Маъмурий тартиб-таомиллар ва уларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши фуқаро ва ташкилотлар томонидан ўзларининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бевосита таъсирга эга. Маъмурий тартиб-таомиллар турлари кўплиги ва уларнинг кенг тарқалганлигини ҳисобга олган ҳолда давлат органлари билан бўлган турлича муносабатларда кўрсатиб ўтилган барча субъектлар иштирок этади.
Маъмурий тартиб-таомиллар жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатга киришаётганда амалга ошириладиган давлат функцияларининг тартиби, умумий тамойиллари ва қоидаларини тартибга солади. Шу билан бирга маъмурий тартиб-таомилларга жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларга қаратилган давлат органларининг қонунчиликда белгиланган ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш ваколатлари ҳам киради (рухсат берувчи ва бошқа ҳужжатларни бериш, уларнинг муддатларини узайтириш, қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаларни тақдим қилиш ва кўриб чиқиш, рўйхатдан ўтказиш, компенсация, кафолат ва имтиёзларни бериш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига тегишли бошқа қарорларни қабул қилиш).
Қонун ҳужжатларида “маъмурий тартиб-таомиллар” тушунчаси деярли қўлланилмаган ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мазмуни очиб берилмаган тарзда акс эттирилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд маъмурий тўсиқлар, сансалорлик ва ҳужжатбозликка барҳам бериш учун зарур бўлган институционал ва ташкилий механизмлар шакллантирилган, керакли ҳуқуқий асос яратилган. Умуман олганда, маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти қонун ҳужжатларига мос равишда ташкиллаштирилган.
Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўтказилишининг бугунги кун босқичида мавжуд бўлган муаммоли масалалардан бири бўлиб маъмурий тартиб-таомилларнинг давлат органлари томонидан амалга оширилишини тартибга солувчи ягона бир тизимлаштирилган қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.
Бунинг оқибатида рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, сертификатлаш ва бошқа шунга ўхшаш маъмурий тартиб-таомилларнинг ҳуқуқий жиҳатлари маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона тамойиллари ва талаблари акс эттирилмаган турли хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нормалари билан тартибга солинган.
Қонун ҳужжатларининг таҳлили маъмурий тартиб-таомиллар ҳуқуқий базамизда бир хилда тартибга солинмаганлигини кўрсатиб турмоқда. Бундай ҳолатни, мисол учун, давлат органи томонидан қабул қилинган қарор ҳақида манфаатдор шахсларни хабардор этиш институтининг тартибга солиш механизмида яққол кўриш мумкин. Хусусан, қонун ҳужжатларида хабардор этишнинг тартиби ва муддатлари турли соҳаларда ҳар хил этиб белгилаб қўйилган.
Маъмурий тартиб-таомиллар амалда кўпгина норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Шу билан бирга ҳуқуқий базани шакллантиришда маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона стандартлари мажуд эмаслиги уларнинг амалга оширилиш механизмларининг алоҳида-алоҳида ва турли хилда ўрнатилиб келишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги кун ривожланиш шароитларида давлатнинг нодавлат ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларини янада ривожлантиришга, бизнес ва ҳокимиятнинг ўзаро муносабатга киришиш механизмини шакллантиришга, давлат бошқаруви соҳасида маълум бир тартибни белгилашга, ҳуқуқий ва умумижтимоий доирада маълум бир натижага эришишга ёрдам беришга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш юзасидан вазифалар қўйилмоқда.
Ҳозирда маъмурий тартиб-таомилларга тааллуқли бўлган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу институтнинг алоҳида бир элементларини очиб берган ҳолда, ягона ва тизимли ёндашувга эга эмас. Улар орасидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва бошқа қонунларни қайд этиб ўтса бўлади. Қоида тариқасида, кўрсатиб ўтилган ҳар бир қонун остида кўплаб қонуности ва идораларнинг ички ҳужжатлари амалда бўлади.
Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишининг аҳамиятлилиги бир тарафдан давлат ҳокимияти органлари ва иккинчи тарафдан уларга бўйсунмаган кўп сонли субъектлар, яъни фуқаро ва ташкилотлар орасидаги ўзаро муносабатларни ҳуқуқ билан тартибга солиш зарурияти билан изоҳланади.
Мазкур муносабатлар ўзининг хусусиятига кўра қайд этиб ўтилган субъектларни жавобгарликка тортиш билан эмас, балки фуқаро ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажариш ҳамда аризачиларга нисбатан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ.
Хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш (Германия, Швейцария, Швеция, Финляндия, Австрия, Греция, Хитой, Япония, Эстония, Белоруссия, Чехия, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Латвия, Болгария) кўпчилик мамлакатларда маъмурий-тартиб таомиллар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мавжудлигини кўрсатди. Мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш ҳар хил моделларга асосланишига қарамасдан, ушбу мамлакатларда махсус қонун қабул қилинган.
Бугунги кунда илғор хорижий давлатларнинг қонунчилик тажрибасидан келиб чиқиб ҳамда миллий қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига мувофиқ, маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Адлия вазирлиги бошчилигидаги эксперт гуруҳи томонидан маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишнинг бирхиллаштирилган тартибини яратувчи “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мазкур қонун лойиҳасида маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш борасида умумий нормалар акс эттирилган. Бироқ, ушбу соҳанинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, лойиҳа муддатларни, ҳужжатларга келтириладиган талабларни белгилашда, шартларни ўрнатишда ва бошқа шу каби масалаларда танлов бериш жиҳатларига эга. Умумий тартиб барча махсус тартиблар учун керакли ҳуқуқий чегара яратиб беришга қаратилган.
Лойиҳанинг бундай шаклда ишлаб чиқилиши ҳар қандай соҳа учун мўлжалланган махсус тартибларнинг тизимини яратишга имконият яратади. Давлат функциялари амалга оширилишининг ягона андозаларининг киритилиши ўзбошимчалик, суиистеъмоллик, коррупция ва давлат хизматидаги бошқа салбий кўринишларга барҳам беришда муҳим ахамият касб этади.
Лойиҳа билан маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишнинг шаффофлигини кучайтириш назарда тутилмоқда. Кўриб чиқилаётган ишда барча манфаатдор тарафларнинг лозим даражадаги иштироки учун шарт-шароитлар янада кенгайтирилмоқда. Бунда томонларнинг иштироки ишни тўғри ҳал қилишда ҳамма манфаатдор шахсларнинг фикрини инобатга олиш имкониятини яратиши керак бўлади.
Маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда иштирок этадиган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиши режалаштирилмоқда. Бунда давлат органлари билан фуқаро ва ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни акс эттирувчи асосий тамойиллар ўрнатилмоқда.
Лойиҳада маъмурий тартиб-таомилларга тегишли бўлган ишларни кўриб чиқишнинг аниқ тартиби, иш бўйича тегишли қарорнинг қабул қилиш механизми, қарор устидан шикоят бериш ва уни ижро этиш тартиби акс эттирилган. Давлат органларининг маълумот алмашинуви бўйича ўзаро ҳамкорлиги масалалари ҳамда уларга келиб тушган маълумот, шу билан бирга давлат сирлари ва бошқа қонун билан ҳимоя қилинадиган сирлар билан ишлаш тартиби белгилаб берилмоқда.
Умуман олганда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қуйидаги муҳим омилларга олиб келади:
маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнининг стандартлашиши ва енгиллаштирилиши сабабли давлат органларининг фуқаролар ва ташкилотлар билан бўлган муносабатларининг қонунийлиги ва шаффофлигини оширади;
маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва бажарилишининг замонавий технологияларини киритиш асосида давлат хизматларининг янада сифатли кўрсатилиши учун шароитлар яратади;
маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида вужудга келаётган муносабатларнинг тартибга солинишининг тизимлилигини ва уйғунлигини таъминлайди;
маъмурий тартиб-таомиллар амалга оширилишининг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратади;
маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этади, сифатли давлат хизматларини кўрсатишга шароит яратади, давлат органлари томонидан маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва бажарилишининг аниқ тезкор механизмини таъминлайди;
коррупцияга қарши курашиш воситаси сифатида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятида шаффофликни таъминлайди.
Акбар Мусаев, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи