Тадбиркор ва адвокат
Дата: 04.08.2015
Бугунги кунда мамлакатимизда, борингки, ривожланаётган барча хорижий давлатларда иқтисодий муносабатларнинг катализатори сифатида эътироф этилаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга рухсат бериш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ҳамда уларнинг мустақил фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, шу орқали уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш давр талаби ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.
Иқтисодий ислоҳотларни янада эркинлаштириш ва чуқурлаштиришга доир вазифалардан келиб чиққан ҳолда тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришни кучайтириш, тадбиркорлар фаолиятини фаоллаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларининг ишончли кафолатини таъминлаш, кичик ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш мақсадида 2015 йил 15 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан тадбиркорларни ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиши бўйича амалга ошириладиган 33 та аниқ чора тадбирлар белгиланди.
Фармонда, шу жумладан, адвокатура институтининг тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатига алоҳида урғу берилиб, амалдаги қонунчиликка бундан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.
Хусусан, Фармоннинг 2-бандига мувофиқ 2015 йилнинг 1 июлидан қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) амалга оширилиши тартиби ўрнатилди.
Худди шундай норма Фармон билан тасдиқланган Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастурида ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, мазкур Дастурда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ортиқча ҳужжат ва жараёнларни қисқартириш мақсадида хўжалик шартномалари тузилаётган вақтда хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизматлари ёки жалб қилинган адвокатларнинг хулосаси мавжуд бўлиши шартлигини бекор қилиш назарда тузилган.
Юқоридаги масалаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасига тегишли қўшимчаларни назарда тутади.
Унга кўра тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини қўзғатилган жиноят ишлари муносабати билан текширишларни ўтказишда текшириш ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб қилинган адвокатларнинг тўсқинликсиз иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади (тадбиркорлик субъекти томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно).
Текшириш бошлангунга қадар текширишни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштирок этишга адвокатни жалб қилиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, унинг иштирокидан воз кечилган тақдирда, бу ҳақда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларидан воз кечганлик тадбиркорлик субъекти томонидан уни текширишнинг келгуси босқичларида жалб қилишга монелик қилмайди.
Қонунчиликда қўзғатилган жиноят ишлари муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида текшириш амалга оширилганда профессионал адвокатларнинг мажбурий иштироки кўзда тутилмаганлиги боис, қайд этилган қоидаларни қонунга киритиш таклиф қилинмоқда.
Таклиф қилинаётган чоралар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан уларнинг молиявий-хўжалик фаолияти ўрганилган вақтда ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган.
Мазкур масала бўйича халқаро тажрибага назар ташласак, хорижий мамлакатлар қонунчилигида тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти текширилганда адвокатлар иштироки кўзда тутилади.
Масалан, Арманистон Республикасининг “Арманистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган ташкилотларда текширишларни ташкил қилиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахслари текширилаётган хўжалик юритувчи субъект манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида текширишнинг исталган босқичида адвокатларни иштирок этиш учун жалб қилишга ҳақли. Россия Федерацияси қонунчилиги ҳам адвокатларнинг тадбиркорлик фаолияти субъектлари исталган назорат органлари томонидан текширилганда адвокатлар иштирокига йўл қўяди.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш мумкинки, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, уларни қўллаб қувватлаш ва ҳуқуқий ҳимоя қилишга доир қабул қилинаёган қонун ҳужжатларининг ижроси, уларда белгиланган имтиёз ва имкониятларнинг тўлиқ қўлланилиши иқтисодиётимизнинг янада ривожланишига олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси катта маслаҳатчиси И. Мусурмонов