Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари

Дата: 28.08.2015    

Фуқаролик жамиятини шакллантириш масаласи нақадар долзарб масала эканлигини юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларидан ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Ўтган давр мобайнида ННТлар фаолиятини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бунга мисол қилиб, Президентимизнинг 2013 йил 12 декабрдаги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги қарорларини мисол қилишимиз мумкин.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 4 июнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Мазкур низомнинг асосий мақсади нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари, шунингдек халқаро ва хорижий ННТнинг ваколатхоналари ва филиаллари, диний ташкилотлар томонидан тадбирлар ўтказилишини, халқаро ва хорижий ННТларнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан босма, аудиовизуал ҳамда бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишини адлия органлари билан келишиш тартибини белгилайди.

Низомда ННТлар қайси тадбирларни ўтказиш учун келишиш лозимлиги ёки қайси тадбирларни ўтказиш учун розилик олиниши шарт эмаслиги аниқ белгилаб қўйилди ва тадбирлар тушунчасига ҳам аниқ таъриф берилди.

Хусусан, Низомнинг 1-бандига кўра, Ўзбекистон Республикасида ёки хорижий давлат ҳудудида бевосита ННТ томонидан ташкиллаштирилган, ўз уставида белгиланган мақсадларга эришиш учун конференция, семинар, тренинг, йиғилиш, акция, давра суҳбати, учрашув, симпозиум ва бошқа шаклларда шахсларни тўплаш “Тадбир” деб эътироф этилади.

Шунингдек, низомнинг 3-бандида кўрсатилган тадбирлар адлия органлари билан келишиш талаб этилмайди, яъни:

ННТнинг уставига мувофиқ унинг раҳбар органлари йиғилишлари, башарти уларда учинчи шахсларнинг (оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари) иштирок этиши назарда тутилмаганда;

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, давлат дастурларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг девони, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларида ўтказилиши назарда тутилган тадбирлари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланган ёки улар билан келишилган режаларга мувофиқ ўтказиладиган оммавий жисмоний-тарбия ва спорт тадбирлари;

ННТнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ ўтказиладиган оммавий тадбирлари;

шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда ННТ вакилининг иштирок этадиган тадбирларда адлия органлари билан келишиш талаб этилмайди.

Келишиш талаб этилмайдиган тадбирлар ҳақида адлия органига тадбир ўтказилишидан камида беш кун олдин ёзма равишда хабардор қилинади холос.

Низомнинг 4-бандига кўра вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудларида фаолият олиб борадиган ННТ томонидан ўтказиладиган тадбирлар – тегишли ҳудудий адлия органи билан келишилади.

Низомнинг 2-бобида эса келишиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатиб ўтилган.

Жумладан, ННТ ўз ихтиёрига кўра ҳар бир алоҳида тадбирни ёки тадбирлар режасини, рўйхатини келишиш учун адлия органига мурожаат қилади. Тадбирлар режаси, рўйхати йиллик, чораклик ёки ойлик бўлиши мумкин.

Эндиликда ННТларга қулайлик яратиш мақсадида тадбирлар режасини келишида уларнинг ихтиёрига берилиб, хоҳласа йиллик, хоҳласа чораклик ёки ойлик режаларини тақдим этшиш имконияти берилди. Чунки кўп ҳолларда ННТларнинг тадбирлар режаси раҳбар органлари томонидан уларнинг йиғилишларида тасдиқланади.

Шу билан бирга, тадбирлар режаси ёки рўйхатини келишиш учун ННТ тадбирни ўтказиш мўлжалланган санадан камида йигирма кун олдин, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига, шу жумладан ННТга ташрифини ташкил этишда эса ташрифдан камида бир ой олдин тегишли адлия органига ёзма равишда мурожаат этади.

Низомнинг 8-бандига кўра тадбир ёки тадбирлар режаси келишиш ҳақидаги мурожаатда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши ёки унга илова қилиниши зарур:

тадбирнинг номи, мазмуни (кун тартиби), мақсади ва шакли;

тадбирда иштирок этиши режалаштирилган шахслар ҳақида маълумот, яъни тахминий сони;

тадбир ўтказиладиган жой ва аниқ сана, шу жумладан тадбирнинг бошланиш ва тамом бўлиш вақти;

тадбирни молиялаштириш манбалари;

тарқатма, босма, аудиовизуал ва бошқа материалларнинг (мавжуд бўлса) нусхалари (намуналари);

мурожаат қилинган сана, ваколатли шахснинг имзоси.

Низомнинг 13-бандига кўра тадбир ёки тадбирлар режасини (рўйхатини), босма, аудиовизуал ва бошқа материалларни келишиш учун тақдим этилган ҳужжатлар адлия органи томонидан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

Низомнинг 17-бандига кўра адлия органи ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан тадбирни ўтказишга, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишига розилик бериш ёки сабабларини кўрсатган ҳолда розилик беришни рад этиш тўғрисида ННТни ёзма равишда хабардор қилади.

Низомнинг 18-бандига мувофиқ қуйидаги ҳолларда тадбирни ўтказишга, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишига розилик бериш рад этилади:

тадбир, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилиш, фуқароларнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилишга қаратилган бўлса;

мазкур Низомда назарда тутилган ҳужжатлар (маълумотлар) тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;

ҳужжатлар (маълумотлар) ушбу Низомда белгиланган муддатларда тақдим қилинмаган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларда (маълумотларда) нотўғри ахборот келтирилганлиги аниқланса.

Тадбир ўтказилишига, босма, аудиовизуал ва бошқа материаллар тайёрланиши ва тарқатилишига розилик бериш рад этилганда, ННТ рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиш ва адлия органига такроран мурожаат қилишга ҳақли.

Низомнинг 20-бандига мувофиқ тадбир ННТ томонидан адлия органига тақдим этилган ҳужжатларга (маълумотларга) мувофиқ ўтказилиши шарт.

Тадбирнинг қонун ҳужжатларига ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсадларга мувофиқ ўтказилиши учун ННТ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс жавобгардир.

Хулоса қилиб айтганда ушбу қабул қилган қонун ҳужжатлари ННТларнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилгандир. Бундан кўзланган асосий мақсад уларнинг янада самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан иборат.

Ж.Тилавов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими