Қонуний никоҳ – мустаҳкам оила кафолати
Дата: 28.09.2015
Оила аҳиллиги, баркамол фарзандлар жамият мустаҳкамлиги ва маънавий етуклигининг гаровидир. Давлатнинг қудрати – соғлом фикрли, билимли, ахлоқ-одобли, халқ, миллат, Ватан тақдири учун жонни тиккан инсонлар қўлида.
Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатнинг устивор йўналишларидан бири бу - оиланинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини ошириш, уни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Шу ўринда Республикамиз Оила кодексида никоҳланувчи шахсларга қўйилган талаблар ҳақида тўхталиб ўтиш лозим деб ҳисоблайман. Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади, яъни никоҳга кириш ҳақида ариза билан никоҳланувчиларнинг иккаласидан биттаси турар жойида жойлашган ФҲДЁ (ЗАГС) бўлимига шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари, яъни паспортлари билан мурожаат қилишлари лозимги кўрсатиб ўтилган. ФҲДЁ бўлимига никоҳ тўйидан бир ой олдин мурожаат қилиш лозим, чунки қонунда бир ойлик синов муддати белгиланганки, бунда никоҳланувчилар бир-бирларини яхши ўрганиб, қатъий қарорга келишлари лозим.
Айрим фуқароларимиз диний, яъни шаръий никоҳ ўқитиш билан чекланиб қоладилар, бу никоҳ ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас, никоҳ қонуний яъни ваколатли давлат органи – ФҲДЁ бўлими томонидан қайд қилинганидан сўнг қонуний кучга эга бўлади.
Оила кодексининг 14-моддасида никоҳ тузиш ихтиёрийлиги, никоҳ тузишга мажбур қилиш таъқиқланиши баён этилган бўлиб, бу билан никоҳланувчиларнинг хоҳиш-иродалари устунлиги юртимиздаги қонунларнинг мукаммаллигидан далолат беради.
Шунингдек, кодекснинг 15-моддасида никоҳ ёши белгиланган, унга кўра эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганда, алоҳида ҳолларда никоҳланувчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими томонидн никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтирилиши мумкин.
Турмуш қуришга аҳд қилган йигит ва қизнинг ўзаро розилиги, бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббати асосида қурилган никоҳ мустаҳкам бўлади. Унинг асосида дунёга келган фарзанднинг бахти барқарордир. Фарзанд оиланинг гултожи, эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ришталарини боғловчи қимматли кўприк. Ҳаётнинг ширинлиги, қайноқлиги, аччиқ-чучуклиги ва ажойиб тасодифларга бойлиги - фарзанд билан.
Абдурауф Фитрат айтганидек, “Уйланишнинг биринчи мақсади фарзанддир...”. Ҳар бир ёш соғлом оила қуришни, соғлом фарзандлар кўришни, уларни тўрт мучали соғ ўстириб, вояга етказиш, унинг бахтини, камолини кўришни, ўз навбатида невара ва чевараларга бош бўлишни орзу қилади.
Агар оила фарзанд кўриш бахтидан маҳрум бўлса, ёки ногирон фарзанд дунёга келса-чи, бунинг олдини олиш ҳамда келажак авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб етишиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низоми тасдиқланди.
Ушбу низом 2004 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилди. Унга кўра барча никоҳланувчи шахслар ёшидан, нечанчи никоҳлигидан ва бошқа сабаблардан қатъий назар, тегишли тартибда тиббий кўрикдан ўтишлари ва соғликлари ҳақидаги тегишли маълумотномани никоҳдан ўтиш учун ариза берган ФҲДЁ бўлимига тақдим қилингандан сўнг, никоҳлари қайд қилиниши жорий этилди. Вазирлар маҳкамасининг 2007 йилнинг 17 апрелидаги 78-сонли қарорига асосан фақатгина 50 ёшдан ошган никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ихтиёрий ўтадиган бўлдилар.
Қоровулбозор туман ФҲДЁ бўлимида жорий йилнинг ўтган 9 ойида 100 дан ортиқ никоҳ қайд қилинган бўлса, жаъми никоҳланувчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган.
Ўтган давр мобайнида бўлим ҳузурида ташкил қилинган ”Оила дорилфунуни” нинг 16 та ўқув машғулотлари ўтказилиб, унга 140 нафар тингловчилар жалб қилинди.
Ёшларни оилага тайёрлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оила қонунчилигини тарғиб қилиш борасида аҳоли ўртасида, ўқув юртларида кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинмоқда.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, кейинги вақтларда барча эътибор ёшларимиз ҳаётига, соғлигига қаратилмоқда, чунки келажагимиз ёшлар қўлида. Агар улар ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлсаларгина, юртимиз келажаги янада порлоқ, халқимиз ҳаёти тинч ва осуда, турмушимиз фаровон бўлишига шак-шубҳа бўлмайди. Ёшларимиз соғлиги, наслимизнинг соғлиги учун ҳаммамиз бирдек масъул эканлигимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Д.Зиядуллаева, Қоровулбозор туман ФҲДЁ бўлими мудираси