Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларнинг конституциявий асослари

Дата: 14.09.2015    

Ҳар бир ривожланган мамлакатнинг тараққий этишида қонунларнинг қатъий ўрнатилганлиги ҳамда тенг ҳуқуқлиликнинг таъминланганлиги муҳим ўрин эгаллайди.

Мустақилликни қўлга киритганимиздан сўнг, энг аввало мамлакатимизнинг асосий қонуни – Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси қўйилди.

1992 йил 8 декабрь санаси давлатимиз тарихининг зарварақларига муҳрланди. Чунки, айнан шу куни халқаро ҳуқуқ талабларига жавоб берадиган мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.

Айтиб ўтиш лозимки, Конституциямизда мамлакатимиз суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, қонун устуворлиги ҳамда ташқи сиёсатда, халқаро муносабатларда Ўзбекистоннинг мустақил демократик давлат сифатида иштирок этиши сингари асосий принциплар белгилаб берилди.

Давлатимизда муҳтарам юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида мустақилликка эришилгандан сўнг, эркин бозор иқтисодиёти сиёсати олиб борилди. Эркин бозор иқтисодиётида тадбиркорликнинг барча субъектлари тенг ҳуқуқлилик асосида ривожланиб боради. Содда қилиб айтганда, эркин бозор иқтисодиётининг асосини тарафлар ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар ташкил этади, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида белгиланганидек, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Ҳар бир тадбиркорлик субъекти ҳар қандай муносабатларга албатта шартномалар орқали киришадилар. Чунки, тарафлар ўртасидаги ҳар қандай муносабатларни мустаҳкамлайдиган ҳамда келгуси муносабатлар учун кафолат вазифасини бажарадиган восита бу – шартномалардир.

Илк мустақиллик йиллариданоқ тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги шартномавий муносабатларни тартибга солишнинг халқаро ҳуқуқ талабларига жавоб берадиган ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш соҳасига давлат сиёсати даражасида эътибор берилди.

Хусусан:

- 1997 йил 1 мартдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси;

- 1998 йил 29 августдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги;

- 2000 йил 25 майдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги;

- 2004 йил 26 августдаги “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг:

- 1991 йил 29 ноябрдаги “Республикада деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-295-сонли;

- 1998 йил 9 апрелдаги “Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-1987-сонли;

- 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4354-сонли Фармонлари;

- 2009 йил 15 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1112-сонли;

- 2011 йил 7 февралдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1474-сонли;

- 2011 йил 25 августдаги “Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1604-сонли Қарорлари,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг:

- 1992 йил 26 февралдаги “Республикада тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 85-сонли;

- 1995 йил 24 мартдаги “Чорвачиликда хусусийлаштиришни давом эттириш ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 96-сонли;

- 1995 йил 28 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб- қувватлаш давлат дастури тўғрисида”ги 344-сонли;

- 1996 йил 27 декабрдаги “Хусусийлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жараёнларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги 460-сонли;

- 1998 йил 27 майдаги “Кичик тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш тўғрисида”ги 232-сонли;

- 2011 йил 25 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер участкалари беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 147-сонли Қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.

Энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 
(кейинги ўринларда “Кодекс” – деб юритилади) 353-моддасида шартнома тушунчасига қуйидаги таъриф берилди, яъни икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

Шунингдек, Кодексда мустаҳкамланган яна бир асосий тамойиллардан бири – шартнома тузиш эркинлигидир. Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Кодексда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган бир қанча нормалар белгилаб берилди.

Кейинги вазифа бевосита тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги шартномавий муносабатларни тартибга солишга қаратилган махсус Қонун ишлаб чиқилиши қонуншунослар ва масъул мутахассислар олдига қўйилди. Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 
(кейинги ўринларда “Қонун” – деб юритилади) лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 1998 йил 29 августда қабул қилинди.

Ушбу Қонуннинг 3-моддасига кўра, тарафлардан бири шартлашилган муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мажбуриятини оладиган, иккинчи тараф эса товарларни, ишларни, хизматларни қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади.

Мазкур Қонун билан тадбикорлик фаолияти соҳасидаги шартномавий муносабатларнинг қуйидаги асосий принциплари белгилаб берилди:

- хўжалик шартномаларини тузишнинг эркинлиги;

- тарафларнинг ўзаро манфаатдорлиги;

- шартнома интизомига риоя этиш;

- тарафларнинг ўзаро мулкий жавобгарлиги.

Шунингдек, Қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда давлат бошқарув органларининг шартнома муносабатлари соҳасидаги ваколатлари ҳам белгиланди, яъни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

- давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шартномаларини, шунингдек контрактация шартномаларини тузиш ва бажариш ишларини мувофиқлаштириб боради;

- хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартнома муносабатларини ривожлантириш учун шароит яратиш чора-тадбирларини кўради.

Давлат бошқарув органлари эса ўз ваколатлари доирасида:

- хўжалик шартномаларини тузишда ёрдам кўрсатади;

- хўжалик шартномалари ҳамда уларни бажаришнинг аҳволи тўғрисидаги статистика маълумотларини умумлаштиради;

- қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда хўжалик шартномаларининг бажарилиш жараёнини назорат қилиб туради;

- хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматларининг ишини ташкил этишга, юридик маслаҳатчиларнинг малакасини оширишга кўмаклашади;

- хўжалик шартномасини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш жараёнида қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилганлиги факти аниқланган тақдирда, айбдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини қўяди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу Қонуннинг 23-моддасига асосан адлия органларига хўжалик юритувчи субъектларга шартнома мажбуриятларини тузиш ва бажариш чоғида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек ўз ваколатлари доирасида хўжалик шартномаларининг бажарилиш жараёнини назорат қилиш вазифалари юклатилган.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида адлия органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга шартномалар тузилишида ва бажарилишида зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар, шу жумладан фермер хўжаликлари ўртасида 420 мингдан зиёд шартномалар тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Шундан, 2011 йил ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси ҳарид қилиш бўйича 34 мингга яқин, бошоқли дон ҳарид қилиш бўйича 46 мингдан зиёд, пилла етиштириш бўйича 41 мингдан ортиқ, нефт ва минерал ўғит маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 66 мингдан зиёд, агротехник ва бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича 33 мингга яқин шартномаларни ташкил этади. Шунингдек, фермер хўжаликлари билан пиллакорлар ўртасида 15 мингдан зиёд ички меҳнат шартномалари тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида ушбу шартномаларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан тузилиши таъминланди.

Шу билан бирга, адлия органлари томонидан мунтазам равишда шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш бўйича назорат ўрнатилиб, шартнома мажбуриятларининг бажарилиши устидан мониторинг олиб борилмоқда.

Хусусан, 2 минг 90 та хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасидаги фаолиятида 725 минг 939 та шартномаларнинг тузилиши ва бажарилишида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилганда, шартномаларнинг тузилиши бўйича 75 минг 573 та, шартномаларнинг бажарилиши бўйича 32 минг 477 та камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида 1 минг 794 та тақдимнома, 9 минг 154 та огоҳнома, 1 минг 120 та кўрсатма, айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 524 та ҳамда жиноий жавобгарликка тортиш бўйича 28 та таклифлар киритилди.

Кўрилган таъсир чоралари натижасида 2 минг 5 нафар шахс интизомий, 266 нафар шахс маъмурий, 7 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилиб, 145 нафар шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ҳамда киритилган тақдимномалар асосида шартнома тарафларига 32 млрд. 255 млн. 476 минг сўм пул маблағлари тўлаб берилди.

Хўжалик судларига киритилган 62 млрд. 579 млн. 283 минг сўмлик 13 минг 510 та даъво аризаларидан 45 млрд. 716 млн. 287 минг сўмлик 12 минг 102 таси қаноатлантирилди.

Бундан ташқари, адлия органлари томонидан доимий равишда фермер хўжаликларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Жумладан, фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб 548 та огоҳнома, 931 та тақдимнома, айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича 298 та таклиф ҳамда жиноий жавобгарликка тортиш бўйича 21 та таклифлар киритилди.

Хўжалик судларига киритилган 12 млрд. 754 млн. 934 минг сўмлик 5 минг 805 та даъво аризаларидан 6 млрд. 592 млн. 410 минг сўмлик 4 минг 305 таси қаноатлантирилди.

Киритилган тақдимномалар асосида шартнома тарафлари ҳисобланган фермерларга 30 млрд. 840 млн. 484 минг сўм пул маблағлари тўлаб берилди.

Кўриб турганимиздек, адлия органлари томонидан мунтазам равишда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда зарур бўлган ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, эркин бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ташкил этиш ва улар ўртасидаги муносабатларнинг вужудга келиши фақат шартнома орқалигина амалга оширилиши мумкин, шартнома бунда ягона ҳуқуқий тартибга солувчи юридик восита бўлиб, уни ҳеч нарса билан алмаштиришнинг асло иложи йўқ. Фақат шартномагина бозор тизимида тарафларнинг тенглигини, манфаатларини таъминлашни, ихтиёрийликни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни қатъий кафолатлай олади.

Аъзамжон Сарабеков, Равшан Хамидов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходимлари