Тадбиркорлик тараққиётининг қонунчилик кафолатлари
Дата: 11.08.2015
Бугунги кунда мамлакатимизда, борингки, ривожланаётган барча хорижий давлатларда иқтисодий муносабатларнинг катализатори сифатида эътироф этилаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга рухсат бериш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ҳамда уларнинг мустақил фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, шу орқали уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш давр талаби ҳисобланади. Қолаверса, Юртбошимиз томонидан ҳам “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да “холисона таҳлил, ислоҳотларимизнинг мантиғи ва изчиллиги, уларнинг энг замонавий бозор нормаларига мувофиқлигини баҳолаш иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича жиддий эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда”, дея алоҳида таъкидланди.
Тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш, республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш мақсадида 2015 йил 15 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам худди шундай талаб ва эҳтиёжларни ўзида мужассам этган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди.
Мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, Фармон билан Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Фармон билан тасдиқланган ушбу Чора-тадбирлар дастурида қуйидаги муҳим масалалар инобатга олиниши белгилаб қўйилди. Булар:
тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш;
хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш;
барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш;
хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш.
Дастурга киритилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик масъул ижрочилар – тегишли вазирликлар, идоралар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар раҳбарларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилди.
Шунингдек, Фармонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб бир қатор муҳим масалалар юзасидан тартиблар ўрнатилди. Бунда:
микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади;
молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди;
тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олади;
қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.
Фармонга асосан тегишли даъвони кўриб чиқиш даврида тадбиркорлик субъекти томонидан шикоят қилинганда хўжалик судларига назорат қилувчи орган қарори ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади. Солиқ ва божхона қонунчилиги тадбиркорлик субъектлари томонидан бузилиши билан боғлиқ ҳолатда уларнинг мол-мулклари фақат суд қарори бўйича олиб қўйилади, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан эътироз қилинадиган қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари хўжалик суди қарори бўйича ундирилади. Ҳозирги кунда ушбу масала ижроси юзасидан ишчи гуруҳи ташкил қилинган ва ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасининг 6 та кодексига ва 8 та қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари учун яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун ўрнатилган ставканинг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилмоқда.
Якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқдан озод этилади.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига адлия органлари ходимларининг чегараланган миқдорини сақлаб қолган ҳолда, «бир дарча» марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилди. Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларига “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда мазкур марказларнинг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан кечикмасдан бошланиши назарда тутилди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, мазкур Фармон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат бошқарув идоралари, назорат органлари билан ўзаро муносабатлардаги фаолиятини соддалаштириш, уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шулар орқали кичик биснес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Даврон Қаландаров, Адлия вазирлиги Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси бошлиғи ўринбосари