МАНФУР ЖИНОЯТ ИЛДИЗИ
Дата: 15.06.2015
Таъкидлаш жоизки, одам савдоси ҳозирги куннинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб, дунёнинг кўпгина давлатлари унга бевосита юзма-юз келмоқда. Бу хавфли иллатнинг алоҳида жиҳати шуки, у турли шакл ва кўринишларда намоён бўлади. Одамлардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш, мажбурий меҳнат, болаларни эзиш, “уй қуллиги”, “тутинган” оналик, тиланчиликка жалб этиш ва уларни ўз ҳоҳиш иродасига қарши боришга мажбурлаш, уруш ва бошқа можароли ҳолатлар гирдобига юбориш, инсон органларини сотиш каби жирканч хатти-ҳаракатлар мазкур кўринишдаги жиноятларнинг ажралиб турувчи жиҳати ҳисобланади.
Бу борадаги энг мақбул, холисона ва адолатли мезонлар Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига хос хусусиятдир. Бизнинг мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, хусусан одам савдоси билан боғлиқ масалаларга мавжуд ҳуқуқ тартиботи органларидан ташқари давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идоралари, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаалари, жамоалар, касаба уюшмалари, ёшлар ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, ҳатто оддий юртдошларимиз ҳам дахлдор эканлиги қонуннинг алоҳида жиҳатини ташкил этади. Унда қайд қилинишича, “Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашади ҳамда зарур ёрдам кўрсатади”.
Қонун талабига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан юртимиз ҳудудларида одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар фаолияти йўлга қўйилгани бу борадаги изчиллик ва собитқадамликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш соҳасидаги ишлар ва вазифалар ҳам қонун даражасида ечимини топиши лозим бўлган ҳуқуқий масалалар қаторига киритилди. Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Қонун одам савдосидан жабрланганларнинг хавфсизлиги ва бошқа ёрдам чораларини ҳам кафолатлайди. Чунончи, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья одам савдосида гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш хоҳишини билдирган одам савдосидан жабрланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят-процессуал кодекси”да назарда тутилган хавфсизлик чораларини кўради.
Одам савдосидан жабрланганларнинг таъминоти ва уларни реабилитация қилиш билан боғлиқ харажатлар суд ҳукми, ажрим ёки қарори асосида тўлиқ ҳажмда қопланади. Инсоний бағрикенгликларга оид бу каби ҳолатлар қонуннинг ҳамма боб ва моддаларида кўзда тутилган.
Шуни қайд этиш лозимки, бу борадаги кўламдор вазифаларнинг муаян қисми мамлакатимиз адлия органлари зиммасига ҳам юклатилган ва ушбу тадбирлар ижроси тизим фаолиятидан мустаҳкам ўрин олган. Буни назарда тутса, адлия бўғини ва бошқа тегишли органлар томонидан олиб борилаётган кенг миқёсли профилактик ва тезкор тадбирлар натижасида жиноятчиликнинг ушбу кўриниши сезиларли даражада камайгани эътиборни ўзига тортади.
А.Рахматов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари