақида, одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий-маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида, вояга етмаган шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ҳақида хабар қилиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат тижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳам иштирок этишлари назарда тутилган. Ушбу институтлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасаларга кўмаклашиш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш йўли билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қуйилди.
Хорижий давлатларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда уни турли йўналиш ва ҳудудлар бўйича махсус дастурлар орқали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу жараёнда полиция ёки ички ишлар идораларининг иштироки минимал даражада бўлиб, амалга оширилаётган дастурларнинг ижроси, асосан, аҳолининг ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятига асосланади. Шунингдек, ушбу дастурлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишнинг классик усуллари – полиция патрули, тарғибот ва тушунтириш ишларига нисбатан анча амалий ва самарали эканлиги маълум бўлмоқда.
Хусусан, АҚШда қабул қилинган ана шундай дастурлардан бири “Синдирилган ойналар” дастури ҳисобланади. Мазкур концепциянинг асосчилари ўз ғоялари мазмунини қуйидагича ифодалайдилар: “Агар бинонинг битта ойнаси синган бўлса ва уни ҳеч ким таъмирламаса, қисқа вақт ичида бинонинг барча ойналари ҳам синдирилади, бинонинг ўзи тўлиқ ҳаробага айланади ва бу жой жиноятчилар маконига айланади”.
Кенгроқ қилиб айтганда ушбу концепция муаллифлари кўчалардаги тартиб ва озодаликнинг мавжуд эмаслиги девиант ҳулқ-атворнинг намоён бўлишига олиб келишини таъкидлайдилар. Яъни ташқи тартибсизлик (ойналар, электр чироқларининг синганлиги, қаровсиз ташлаб кетилган автомобиллар, биноларнинг ташқариси ва йўлларнинг узоқ вақт таъмирланмаганлиги, чиқиндиларнинг кўчанинг исталган жойига ташлаб кетилганлиги) ўша ҳудудда жамоатчилик назоратининг йўқлиги, ахлоқсизлик ва ҳуқуқбузарлик учун таъсир чоралари қўлланилмаслиги ҳамда давлат органлари ва ўзини ўзи бошқариш тузилмалари мазкур ҳолатга бепарво муносабатда бўлишларидан далолат беради. Бундай белгилар эса, одамларнинг онгостида ушбу ҳудуд назорат остидан ташқари, бу ерда давлат ва жамоат ҳокимиятининг кучи йўқ деган фикрни шакллантиради. Агар битта ойна синган ва бу ҳеч кимни безовта қилмаётган бўлса, демак иккинчи, учинчи ва бошқа ойналарни ҳам синдириш мумкин. Шу тариқа, одамнинг ичидаги яширин девиант хулқ-атвор унинг хатти-ҳаракатларига кўчади.
Мазкур гипотезага асосланган ҳолда, ушбу дастурда аҳоли пунктларида тозалик ва тартибга риоя қилинишини таъминлаш, қаровсиз автомашиналар, бино ва иншоотлар пайдо бўлишига, чиқиндиларнинг тўпланиб қолинишига йўл қўймаслик чоралари белгиланади. Бунда дастлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари доимий равишда аҳоли пунктларидаги ҳолатни ўрганиб борадилар, аста-секинлик билан аҳолининг ўзи ушбу дастурнинг ҳам ижрочиси, ҳам назоратчисига айланади. Дастурнинг ўзи эса аҳолининг кундалик турмуш тарзига сингиб боради.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда махсус дастурлар билан бир қаторда, бир қарашда оддий кўринган бошқа ташкилий чора-тадбирлар ҳам юқори самара бериши мумкин. Хусусан, ўтган асрда Европанинг қатор давлатларида йўловчилар томонидан ҳаво кемаларига қурол-яроқ ва бошқа хавфли буюмлар олиб кирилмаслигини қаттиқ назорат қилиш орқали, ҳаво кемаларини олиб қочиш билан боғлиқ жиноятлар сонининг кескин камайишига эришилди. Шунингдек, футбол мусобақаларида ҳар икки жамоа мухлисларининг алоҳида секторларда ўтиришлари ва турли эшиклар орқали кириб-чиқишларини йўлга қўйиш орқали эҳтиросга берилган мухлислар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузурликлар сони сезиларли даражада камайди.
Аҳолининг жамиятда юз бераётган ҳар бир ҳодисага нисбатан ўзининг фаол муносабатини билдириши, хусусан, ён-атрофдаги хонадонларда юз бераётган нотинчлик, кўчада шубҳали шахслар пайдо бўлганлиги ёки содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол хабар бериши, шунингдек уй-жой ва автомобилларни қаровсиз қолдирмаслик, жуда кўп миқдордаги нақд пул ёки қимматбаҳо буюмларни банк ва ломбардларда сақлаш одатининг шаклланганлиги ҳам потенциал жабрланувчилар сонининг камайишига хизмат қилмоқда.
Ушбу омиллар таҳлили шундан далолат берадики, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бу фақат қонунда белгиланган давлат органлари ва муассасаларининг вазифасигина эмас, балки шу жамиятда яшаётган ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёт тарзига сингиб кетиши лозим бўлган жараёндир. Зеро, бизнинг халқимиз азалдан “Бир болага – етти маҳалла ота-она”, “Касалликни даволагандан уни олдини олган афзал” каби нақлларга амал қилиб яшайди. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, ён атрофдаги одамларга нисбатан меҳр-оқибатли бўлиш, озгина бўлса-да номақбул иш қилишдан уялиш ҳисси оилада фарзанд тарбиясининг асосини ташкил қилиб келади. Шу сабабли, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бундай қадриятларни сақлаб қолиш бугунги авлоднинг бурчидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш нафақат давлат органларининг, балки шу жамиятнинг аъзоси ҳисобланган ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Энг аввало, ўзимиз, оила аъзоларимиз ва жамият олдидаги масълулиятни доимо ҳис қилиб яшаш, атрофдаги ҳодисаларга бепарволик билан муносабатда бўлмаслик, тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиб яшаш барчамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур.
Беҳзод Болиев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бошлиғи.