Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Фуқаролик жамияти – демократик давлат асоси

Дата: 14.09.2015    

Бугунги кунда, мамлакатимизда тараққиётнинг “ўзбек модели” ва “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” стратегияси юксак самаралар бераётганини таъкидлаш ўринли. Бунинг натижасида фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш учун ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник шароитлар яратилди. Ўзбекистон фуқаролик жамияти тузилмасини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, ижтимоий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва фондлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши мустаҳкамлаб қўйилган. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини изчил ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосига айланган икки юздан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир.

2008 йилда 3 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. Давлат маблағларини грант, субсидия ва ижтимоий буюртмалар шаклида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга манзилли ва очиқ-ошкора, демократик йўналтириш бўйича самарали тизим шакллантирилди.

Айрим хорижий мамлакатларда, жумладан Германияда фуқаролик жамияти соҳасида ва унинг фаоллигини оширишда фуқарога нодавлат секторни ривожлантиришнинг муҳим мақсадли объекти сифатида эътибор қаратилади.

Мамлакатимизда ҳам бу борада нодавлат нотижорат ташкилотларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу жараёнда фуқаролар фаоллигини ошириш назарда тутилган. Мамлакатингизда ушбу масалага бундай комплекс ёндашув халқаро илмий ҳамжамият учун ғоят қизиқарлидир.

Давлатнинг жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ва интилиши фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича “ўзбек модели”нинг ўзига хос жиҳатидир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла”, “Соғлом авлод учун”, “Экосан” ва “Нуроний” жамғармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва бошқа жамоат ташкилотларининг фаолияти алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида ушбу йўналишда салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг тобора фаоллашиб, давлат ва жамият бошқарувидаги фаолияти кўлами ва ваколатлари кенгайиб бораётгани Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳаётга татбиқ этилаётгани билан бевосита боғлиқ эканини унитмаслигимиз лозим. Сабаби, концепция доирасида фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият қурилиши жараёнидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.

2014 йилнинг 1 январидан нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун олинадиган давлат божи ставкаси 5 баробар, уларнинг рамзларини давлат рўйхатига олиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 баробар камайтирилгани қайд этиш жоиз. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудлардаги ваколатхона ва филиаллари бож ундирилмасдан рўйхатга олинмоқда. Ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва ёшлар жамоат бирлашмалари учун белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча имтиёз ўрнатилган. Буларнинг барчаси тўловлардан озод бўлган маблағни лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишга йўналтириш имконини бермоқда.

Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ва рағбатлантириш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида халқаро экспертлар Қонунчилик асосида ташкил этилган ва фуқаролик институтларини салмоқли қўллаб-қувватлаётган бундай тизим жуда кам мамлакатларда жорий қилинганлигини қайд этади.

Сабаби, Ўзбекистон бу борада катта ютуқларга эришмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг муҳим ижтимоий-иқтисодий давлат дастурларини амалга оширишга қўшаётган ҳиссаси йил сайин ошиб бормоқда. Айнан уларнинг фаол иштирокида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурлари, 2014 – 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар 
ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури, 2013 – 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирокида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича қатор дастур ва режалар ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилмоқда.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ривожланган тизими жамиятда манфаатлар уйғунлигини қарор топтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Бу тизим давлат тузилмалари фаолиятини муайян маънода тўлдириши, уларга нисбатан маълум бир мувозанатни таъминловчи восита вазифасини бажариши керак”.

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, кишиларнинг қонуний манфаатлари ҳимояси алоҳида устувор аҳамият касб этиши шарт. Бизнинг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришдан мақсадимиз, аввало, кишиларимиз онгига демократик қадриятларни ва кўникмаларни изчиллик билан сингдириб боришдир.

Бунинг замирида ўз ҳақ-ҳуқуқларини танийдиган, ўз кучи ва қобилиятига таяниб яшайдиган, атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабатда бўладиган, шу билан бирга, ўз шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган юксак маънавиятли шахсни шакллантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар мужассамдир.

Ўзбекистон учун истиқлол йиллари аҳолимизнинг кенг қатламлари қўллаб-қувватлайдиган турли хил фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг жадал шаклланиши ва ривожланиши даври бўлди.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш кўрсаткичларида ўз аксини топмоқда. 1991 йилда мамлакатимизда атиги 95 нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритган бўлса, 2000 йилга келиб уларнинг сони 2585 тага етди. 2000-2010 йилларда эса бу кўрсаткич 5431 тани ташкил этди. Бугунги кунда мамлакатимизда 8240 нодавлат нотижорат ташкилоти рўйхатга олинган.

Мазкур тадбирлар натижасида, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замонавий халқаро тенденцияларига тўла жавоб беради. Улар миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий фаоллигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга хизмат қилаётир.

Фируз Гулямов, Адлия вазирлиги Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат  рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бош маслаҳатчиси