Парламент назорати мазмуни, аҳамияти ва ўзига хос хусусиятлари
Дата: 23.06.2015
ЖАМИЯТНИ демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнида парламент фаолиятининг тутган ўрни беқиёсдир. Ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадида республикамизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маърифий-маданий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда парламент қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва мувофиқлаштириш каби йўналишларда ўз фаолиятини амалга оширади.
Парламент назорати функциясининг аҳамияти шундаки:
қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиши даражасини ўрганиш;
қонунларнинг амалиётда қўлланилишига салбий таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларни аниқлаш;
мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;
тегишли қонунларга назорат-таҳлил натижаларига асосан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг қонун ҳужжатлари қоида-талабларига сўзсиз амал қилиш маъсулияти ва мажбуриятини оширишга хизмат қилади.
Парламент назорати соҳасида нафақат хорижий мамлакатлар парламентларида, балки ўзбек миллий парламентаризми тарихида ҳам ўзига хос тажриба тўпланган. Мазкур институт мамлакатимиз парламенти икки палатали шаклда фаолият юрита бошлаганидан сўнг янада такомиллаштирилди.
Парламент назорати нафақат қонунларнинг сифати ва самарадорлигини оширишда, балки ҳокимиятлар ўртасидаги “бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат сақлаш” тизимининг барқарор ишлашини таъминлашда, жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини муҳофаза қилишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Маълумки, парламент назорати барча мамлакатларда бир хил амалга оширилмайди. Бу вазифа ҳар бир давлат сиёсий тизимининг ўзига хослигидан келиб чиқиб бажарилади.
Бугунги кунда кўпгина ривожланган давлатларда парламент назоратининг мунозаралар ёки дебатлар;
ҳукумат ва вазирларнинг парламент палаталари ялпи мажлисларида маърузаси ва ҳисоботини тинглаш;
ишончсизлик вотуми билдириш;
парламент тинглови;
интерпелляция;
парламент текшируви (тергови);
парламентнинг махсус мажлислари;
ҳукумат олдига масала қўйиш ёки “парламент соати”;
парламент комиссарлари фаолияти (Омбудсман);
парламент (депутат) сўрови сингари шакллари мавжудки, уларнинг айримлари Ўзбекистон парламентизмида ҳам қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасида Олий Мажлиси палаталари томонидан амалга оширилаётган парламент назоратининг асосий йўналишлари:
Ўзбекистон қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари ижроси устидан назоратни;
Ўзбекистон Президентининг муҳим сиёсий масалалар бўйича фармонларини тасдиқлаш орқали назоратни амалга оширишни;
давлат бюджетини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилишни;
инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши соҳасидаги назоратни;
давлат органларини шакллантириш ва мансабдор шахсларни сайлаш, тайинлаш ёки тасдиқлаш йўли билан назорат шаклини амалга оширишни;
парламент олдида ҳисобдор органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини тинглаш ва улар фаолияти юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш орқали назоратни амалга оширишни ўз ичига олади.
Буларнинг барчаси давлат ҳокимиятини амалга оширишда, қонун устуворлигини таъминлашда, халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишда парламентнинг устувор аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқади.
Олий Мажлис палаталарининг Конституцияда белгиланган биргаликдаги ва мутлақ ваколатларидан келиб чиқиб, уларнинг назорат-таҳлил фаолияти қуйидагиларда намоён бўлади:
Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатларидан келиб чиқадиган парламент назорати;
Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан парламент назоратини амалга ошириш;
Олий Мажлиснинг Сенати томонидан парламент назоратини амалга ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига биноан, палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш (8-банди) ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш (17-банди) вазифалари ҳам киради. Шунингдек, Асосий қонуннинг 80-моддасига асосан, Сенатнинг мутлақ ваколатлари доирасига Ўзбекистон Бош прокурори, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси ҳисоботларини эшитиш ҳам киради. Ўзбекистон Президентининг таклифига биноан, 2006 йилдан бошлаб ҳар йили Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Адлия вазирининг давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тизимлари томонидан қонунларнинг ижро этилиши аҳволи тўғрисидаги маълумотини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги Қонунга асосан ҳар икки палатанинг назорат соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш мақсадида Конституциянинг 78-моддасига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазир ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳақидаги норма киритилди. Бу, ўз навбатида, парламент назоратининг самарали амалга оширилишига хизмат қилади.
Шунингдек, парламент юқори палатаси ваколатларини кенгайтириш ҳамда бюджетни шакллантириш ва ижро этиш устидан парламент назорати самарадорлигини ошириш мақсадида Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Президент Фармонини тасдиқлаш ҳақидаги қоида Конституциянинг 80-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 85, 86, 87-моддаларида Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси Ўзбекистон қонунларининг ва Олий Мажлис палаталари қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этиши ҳамда ҳар икки палата ўз депутатлари ва аъзолари орасидан Ўзбекистон қонунлари ҳамда палаталар қабул қиладиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун қўмиталар сайлаши белгиланган.
Олий Мажлис палаталарининг назорат ваколатлари тўғрисидаги нормалар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонунларда янада ривожлантирилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2008 йил 26 августдаги 854–I-сонли Қарори билан тасдиқланган “Парламент сўровини амалга ошириш тартиби”да Қонунчилик палатаси томонидан парламент сўровини амалга ошириш механизми белгилаб берилган. Жойларда Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижро этилишини ўрганиш, қонунларнинг қўлланишига таъсир этувчи муайян омилларни аниқлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, назорат-таҳлил натижаларига асосан амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, мансабдор шахсларнинг қонунлар ижросини таъминлашдаги масъулиятини оширишга доир чора-тадбирларни кўриш назорат қилиш ваколати доирасида парламент ролини кучайтиришнинг муҳим воситасидир.
Амалдаги қонунчилигимизда парламент назоратининг умумий шакллари, субъектлари кўрсатилган бўлса-да, уларнинг функциялари, амалга ошириш механизмини акс эттирувчи, парламент назоратини мувофиқлаштирувчи, бошқа субъектлар билан муносабатларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатга эҳтиёж сезилаётганини ҳаёт кўрсатмоқда.
Шу боис парламент назорати фаолиятини тўлалигича қамраб оладиган “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда мазкур фаолиятнинг самарадорлигини ошириш бўйича жиддий ҳуқуқий қадам бўлиши баробарида янада ижобий амалий ўзгаришларнинг асоси бўлади, десак муболаға бўлмайди.
Даврон ҚАЛАНДАРОВ, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари