Меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ қонунчиликни такомиллаштиришнинг айрим масалалари
Дата: 02.07.2015
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар кимнинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари устувор меҳнат ҳуқуқий принцип сифатида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқларининг амалга оширилиши бир қанча меҳнат қонунчилигида ўз аксини топган ҳуқуқий механизмлар воситасида таъминланади. Мазкур ҳуқуқий механизмлар орасида меҳнат шартномасининг тузилиши, ўзгартирилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ муносабатлар марказий ўринни эгаллайди.
Қонунчилигимиз меҳнат қилишнинг ихтиёрийлиги, касб тури ва иш жойини танлашнинг эркинлиги тамойилига асослангани ҳолда ижтимоий ҳаётдаги маълум бир ҳолатлар юзага келганда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар бекор қилинишини ҳам назарда тутади. Ушбу ҳолатлар меҳнат қонунчилигида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари деб аталади.
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 1963 йилги тавсиялари ва Тадбиркор ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 1982 йил 22 июндаги Конвенциясида меҳнат шартномасини бекор қилинишига доир халқаро ҳуқуқий таомиллар белгилаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши қуйидаги асосий талаблар бажарилган шароитдагина қонуний деб топилиши мумкин:
- ходим билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши учун қонуний асосларнинг мавжудлиги;
- меҳнатга оид муносабатларни бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 97-моддасида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қуйидаги умумий асослари назарда тутилган:
1. Тарафларнинг келишувига кўра - ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин;
2. Тарафлардан бирининг ташаббуси билан;
3. Муддатнинг тугаши билан;
4. Тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;
5. Меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра;
6. Сайлов ёки танловдан ўтмаганлиги ёхуд сайлов ёки танловда иштирок этишни истамаганлиги туфайли.
Таъкидлаш жоизки, Меҳнат кодексининг 97-моддасида назарда тутилган асослардан ташқари кодекснинг айрим моддалари мазмунида ҳам меҳнатга оид муносабатлар бекор қилиниши мумкин бўлган бошқа ҳолатларни назарда тутади.
Меҳнат кодексининг 97-моддасида, авваламбор, меҳнат шартномасининг ҳар қандай турини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 42-сонли қарорининг 14-бандида судлар меҳнатга оид низоларни ҳал этишда тарафлар келишувига кўра (МК 97-моддаси 1-банди) меҳнат шартномаларининг барча турларини ва уларнинг ҳар қандай вақтда бекор қилиниши мумкинлигини эътиборга олишлари кераклиги таъкидланган[1].
Эътиборлиси шундаки, меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишга ўхшаб кетади. Шунга қарамасдан, бу асосларнинг мазмуни ва уларнинг ҳар бири бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиблари жиддий фарқланади.
Қонунчиликда тарафларнинг ушбу асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги келишувига қандай шаклда эришиши мумкинлигининг аниқ механизмлари белгилаб қўймаган. Бинобарин, тарафларнинг келишуви оғзаки шаклда ҳам, ёзма шаклда ҳам ифода этилиши мумкин. Бироқ амалиётда ёзма шаклга афзаллик берилмаслиги маълум бир низоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига илова тарзида меҳнат муносабатларини расмийлаштиришга оид ҳужжатларнинг намуналарини тасдиқлаш лозим деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, айнан ушбу асос бўйича ёзма шаклдаги келишувни расмийлаштиришда ходим ва иш берувчидан ташқари ходимнинг ўз хоҳиши билан ушбу келишувни имзолаётганлиги фактини тасдиқлаш учун ходимларнинг вакиллик органларини ҳам жалб қилиниши лозимлиги тўғрисидаги ҳуқуқий норма киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолининг моддий фаровонлигини юксалтириш масалалари бевосита меҳнат муносабатлари билан узвий боғлиқдир. Чунки жамиятнинг иқтисодий асослари ҳам, фуқароларнинг моддий таъминланган ҳолати ҳам аҳолининг иш билан бандлик даражасига бориб тақалади. Бунда эса меҳнат шартномасининг тузилиши, ўзгартирилиши ва бекор қилиниши билан боғлиқ муносабатларнинг аҳамияти алоҳида ўринга эга.
Айниқса, бозор иқтисодиёти шароитида меҳнат шартномасининг бекор қилиниши жараёнидаги муносабатларнинг аниқ ва ҳар томонлама ҳуқуқий тартибга солиниши кенг маънода аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлардан бири сифатида, бу борадаги ҳуқуқий нормаларни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш давр талаби ҳисобланади.
Мухаммад Тошов, Адлия вазирлиги Кадрлар бошқармаси бўлим бошлиғи