Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркорлик соҳасида жавобгарлик либераллаштирилмоқда

Дата: 14.08.2015    

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий қилиш, ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш, бизнес субъектларини ташкил қилишни соддалаштириш ва шундай субъектларнинг янада эркин фаолият юритишларини таъминлаш борасида изчил ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2012-2014 йиллар давомида хусусий мулкнинг ўрнини ошириш ва ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субьектлари фаолияти учун максимал даражада қулай шарт-шароитларни вужудга келтиришга қаратилган 15 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди, жумладан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Банкротлик тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунлар ва бошқалар.

Давлат раҳбарининг 2015 йил 10 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида таъкидлагандек, - “бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56 фоизини ишлаб чиқараётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги вақтда иш билан банд аҳолимизнинг 75-77 фоизи бу соҳада меҳнат қилмоқда.

Биринчи навбатда Конститутсиямизда муҳрлаб қўйилган кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳаси бўлмиш хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик йўлидан барча ғов ва тўсиқларни йўқ қилиш – биз учун ҳал қилувчи, устувор вазифага айланиши даркор.

Айтиш керак – ўтган йиллар давомида мамлакатимизда хусусий мулк ва мулкдорларни ҳимоялашга қаратилган ишончли меъёрий-ҳуқуқий асос ва кафолатларни, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка зарур шароит ва имтиёзларни яратиб бериш бўйича кўпгина ишлар бажарилди ва бажарилмоқда.

Лекин, минг афсуски, хусусий мулкнинг давлат мулкига нисбатан устуворлиги барчамиз учун аён бўлишига қарамасдан, бу йўналишда амалга ошираётган ишларимиз, аввало, мулкдорларга эркинлик бериш масалалари тўла йечилмаяпти, ўзининг кутилган самарасини бермаяпти.

Шунинг учун ҳам иқтисодиётимизда давлатнинг улуши ва ўрнини стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартиришимиз даркор”.

Шу муносабат билан, Республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушни изчил оширишга йўналтирилган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ–4725-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган 33 банддан иборат бўлган хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ушбу чора-тадбирлар дастури хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш ҳамда уларни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни, шу билан бирга, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишни назарда тутади. Бунда Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга тегишли қонун лойиҳаларини тайёрлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.

Фармон ва чора-тадбирлар ижроси юзасидан Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатининг жорий йилнинг 6 август куни бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун Ўзбекистон Республикасининг 31 та қонунларига ва 10 та кодексларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни назарда тутувчи 43 та моддадан иборат.

Ушбу қонуннинг асосий мақсади хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Қонун билан, хусусан, “Банкротлик тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ҳамда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Меҳнат, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Ер, Уй-жой ва Солиқ кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, суд қарори асосидагина товарлар, транспорт воситалари ва бошқа буюмларни мусодара қилиш механизмини жорий этиш учун Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 27-моддасига ва “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини либераллаштириш жараёнини давом эттириш мақсадида Жиноят кодексининг 184-моддасига қўшимча, шунингдек Жиноят-процессуал кодексининг 333-моддасига ўзгартириш киритилмоқда. Ушбу ўзгартириш ва қўшимчага мувофиқ Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахс солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат солиқ хизмати органининг қарори олинган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида давлатга етказилган зарарни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пеня ҳамда бошқа молиявий санкциялар тарзида тўлиқ қоплаган бўлса, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди.

Қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа давлат органлари мансадор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида Жиноят кодекси янги “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа жиноятлар” деб номланган 1921-19210-моддалардан иборат янги XIII1-боб билан тўлдирилмоқда.

Мазкур боб билан, хусусан, қуйидагилар назарда тутилади.

Давлат органининг мансабдор шахси билан бир қаторда нодавлат ташкилотнинг мансабдор шахси Жиноят кодексининг 205, 210 ва 211-моддаларининг субъекти ҳам ҳисобланади. Бунда давлат органининг мансабдор шахси томонидан содир этиладиган ушбу жиноятларнинг жамоатчилик учун хавфи нодавлат тузилманинг мансабдор шахси томонидан содир этиладиган шунга ўхшаш ҳаракатлардан анча кучлидир. Шу муносабат билан Жиноят кодекси янги 1921, 1922 ва 1923-моддалар билан тўлдирилмоқда. Ушбу моддаларда тижоратда пора бериб оғдириб олганлик, нодавлат нотижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ходимини пора бериб оғдириб олганлик, нодавлат нотижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида ваколатларни суиистеъмол қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда ҳамда уларни содир этганлик учун юмшоқроқ жазо белгиланмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари зиммасига қонунда назарда тутилмаган мажбуриятларни мажбуран юклаш ҳолларининг олдини олиш учун Жиноят кодекси 1924-модда билан тўлдирилмоқда. Ушбу модда тадбиркорлик субъектларини пул маблағлари ажратиш билан боғлиқ хайрия ишлари ва бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилганлик учун мансабдор шахсларнинг жиноий жавобгарлигини назарда тутади.

Хусусий мулк ҳимоясини ва хусусий тадбиркорлик ҳуқуқларини кафолатларини янада кучайтириш, хусусий мулкни ноқонуний равишда мусодара қилганлик учун айбдор шахсларнинг, шу жумладан мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида Жиноят кодекси хусусий мулкка тажовуз қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 1925-модда билан тўлдирилди.

Жиноят кодекси янги 1926-19210-моддалари билан тўлдирилмоқда. Ушбу моддаларда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш тартибини бузганлик, тадбиркорлик субеъктларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни ноқонуний тарзда тахтатганлик, рухсат бериш 
тартиб-таомиллари ва лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик, имтиёзлар берилишига тўсқинлик қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларга пул маблағлари берилишини асоссиз кечиктирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2411-24111-моддалардан иборат янги боб билан тўлдирилмоқда. Ушбу бобда хусусий мулк ҳуқуқларини бузганлик, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) тартибини бузганлик, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк хисобварақлари бўйича операцияарни ноқонуний тарзда тўхтатганлик, тадбиркорлик субъектларини хайрия ва бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилганлик, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, имтиёзлар ва преференциялар қўллашни ғайриқонуний равишда рад этганлик ёки уларга тўсқинлик қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларга пул маблағлари берилишини асоссиз кечиктирганлик, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик, тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларини бузиб ҳужжатлар талаб қилганлик, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларидаги пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни асоссиз талаб қилганлик, кўчмас мулкни бузиб ташлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган имтиёзлар (преференциялар) амалга оширилиши устидан назорат қилишнинг ягона механизмини белгилаш мақсадида “Тадбиркорлик фаолиятини эркинлигининг кафоллатлари тўғрисида”ги Қонун 301-модда билан тўлдирилмоқда. Ушбу модда қонун ҳужжатларида берилган кафолатлар, имтиёзлар ва преференцияларни тушунтириш, имтиёзларга (преференцияларга) эга тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олиш, шунингдек уларнинг қўлланилишини таъминлаш юзасидан давлат органларининг мажбурияти белгиланишини назарда тутмоқда. Бундан ташқари, кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар тадбиркорлик субъектларига улар ваколатли органлар ва ташкилотларга (давлат солиқ органлари, божхона хизмати, давлат статистика органлари, банклар ва ҳоказоларга) ёзма мурожаат қилмасалар ҳам тақдим этилиши назарда тутилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш мумкинки, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, уларни қўллаб қувватлаш ва ҳуқуқий ҳимоя қилишга доир қабул қилинаёган қонун ҳужжатларининг ижроси, уларда белгиланган имтиёз ва имкониятларнинг тўлиқ қўлланилиши иқтисодиётимизнинг янада ривожланишига олиб келади.

Ф. Джалилов, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси