Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

“Бир дарча” тамойили: қулайлик ва тезкорлик

Дата: 28.08.2015    

Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бу сохани ривожлантириш биринчи навбатда, иқтисодиётни юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, хусусий секторга ички ва хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, аҳоли даромадини ошириш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий мақсадларга эришишга хизмат қилади.

Юртбошимиз томонидан 2015 йил 15 майда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4725-сон Фармонининг қабул қилиниши мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар давомийлигининг яққол исботидир.

Фармонга кўра республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш мақсадида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурга асосан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, шунингдек хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш масалалари илгари сурилди.

Фармоннинг афзаллик жиҳатларидан яна бири 2015 йилнинг 1 июлидан микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга ошириладиган бўлди.  Энди молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги белгилаб қуйилди. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олади.

Эндиликда қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда амалга оширилади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун ўрнатилган ставканинг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига “бир дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этилади. Ташкил этиладиган марказ учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига адлия органлари ходимларининг чегараланган миқдорини сақлаб қолган ҳолда, “бир дарча” марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилди.

2016 йилнинг 1 январидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишдан тушаётган давлат божининг жами суммаси туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари даромадига, эса “бир дарча” марказларини молиялаштириш манбаи сифатида уларнинг даромадига ўтказилади, келиб тушган маблағлар фақат марказлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларни рағбатлантириш мақсадларига йўналтирилади.

Мазкур Фармонда «бир дарча» марказларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан кечиктирмасдан бошланиши таъминланиши, шу муддатдан бошлаб «бир дарча» марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилди.

Бундан кўриниб турибдики, “бир дарча” тамойилининг амалга оширилиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қулайлик ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилади.

Зеро, мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилаётган бундай қулай шарт-шароитлар хусусий сектор давлат ҳимоясида эканлигининг ҳуқуқий кафолалатлари кучайтирилаётганлигининг яна бир тасдиғидир.

Э.Холмахматов, Адлия вазирлиги масъул ходими