Ёшларга ибрат бўлайлик!
Дата: 06.08.2015
Ромитан туман ФҲДЁ бўлимига Ромитан туман “Қўрғон қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Отабек Ёдгоров (баъзи мулоҳазалар боис исм-шарифлари ўзгартирилган) томонидан ариза тушди. Мурожаатнинг мазмуни никоҳни бекор қилиш тўғрисида эди. Аҳвол яқиндан ўрганилганидан кейин аён бўлдики, ёшларнинг турмуш қуришганига эндигина бир йил тўлган, куёв бола 22 ёшда, келинчак эса 19 ёшга тўлган. Келишмовчилик сабаби эса ўртада фарзанд бўлмаётгани, куёв томоннинг тоқати тоқ бўлганида эмиш. Мурожаат муаллифига ётиғи билан тушунтириш берилди. Шунингдек, турмушга юзаки қарашнинг оқибатлари тузатиб бўлмас хатоликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам уқтирилди. Бунинг ҳам фойдаси бўлмагач, ёш оилага пухта ўйлаб кўришлари учун муддат тайинланиб, аҳволни яхшилаш ва келин-куёвни яраштириш чораларини кўриш тўғрисида маҳалла фуқаролар йиғинига тақдимнома киритилди. Яқинда ўша оила вакиллари ота-оналари билан бирга ҳузуримизга кириб келишди. Йўқ, улар ажрашиш учун эмас, балки ажрашиш тўғрисидаги аризани қайтариб олиш учун келишганди. Яратганнинг инояти, мўъжизасини қарангки, келинчак фарзанд кутаётган экан. Отабекнинг эса қувончи ичига сиғмаётганлигини сўз билан ифодалаш мушкул эди.
Барибир, йиллар давомида орзу-ниятлар қилиб, тўй-томоша бергандан кейин ёшларнинг бахтли яшаб кетишларига, уларнинг қўша қаришларига рағбатни катталар, қолаверса кекса ота-оналар бермоғи ҳам фарз, ҳам қарз эмасми?! Бир оиланинг арзимас баҳона билан ажрашиб, барбод бўлганидан кўра, ўша оилада чақалоқ йиғиси эшитилгани минг бора афзал эмасми? Ёшларнинг бир-бирини тушуниб кетишлари учун маълум вақт ва муддат лозим-ку. Бу ишда ота-онанинг ўрни ва хизмати беқиёсдир.
Маълумот учун жорий йилнинг ўтган даври давомида Ромитан туман ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ажришиш учун ариза берган ёш оилалардан учтаси яраштирилди. Демак, учта оила аъзоларининг асаббузарликлари, нотинчликлари, шунингдек, мол-мулк талашишларининг олди олинди. Муҳими бунда маҳалла оқсоқолларига, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, кўпни кўрган отахон-онахонларимизнинг саъй-ҳаракатлари, панд-насиҳатлари катта фойда берди.
Юқоридаги каби ҳолатлар, яъни никоҳдан ажрашиш, эрта турмуш, шунингдек, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш мақсадида бўлим томонидан 2015 йилнинг 6 ойи давомида жами 20 дан ортиқ тарғибот тадбирлари, 10 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилиниб, турли хилдаги буклетлар тайёрланди ва фуқароларга тарқатилди.
Жумладан, худди шу каби мавзуларда тумандаги “Шўробод”, “Ҳофизработ”, “Афросиёб” каби маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Тадбирларда ибратли оилалар, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган қарияларимиз билан очиқ мулоқотлар уюштирилиб, ёшларга эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг хунук оқибатлари хусусида тушунтиришлар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, ота-оналаримиз, шунингдек, насиҳатчи кексаларимиз ҳаёт экан, ёшлар ўз йўлидан адашмаслиги табиийдир.
Л.Ботиров, Ромитан туман ФҲДЁ бўлими мудири