Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар адлия органлари ҳимоясида
Дата: 27.07.2015
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1602-сонли қарорида кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишларга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси белгиланган.
Ушбу Қарор билан тасдиқланган Низомга асосан Бухоро вилоят адлия бошқармасининг Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлими томонидан 2015 йил 1-ярим йиллиги давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, бўлимга ўтган олти ой давомида хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан жами 9 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 1 та мурожаат қаноатлантирилиб, шундан 6 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилган. 2 та мурожаат эса тааллуқлилиги бўйича бошқа ташкилотга юборилган.
Хусусан, Когон шаҳрида фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон-Германия “Бухарагипс” қўшма корхонаси раҳбари Д.Дерипалкога Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг жорий йил июль ойида режали текшириш ўтказилишидан норози бўлиб ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасида тадбиркорлик субъектининг мурожаати ва тўпланган ҳужжатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида қайта кўриб чиқиш учун Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасига юборилди ва Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасининг хатига асосан Ўзбекистон-Германия “Бухарагипс” қўшма корхонаси 2015 йил июль ойи режали текширишлар режа-жадвалидан чиқарилди.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида 74 та хорижий инвестициялар ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар мавжуд бўлиб, 51 та хорижий инвестициялар ва хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарда сўровлар ўтказилди.
Мониторинглар олиб бориш жараёнида давлат бошқарув органлари томонидан хорижий ва қўшма корхоналар фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатлари аниқланмади.
Текширишларни рўйхатга олиш китоблари мониторинг қилинганда, айрим назорат қилувчи идораларнинг масъул ходимлари томонидан китоблар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 7 ноябрда 2280-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари лозим даражада тўлдирилмаганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар солиқ инпекциясига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилиб, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган солиқ текширувлари бўлими бош инспектори-тафтишчиси Ш.Исматуллаевга нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланилди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан жами 4 та тақдимномалар киритилиб, тақдимномаларга асосан 5 нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилоят адлия бошқармасининг 2015 йил 1-ярим йилликка мўлжалланган иш режаси ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзсаноатқурилишбанк” Бухоро минтақавий филиалида тадбиркорликка оид меъёрий ҳужжатларга риоя қилиниш аҳволи тасдиқланган саволнома асосида ўрганилиб, филиали томонидан тўлов топшириқномаларини чизиш, бўяш, шунингдек, муддат бузилиш ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Жумладан, “Бухара Брилиант Силк” қўшма корхонаси томонидан банкка тақдим қилган 2015 йилдаги 80-сонли тўлов топшириқномаси санаси бўяб ўзгартирилиб, 2015 йилнинг 12 март куни ижро қилинган.
Худди шундай ҳолат АТБ “Агро банк” Бухоро ҳудудий филиали ҳамда “Асака” банк Бухоро шаҳар филиалида ҳам такрорланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли банкларга тақдимномалар киритилиб, тақдимномада қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун 12 та масъул ҳодимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Шунингдек, мазкур қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан АТБ “Агро банк” Бухоро ҳудудий филиали бош ҳисобчи ўринбосари Н.Улжановга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштириб жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2015 йил 4 май кунидаги қарорига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, қайд этилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл ҳамда Пешку туманлараро судларига етказилган маънавий зарарни ундириш тўғрисида даъво аризалари киритилиб, ушбу даъво аризалари тўлиқ қаноатлантирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 3 июнь куни Когон туман ҳокимлигида ташкил этилган семинарда юқоридаги Қонун, Фармон ҳамда Қарор мазмун моҳияти тушунтирилиб, Бухоро вилоят телевиденияси ва “Истиқлол” телевиденияси орқали эфирга узатилди.
М.Мирмуллоев, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи