Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Маъмурий қонунчиликни такомиллаштириш жараёни

Дата: 03.08.2015    

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ республикамизда барча соҳаларда, шу жумладан, ҳуқуқий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар орасида маъмурий қонунчилик тизимини такомиллаштириш, жумладан, давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган маъмурий жазоларни қайта кўриб чиқиш, жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Маълумки, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўта муҳим бир мақсадга, яъни ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича ғоят долзарб чора-тадбирларни кўришга қаратилган эди.

Бу жараёнда марказий ижро этувчи ҳокимиятнинг бошқарув тузилмалари ва маъмурий органларнинг вазифаларини ўзгартиришга, уларнинг бошқариш, тартибга солиш ва тақсимлаш борасидаги ваколатларини, хўжалик тузилмалари фаолиятига бевосита аралашувини кескин қисқартиришга катта эътибор берилди. Бошқача айтганда, уларнинг ваколатларини бозор тамойилларига мувофиқлаштириш ва пировард натижада давлатнинг иқтисодиётни бошқаришдаги ролини жиддий камайтириш кўзда тутилган эди.

Жамият ҳаётининг барча томонларини эркинлаштириш ва ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичи талабларига мувофиқ иқтисодиётни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тузилмаларининг ҳокимият ваколатларини қисқартириш, давлат ва хўжалик бошқаруви вазифаларини аниқ чегаралаб қўйиш, шунингдек республика давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2003 йил 9 декабрдаги 
ПФ–3358-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, шунингдек улар ҳузурида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган давлат бошқаруви тузилмалари республика давлат бошқаруви органлари жумласига кириши белгиланди, уларинг асосий вазифалари ва функциялари мустаҳкамлаб қўйилди.

Ушбу фармонга асосан, айни вақтда республика давлат бошқаруви органларининг фаолиятларини тартибга солувчи ва белгиловчи Низомлар Ҳуқумат томонидан тасдиқланган.

Бошқарув соҳасини марказлаштиришни чеклаш, бу борадаги вазифаларнинг бир қисмини республика даражасидан вилоят, туман ва шаҳар миқёсига ўтказиш, Ўзбекистонда маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб шакли бўлган маҳалла тизимини шакллантириш масалаларига катта аҳамият қаратилди.

Президентимизнинг 2010 йил 12 ноябрдаги Олий Мажлис Конунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида эълон қилинган "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси" давлатчилигимиз тараққиётида муҳим ўзгаришларни белгилаб берди.

Ушбу Концепцияда илгари сурилган дастурий таклифларда жамиятимиз тараққиётининг кейинги муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Ҳозирги кунда юртимизда ҳамда дунё ҳамжамияти томонидан қизғин муҳокама қилинаётган ва ривожланишнинг илғор демократик йўли сифатида тан олинган ушбу Концепцияни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Концепцияда Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳиш йўналишларидан бири, бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатлилиги белгиланган.

Президентимиз томонидан давлатимиз суд-ҳуқуқ тизими ривожланиши кейинги босқичининг муҳим йўналишлари бўйича концептуал таклифлар билдирилдики, уларнинг барчасида аниқ мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, қонунчиликни такомиллаштириш ва соҳани ислоҳ қилиш бўйича амалга ошириладиган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланган.

Илгари сурилган таклифларнинг амалга оширилиши давлатимиз суд-ҳуқуқ тизимининг янада такомиллашишига, яъни жиноят қонунчилигини тобора либераллашуви шароитида айрим қонунбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш, маъмурий жавобгарликка оид қонунчиликнинг унификациялаш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишни процессуал механизмларини такомиллаштириш, демократлаштириш, бу соҳада қонунийликни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш бўйича вазифаларни ҳал этилишини назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик 
тўғрисидаги кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқилишига олиб келади.

Шуни таъкидлаш жоизки, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик, инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилишни, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилишини, шунингдек бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун қонунчилик қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланишини, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан қайси орган (мансабдор шахс) томонидан қай тартибда қанақа маъмурий жазо қўлланилиши ва ижро этилишини белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1994 йилда қабул қилинган бўлиб ўтган давр мобайнида 80 мартадан кўпроқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Унинг янги таҳрири суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш муносабати билан маъмурий қонунчилик ва жиноий-ҳуқуқий сиёсатда юз берган катта миқёсдаги принципиал ўзгаришларни ўзида тизимли ва кенг кўламли тарзда акс эттириши шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, демократлаштириш, бу соҳада қонунийликни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш бўйича чораларни ҳам мазкур кодексда кўзда тутиш белгиланган.

Назаримизда янги таҳрирдаги маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс лойиҳасида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини либераллаштиришнинг қуйидаги жиҳатларига эътиборга қаратилиши мақсадга мувофиқ:

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш ва демократлаштириш. Бу йўналишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни таъминлаш чораларидан бири ҳисобланган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш жойини, тартибини аниқлаштириш ва муддатларини кўриб чиқиш, маъмурий процессуал мажбурлов чораларини қўллашда суд органлари санкцияси институтининг киритилиши ўз ифодасини топмоғи лозим. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш процессуал мажбурлов чорасини қўллашда фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартибини жорий этилиши суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришнинг ҳамда фуқаролариннг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг имплементация қилинишини мантиқий давоми ҳисобланади.

Мухтасар қилиб айтганда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида юқорида таклиф этилган маъмурий жавобгарликни эркинлаштирувчи нормаларда, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш муносабати билан маъмурий қонунчилик ва жиноий-ҳуқуқий сиёсатда юз берган катта миқёсдаги принципиал ўзгаришларни ўзида тизимли ва кенг кўламли тарзда акс эттириши лозим.

Адлия вазирлиги Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бош маслаҳатчиси А.Кадиров